Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

26.09.2023, 09:51

Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Ёшлар – халқимизнинг асосий таянчи ва суянчи. Шу сабабли мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, билим ва қобилиятини рўёбга чиқариши, ўз безнесини бошлаши  учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Мамлакатимизда бу борада яхлит тизим яратилиб, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашилмоқда ва шу орқали уларнинг бандлиги таъминланяпти.

Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорларига асосан ёшларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун ажратиб берилаётган имтиёзли кредитларнинг аҳамияти юқори. Бу орқали йигит-қизларимиз ҳам ўзини, ҳам тенгқурларини иш билан таъминламоқда.

2023 йил ўтган 9 ой давомида 121 минг 547 нафар ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 2 трлн 438 млрд сўм имтиёзли кредитлар ажратиб берилди. Тадбиркорликка қизиқувчи ёшларни инновацион, стартап ва бизнес лойиҳаларини молиялаштириш тизими яратилди. Ушбу йўналиш бўйича ўқув дастурлари тайёрланиб, бугунги кунга қадар 91 нафар ёшларнинг 44,3 млрд сўм қийматдаги истиқболли лойиҳалари молиялаштирилди.

Ўтган давр мобайнида 95 минг нафар ёшлар доимий иш ўринларига жойлаштирилди. Уларга замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни ўргатишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янгича тартиби – “Келажак касблари” лойиҳаси жорий этилди.

Шунингдек, “Ишга марҳамат” мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари орқали 43 минг 554 нафар ёшлар касб-ҳунарларга ўқитилди. Бу борада йигит-қизлар бандлигини таъминлаш борасида таълим муассасалари ўқувчи-талабаларини касб-ҳунарга йўналтириш, уларга келажакда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни ўргатишга қаратилган “SkillsCamp” лойиҳаси ҳам ўз самарасини бераётир.

Мазкур лойиҳа доирасида минг нафар IT, киберхавфсизлик, сунъий интеллект, медиа, пиар, СММ, туризм, брендинг, хорижий тиллар, бизнес, стартап, таълим, педагогика, халқаро ҳуқуқ ва муносабатлар, молия, иқтисод, архитектура ва ландшафт соҳаларига қизиққан ёшлар қамраб олинди.

Шу билан бирга, ёшларни касб-ҳунар ўрганишга қизиқтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 2023 йилдан бошлаб “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида илк маротаба тикувчилик, сартарошлик, ошпазлик, қандолатчилик ва ҳунармандчилик йўналишларида — 4 босқичда “Касблар танлови” ташкил этилиб, унда иштирок этган 4 минг 160 нафар ёшларни рағбатлантириш учун жами 9 млрд. 160 млн. сўм миқдорида маблағлар ажратилди.

Бундан ташқари, жойларда ишсиз ёшларнинг даромад манбаини яратиш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида захирага қайтарилган ер майдонларини деҳқон хўжалиги ташкил этган ҳолда сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш каби лойиҳаларни амалга ошириш учун фуқароларга 0,10 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамларда очиқ электрон танлов орқали 30 йилга ижарага бериш тизими жорий этилди.

Биргина жорий йилнинг 9 ойида бу тизим орқали 79 минг 594 нафар ёшларга 29 минг 534 гектар ер майдонлари очиқ электрон танлов орқали 30 йилга ижарага берилди. Шунингдек, норасмий секторда банд бўлган 501 минг нафар ёшларни ижтимоий, саноат, қишлоқ хўжалиги, ахборот коммуникация, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзини-ўзи банд қилишга эришилди.

Умуман олганда, мамлакатимизда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлардан пировард мақсад — ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш тадбиркорларга фаолиятини кенгайтириши, эмин-эркин ишлари учун зарур шароитлар яратиш орқали янги-янги иш ўринлари яратиб, уларнинг бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этишдир.

Сардор  ҒИЁСОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    361
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+