Энди маҳалла бошқарувига солиқчи ва ижтимоий хизмат ходими ҳам қўшилиб, “маҳалла еттилиги” бўлади

27.09.2023, 09:56

Энди маҳалла бошқарувига солиқчи ва ижтимоий хизмат ходими ҳам қўшилиб, “маҳалла еттилиги” бўлади

Мамлакатимизда барча ижтимоий-иқтисодий дастурлар аҳоли талабидан келиб чиқиб, жойларда амалга оширилмоқда. Бунинг учун маҳаллаларга кўплаб ваколатлар, ташкилий ва молиявий имкониятлар берилди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат “бешлик тизими” ташкил этилди.

Лекин уларнинг ўзаро мувофиқ ишлашида камчиликлар, жуда кўп такрорланишлар бор. Ижтимоий мақсаддаги маблағлар баъзан самарасиз йўналтирилаяпти. Эҳтиёжманд аҳолининг масаласини ҳал қилиш вилоят ва республика идорасига боғланиб қолган. Маҳалла ходимлари фаолиятини баҳолаш мезони йўқ. Уларнинг кўп вақти “қоғоз тўлдириш” ва мажлисларга кетаяпти.

Шу йилнинг 26 сентябрь куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишда шу каби камчиликлар таҳлил қилиниб, тизимни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича янги ёндашувлар белгилаб берилди.

Унга кўра, энди маҳалла бошқарувига солиқчи ва ижтимоий хизмат ходими ҳам қўшилиб, “маҳалла еттилиги” бўлади.

Эҳтиёжманд аҳолини рўйхатга киритиш, моддий ёрдам, субсидия ва кредит ажратиш каби 70 дан ортиқ масалалар, туман ва вилоят идораларига чиқмасдан, маҳалланинг ўзида жамоавий ҳал қилинади. Шунингдек, Бандлик, Тадбиркорлик ва Касаначилик жамғармалари маблағлари ҳар бир маҳаллага тақсимлаб берилади.

"Маҳалла еттилиги” ишини мувофиқлаштиришда маҳалла раисларининг ваколатлари кенгайтирилади. Жумладан, улар ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий ходимни рағбатлантириш ёки интизомий жазо қўллаш бўйича тақдимнома киритиш ваколатига эга бўлади.

Шулардан келиб чиқиб, мутасаддиларга “маҳалла еттилиги”нинг вазифаларини аниқ белгилаш ва фаолиятини тўғри йўналтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Ижтимоий лойиҳаларга илмий ва нодавлат ташкилотларни ҳам жалб қилиш муҳимлиги айтилди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур топшириқлари ижросини таъминлашда биз депутатлар ҳам фаоллик кўрсатамиз, янги ташкил қилинган маҳалла тизимида аҳоли, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар билан ишлашда маҳалла раислари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўямиз.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    379
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+