Аёллар манфаатлари БМТ саммити муҳокамасида

28.09.2023, 11:58

Аёллар манфаатлари БМТ саммити муҳокамасида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги умуминсоний мунозаралар минбаридан туриб сўзлаган нутқи, айниқса ундаги делегацияларнинг раҳбарларига қарата билдирган ўринли фикр-мулоҳазалари орасида хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувида фаол иштирок этиши бугунги куннинг долзарб масаласига айланганлиги кўпчиликнинг диққатини ўзига тортди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу нутқида Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш мақсадида тизимли ишлар олиб борилаётганлиги, масалан, 2022 йилда олий таълим муассасаларига қабул қилинган талабаларнинг 49 фоизини қизлар ташкил этгани, аёлларнинг давлат бошқарувидаги улуши мамлакат тарихида биринчи марта 35 фоизга етгани, аёллар ва вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида алоҳида Қонун қабул қилинганлиги тилга олинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Нутқдаги ва яна бир муҳим жиҳат: Ўзбекистон “БМТ - хотин-қизлар тузилмаси” билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор бўлиб, Президентимиз ўз чиқишида биргаликдаги ташаббус сифатида аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун 2024 йилда Ўзбекистонда “Осиё хотин-қизлари форуми”ни ўтказишнинг таклиф этилганлигини ҳам юртимизнинг барча аёллари қатори Бухоро вилояти тадбиркор хотин-қизлари ҳам мамнуният билан кутиб олдилар.

Дарҳақиқат, аёл қайси соҳада ёки тармоқда фаолият олиб бормасин, унга кўрсатилаётган эътибор, эътироф ва рағбат ҳеч муболағасиз ўз кутилган самарасини ва ҳосиласини бериши аниқ. Айниқса, Ўзбекистондек Марказий Осиёда ўз нуфузи ва обрў-эътиборига эга бўлган мустақил давлат раҳбари томонидан дунёдаги энг юксак минбардан туриб айтилган сўзлар замирида инсонга фақат бир марта бериладиган ҳаёт деган бебаҳо неъматнинг азалий давомчилари ҳисобланган она, аёл деган буюк зотнинг, том маънодаги нозик хилқат эгаларининг улар қайси юртда ёки маконда умргузаронлик қилишиларидан қатъий назар, аёлларнинг ҳуқуқ-манфаатлари муҳофазаси халқаро миқёсдаги глобал аҳамиятга эга эканлигини давлатимиз раҳбари яна бир марта ва қатъий тарзда таъкидлаб ўтди. Бу борадаги инсонпарвар ташаббусларнинг эса дунёдаги барча хайрихох давлатлар раҳбарлари томонидан илиқ кутиб олинрганлиги саммит давомида яққол кўзга ташланди.

Бир сўз билан айтганда Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясидаги нутқини ўқиб-ўрганар эканмиз, нафақат бугун ёки эртани, балки олис келажакни ҳам, дунёдаги барча халқлар тақдирини ҳам теран англаб етаётган ва чуқур ҳис этаётган юртбошимиз бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг инсон манфаатларини кўзлаган пировард натижасига ўз ҳиссамиз қўшилиши зарурлигини такрор ва такрор англаб етамиз.  

Дилбар Аҳмедова,

Ўзбекистон “Тадбиркор аёл” Халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси

Бухоро вилоят бўлими раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    315
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+