Ўзбекистон – Қатар ҳамкорлиги сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқилади

04.10.2023, 16:53

Ўзбекистон – Қатар ҳамкорлиги сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқилади

Бугун Ўзбекистонда бўлаётган катта ислоҳотлар кўплаб ривожланган мамлакатлар ва давлат арбоблари, экспертлар ҳамда кенг доирадаги халқаро жамоатчилик вакилларининг диққат эътиборини тортмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг таклифига биноан ушбу мамлакатга амалга оширган ташрифида кўплаб ҳамкорлик битими имзоланганлигида ҳам кўриш мумкин.

2 октябрь куни Доҳадаги “Амири Девон” мажмуасида Президентиимиз Шавкат Мирзиёев ва Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Икки давлат раҳбарлари сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалаларини кўриб чиқишди.

Қатар Амири жорий йил июнь ойида Самарқандга амалга оширган тарихий ташриф мамлакатларимиз муносабатларида янги босқични бошлагани таъкидланди. Ўзбекистон билан Қатар ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори, стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга қатъий интилиш билдирилди.

Турли даражаларда мулоқотлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми ошмоқда, икки мамлакат пойтахтлари ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилди. Қатарнинг йирик компаниялари билан қўшма лойиҳалар бошланди. Ташриф арафасида Доҳада Ўзбекистон элчихонаси очилди, унинг фаолияти самарали шерикликни фаол ривожлантиришга кучли суръат бағишлайди.

Қатарда муваффақиятли амалга оширилаётган ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг бўлган “Нигоҳ 2030” давлат дастурига юқори баҳо берилди.

Томонлар савдо кўрсаткичларини каррасига ошириш, анъанавий ва “яшил” энергетика, нефть-кимё, металларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш, туризм, молия ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлигини билдирди. Ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш учун 2024 йил январь ойида Доҳада қўшма Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишлари ва бизнес форумини ўтказиш таклиф қилинди.

Маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозимлиги қайд этилди. Ўзбекистон Қатарнинг илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, биотехнологиялар ва сунъий интеллект, “яшил” энергетика борасида қўшма тадқиқотлар ўтказишдан манфаатдор экани таъкидланди. Доҳада Ўзбекистон маданияти ва туризм ҳафталигини ўтказишга келишиб олинди.

Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди. Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалий илгари суриш масалаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.

Томонлар Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирдилар.

Музокаралардан сўнг икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди.

Умуман олганда давлатимиз раҳбарининг ушбу давлатга ташрифи икки томонлама алоқаларнинг сифат жиҳатидан янги даврини бошлаб беради.

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    274
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+