Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Жиззахлик тадбиркор Қашқадарёдан 60 тонна чигитини олиб чиқишда тақиққа учраганлиги борасидаги вазият юзасидан МУНОСАБАТИ

13.10.2023, 19:41

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Жиззахлик тадбиркор Қашқадарёдан 60 тонна чигитини олиб чиқишда тақиққа учраганлиги борасидаги вазият юзасидан МУНОСАБАТИ

Ижтимоий тармоқларда Жиззахлик тадбиркор Қашқадарёдан Жиззахга ўзига тегишли бўлган 60 тонна чигитни олиб чиқишда тақиққа учраганлиги борасидаги хабарлар тарқалди. Тадбиркорнинг маълум қилишича, чигит юкланган юк машинаси вилоят ҳокимлигининг оғзаки буйруғи билан 5 кундан бери «Умакай» ЙПХ масканида ушлаб турилибди.
Ушбу ҳодиса партиямиз фаоллари ва депутатларимиз томонидан қўшимча равишда ўрганилмоқда.
Айни пайтда масаланинг долзарблигидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мазкур вазиятга ўз расмий муносабатини билдиришни лозим деб билади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 67-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши аниқ белгилаб қўйилган.
Шундай экан, Конституция ва қонунларга асосланмасдан на ички ишлар ходимларининг, на ҳокимият вакилларининг товарларнинг эркин ҳаракатланишини чеклашга ҳеч қандай ваколати йўқ.
Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари томонидан Ички ишлар вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимиятига тегишли депутатлик сўровлари юборилди.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    505
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+