Асосий мақсад – ҳаётий натижадорликка эришиш

19.10.2023, 10:15

Асосий мақсад – ҳаётий натижадорликка эришиш

Ҳар қандай сиёсий партия давр билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўзига хос, ҳаётий талабларига муносиб жавоб бера олсагина, сиёсий куч сифатида яшай олиши мумкин. Зеро, сиёсий партиялар жамиятни тараққиётга етакловчи, одамларнинг фаровон яшаши учун дадил ғоя ва ташаббусларни тақдим этувчи катта кучдир аслида.

Масалан, партиялар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари орқали ўз ғоя, мақсадларини илгари суради, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганади, уларнинг ечими бўйича таклифлар беради, таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини олиб боради.

Кейинги йилларда партиялар ва уларнинг парламентдаги фракцияларининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва роли кескин ошиб бормоқда. Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритишда фракция аъзоларининг ташаббускорлиги яққол сезилмоқда.

Шу маънода O‘zLiDePнинг парламентдаги фракцияси ҳам ўз электорати, айниқса, тадбиркорлар, фермерлар, ёшлар, хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлашга кўмаклашмоқда. Ўз дастурий мақсадларини парламентга фаол олиб чиқиб, фракция орқали қонунчилик ташаббусларини илгари сурмоқда.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳисобот давридаги фаолиятини дастурий мақсадларни рўёбга чиқаришга, йил бошида белгилаб олинган вазифаларни амалга оширишга қаратди. Таъкидлаш керакки, O‘zLiDeP мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг илк ташаббускори бўлди. Шунинг учун фракциямиз аъзолари янгиланаётган Бош қомусимиз муҳокамасига бағишланган тарғибот тадбирларида фаол қатнашди. Шубҳасиз, жорий йилда ўтказилган умумхалқ референдумида овоз бериш орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинганлиги Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди.

Вакилларимиз давлатимиз раҳбари ташаббуси билан муддатидан олдин янгиланган Асосий қонунга мувофиқ ўтказилган Президент сайловида фаоллик кўрсатишди. Мазкур сайлов жамиятимизнинг сиёсий етуклиги, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқимиз тўлиқ қўллаб-қувватлаганини яна бир бор исботлади.

Ҳисобот даврида Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги, парламент назоратини амалга ошириш, депутатларнинг сайлов округларидаги ишлари намунали ташкил этилгани боис O‘zLiDeP фракцияси аъзолари фаолияти самарали бўлишига замин яратганини алоҳида қайд этамиз. Парламент қуйи палатаси фаолиятидаги янги амалиётлар, тартиб-таомилларни, айниқса, маҳаллий кенгашлар ва фракциянинг партия гуруҳлари билан биргаликдаги муҳокамалар қилиб бориш амалиёти жорий этилганини қўллаб-қувватлайди.

Бундай самарали ҳамкорлик депутатларимиз фаолиятига янгича мазмун-моҳият бағишлаяпти, жойларда аниқланган тизимли муаммоларнинг қонуний ечимларини биргаликда излашга ва халқчил қонунлар қабул қилишга кўмак беряпти.

Ўтган тўққиз ойлик муддат ичида депутатларимиз қонун ижодкорлиги, парламент назоратини амалга ошириш, мурожаатлар билан ишлаш, халқаро парламентлараро алоқаларни ривожлантириш йўналишларидаги ишларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратди. Партиямиз электорати манфаатларини ифодаловчи қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва муҳокамалардан ўтказиш борасида вакилларимиз ҳамжиҳатликда фаол иш олиб боришди. Тадбиркорлар, ишбилармонлар, фермерлар ва хусусий мулк эгаларининг эркинлиги, ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантириш ва рақобат муҳитини кенгайтиришга эътибор қаратилган қонунчилик ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, тадбиркорларга қулайлик яратишни назарда тутувчи Солиқ кодексига ўзгартиришларни, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, тўловга қобилиятсизлик соҳасини такомиллаштириш, ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш соҳасига хусусий секторни жалб қилиш каби муҳим қонун лойиҳаларини такомилига етказишда фракциямиз вакиллари фаол иштирок этди.

Улар томонидан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”- ги қонун лойиҳаси фуқаролар эркинлиги ва хоҳишини рўёбга чиқаради.

Ўтган қисқа муддатда фракциядошларимиз томонидан яна бир қатор қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди. Мазкур ҳужжатларда партиямиз дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, тадбиркорлар, фермерлар ва деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, сайловчилар таклифлари, талаб ва истакларини инобатга олишга устувор аҳамият қаратилди.

Шунингдек, партиявий мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, ҳудудларда давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлардан, сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва бошқа шу каби муҳим масалаларга жиддий эътибор берилди. Фракциямиз ўзининг назорат-таҳлил фаолиятини ташкил этишда, биринчи навбатда, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” давлат дастурида белгиланган халқчил мақсадларнинг бажарилиши устидан таъсирчан парламент назоратини олиб боришга алоҳида аҳамият берди.

Тўққиз ой мобайнида фракциямиз ташаббуси асосида қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси, шунингдек, ҳудудлардаги ўрганишлар давомида аниқланган тизимли камчилик ҳамда муаммоларни ҳал этишга қаратилган битта “ҳукумат соати” ва битта “парламент эшитуви” ўтказилди. Тегишли вазирликка битта парламент сўрови юборилди. Жойлардаги назорат-таҳлил тадбирлари, сайлов округларидаги ўрганишлар давомида аниқланган долзарб масалалар юзасидан вазирлик ва идораларга 35 та депутатлик сўрови юборилди.

Ҳозирги кунда фракция аъзоларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳам тубдан ўзгарди. Ҳисобот даврида депутатларимиз нафақат фуқаролар томонидан билдирилаётган муаммо ва камчиликларни ўрганди, балки ижтимоий ҳаётнинг муҳим жабҳаларида ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга халқнинг фикри ҳамда аҳоли манфаатларини инобатга олган ҳолда алоҳида эътибор қаратди.

Ўтган вақт ичида депутатларимизнинг сайлов округларидаги фаолияти бутунлай янгича кўринишда ташкил этилди. Хусусан, жорий йилнинг 7–17 июнь кунлари сайловчилар билан ўтказилган учрашувлар давомида ҳудудларда давлат бюджети ҳисобидан тураржойлар, ижтимоий соҳа объектлари ва йўлларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ишларининг сифати, ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ўрганилди.

Бу парламент аъзолари учун, бир томондан, шарафли вазифа бўлса, иккинчи томондан, улкан масъулиятдир. Булар орқали бюджет ортиқча сарф-харажатлар ва юкламалардан халос бўлади, коррупция, таъмагирлик, таниш-билишчилик каби иллатларга ўрин қолмайди. Депутатларнинг бевосита ўз сайловчилари билан амалий мулоқотлари, шубҳасиз, халқнинг парламентга ва юртимизда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларга ишончини оширади.

Умуман олганда, ҳисобот даврида фракциямиз томонидан қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти, сайловчилар билан мулоқот қилиш бўйича катта ишлар қилинди. Шу билан бирга, алоҳида эътибор қаратишимиз лозим бўлган масалалар ҳам етарли. Яқиндагина фракциямизнинг 9 ой якунлари муҳокамасига бағишланган мажлисида мавжуд камчиликларимизни танқидий таҳлил этиб, ишларимизнинг натижадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдик.

Аввало, сайловчиларни қизиқтирган долзарб масалалар юзасидан тизимли муаммолар, қонун ва қонуности ҳужжатларнинг ижро этилиш ҳолати бўйича тегишли мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари, давлат дастури ҳамда давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағларидан фойдаланиш ҳолати юзасидан фракциямиз мажлисларида танқидий муҳокамалар ташкил этиб борилади.

Ютуқлар билан бирга, фаолиятимизда айрим камчиликлар ҳам борки, бундан кўз юмиб бўлмайди.

Биринчидан, парламент назорати институтидан фойдаланиш борасидаги ишларимизни жонлантиришимиз зарур. Бу эса, ўз навбатида, Ҳукумат билан самарали ҳамкорликни таъминлашга, жойларда мансабдор шахсларнинг фаолияти самарадорлигини янада оширишга, пировардида фуқароларнинг давлат органлари фаолиятидан розилигини таъминлашга, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

Иккинчидан, фракциямизнинг партия билан ўзаро алоқалари мутлақо янгича кўринишда йўлга қўйилади. Жойлардаги муаммо ва камчиликларни ҳал этишда натижадорликка эришиш, шу жумладан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва аёллар муаммоларига ечим топишга қаратилган жамоатчилик назоратининг самарали шакллари йўлга қўйилади.

Шу кунларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик, энергетика тизимининг барқарорлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, тадбиркорлар эркинлиги кафолатлари каби йўналишларда жойларга чиқиб, жамоатчилик назоратини амалга ошириш ишларига киришилган. Бу борада ОАВ билан ҳамкорлик, фаолиятимиздаги очиқлик ишларига эътибор кучайтирилади.

Учинчидан, фракциямиз олдида турган асосий вазифалардан бири – бу қонун ташаббускорлиги йўналиши саналади. Лекин ҳисобот даврида қонун ижодкорлиги жараёнида фаолиятимизда айрим камчиликлар кузатилди. Шу боисдан мазкур йўналишга алоҳида аҳамият қаратилади.

Тўртинчидан, сайловчилар билан самарали мулоқотларни кўпайтириш зарурати борлигини яхши англаб турибмиз. Бу борада аниқ режалар ишлаб чиқилди, хусусан, жойларда тадбиркор ва фермерлар фаолиятида айрим муаммолар учраб турибдики, ушбу масалаларга жиддий эътибор қаратишимиз зарур, деб ўйлайман.

Фракция келгусида ўз фаолиятини партия дастуридан келиб чиққан ҳолда, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда, бу борада қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва такомилига етказишда ҳукумат идоралари билан фаол ҳамкорлик қилишга, парламент назоратининг барча шаклларидан самарали фойдаланишга эътибор қаратади. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор ва партия электорати томонидан кўтарилаётган долзарб муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, сайловчиларни ўйлантираётган, жойларда долзарб бўлиб турган масалалар юзасидан мансабдор шахсларнинг ахборотини эшитиш, уларга парламент сўровларини юбориш бўйича ташаббускорликни янада кучайтиради. Фракциямиз аъзолари қабул қилинаётган ҳаётбахш қонунларнинг мазмун-моҳиятини содда ва тушунарли тарзда аҳолига етказишда ҳам фаол бўлишади.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор ва партия электорати томонидан кўтарилаётган долзарб муаммоларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, фаолиятимизни янгича руҳда ташкил этиб, демократик ислоҳотлар жараёнида янада фаол ва ташаббускор бўлишимиз лозим.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    242
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+