Халқдан куч, руҳ ва илҳом олдик

17.11.2023, 11:19

Халқдан куч, руҳ ва илҳом олдик

Эсимда, мустақиллигимизнинг дастлабки ўн икки йили ортда қолиб, фермерлик ҳаракати авж ола бошлаган паллалар эди ўшанда. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясини тузиш ғоясини илгари сурган ташаббускор гуруҳ аъзолари халқимизнинг келажаги тадбиркор ва ишбилармонлар қатламини шакллантириш, қишлоқ хўжалигида катта кучга айланиб бораётган фермерликни ривожлантириш эканини яхши англаб етишган эди.

Ташаббускор гуруҳ илгари сурган ғоялар қишлоқ хўжалигида суяги қотган кўплаб юртдошларимиз қатори мени ҳам бефарқ қолдирмади. Аксинча, анча йиллардан бери тўплаган тажрибамни баҳам кўрмоққа, ушбу ҳаракатни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоққа ундади. Чунки ўша ташаббуслар келажакда малакатимиз тараққиётини белгилаб беришига ишонар эдим. Ўтган йиллар давомида бу ҳаракатлар ўз исботини топди. Партия илгари сурган ғоялар кенг жамоатчилик эътирофига сабаб бўлди.

Гоҳо ўтган даврга назар солар эканмиз, баъзи бир воқеа-ҳодисалар умр мазмунини белгилаб берганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Ўйлаб кўрсам, кейинги 20 йиллик ҳаётим, фермер сифатида, шу юрт фуқароси сифатида қилган саъй-ҳаракатларим бевосита партиявий фаолиятим билан узвий боғлиқ кечибди.

Баландпарвоз шиорларга асосланган ғояларни халқимиз ҳеч қачон қўллаб-қувватламаган ва қўллаб-қувватламайди ҳам. Халқнинг ишончини қозонишни истаган сиёсий куч, авваламбор, кўпчиликнинг қалбидан ўрин олган, унга дилдан яқин бўлган ғояни кўтариб чиқиши керак. Аҳолини узоқ келажакдаги эмас, балки шу бугунги ҳаётини яхшилаш, эртанги кунига ишонч билан яшашига қаратилган дастурларни илгари суриш лозим бўлади.

Шу маънода сўнгги йилларда Президентимизнинг инсон қадри ҳақидаги эзгу ташаббуслари юртдошларимизни тўлқинлантириб юборди. Одамлар шу юртда азиз ва мукаррам эканлиги, Янги Ўзбекис­тонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, авваламбор, ўзлари ва уларнинг фарзандлари учун муносиб турмуш шароити яратиб бериш, орзу-истакларини амалга оширишга йўналтирилганига ишонишди.

Айни пайтда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларни ҳаётга кенг татбиқ этишга киришдик. Янада кенгроқ халқ орасига кириб боришимиз, юртимизда кечаётган жараёнларга ўзимизни дахлдор ҳис қилиб яшашимиз лозим. Шундагина халқ эътирофига, раҳматига сазовор бўламиз.

Анорбой ЭШМАТОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ депутатлари

Жиззах вилоят кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    143
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+