Қашқадарёда депутатлар оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишларни ўрганмоқда

12.12.2023, 11:44

Қашқадарёда депутатлар оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишларни ўрганмоқда

Президентимизнинг жорий йил 31 январдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қашқадарё вилоятининг қишлоқ ва маҳаллаларида кичик бизнес ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, ёшлар ва хотин-қизлар даромадли иш билан банд қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Молиявий кўмак беришда деҳқон хўжаликлари ва кичик бизнес субъектларига қишлоқ хўжалиги ер участкаларини узоқ муддатли ижарага бериш,  хизмат кўрсатиш ва ҳунармандчиликни кенгайтириш, аҳоли ва уй хўжаликлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган тадбиркорларнинг лойиҳаларига алоҳида  эътибор қаратилаяпти.  Кўпгина кичик бизнес субъектлари олган маблағларини  ўз вақтида қайтарганликлари боис имтиёзли кредитдан қайта фойдаланиш бахтига муяссар бўлишмоқда. Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз аъзолари томонидан воҳада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар ўрганилиб, таҳлил этиб борилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 4 апрелдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратишни такомиллаштириш ҳамда аҳолининг доимий даромад манбаларини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш учун микрокредитлар миқдори 3 млн сўмгача оширилди. Ушбу микрокредитлар Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали ажратилиши  бу борада шаффофликни таъминлаш, самарадор лойиҳаларнинг амалиётга татбиғи борасида муҳим қадам бўлди.

Сўнгги олти йил мобайнида вилоятимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 148,0 мингдан зиёд аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 3 трлн 565,8 млрд сўм имтиёзли кредитлар ажратилган.  Биргина жорий йилда воҳада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 1,0 трлн сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши режалаштирилган бўлиб,   ўтган давр мобайнида 36 692 нафар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 812,5 млрд. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари берилди.  Ушбу молиявий кўмакнинг 36601 таси жисмоний, 91 таси юридик шахслар ҳиссасига тўғри келади. Қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган 16 541 нафар ташаббускорларга 431,3 млрд. сўм ажратилди. Шундан 1 296 нафар аҳолига ихчам иссиқхоналар ташкил этиш учун 36,6 млрд.сўм, чорвачилик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган 4 986 нафар аҳолига 152,5 млрд.сўм, боғ ташкил этиш ниятида бўлган  8 538 нафар фуқарога 198,7 млрд.сўм, парранда боқиш ниятида бўлган 848 нафар аҳолига 17,9 млрд.сўм, асаларичилик, балиқчилик, қуёнчилик шуғулланмоқчи бўлган 878 нафар ёш тадбиркорларга 25,6 млрд.сўм ажратилди. Ҳунармандчиликни ривожлантиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратилаётганлиги боис бандлик ва фаровонлик ортяпти. Воҳадаги 7 542 нафар оилавий тадбиркорлар 102,2 млрд.сўм маблағ эвазига ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, хусусан ҳунармандчилик ва тикувчилик фаолиятини бошлаш ва кенгайтириш учун асбоб-ускуналар харид қилди. 

 Аҳолига қулай бўлган хизмат турларини ташкил этиш ҳамда бошқа мақсадлар учун 12 609 нафар аҳолига 279,0 млрд.сўм имтиёзли кредит маблағлари тижорат банклари томонидан молиялаштириб берилди. Кредит ажратишда аввало хотин-қизлар ва ёшларни бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.  20 692 нафар хотин-қизлар ва 13 291 нафар ёшлар  жами 682,0 млрд.сўм кредит маблағлари олишиб, оилавий тадбиркорликларини йўлга қўйдилар ҳамда  минглаб аёллар ва ёшлар учун янги иш ўринлари яратишди. 

  Кредитлар ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномаси асосида ажратила бошлагач, улардан фойдаланиш самарадорлиги кескин ортди. Аҳолининг ташаббускор тадбиркорлик ғояларини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида тижорат банклари томонидан олиб борилаётган тизимли чора-тадбирларни изчил давом эттириш мақсадида йил охирига қадар яна 90 млрд. сўм ресурс маблағлари ажратиб берилади.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратиш механизмини соддалаштириш, аҳолини тадбиркорликка йўналтириш асносида бандлигини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш, янги-янги лойиҳаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Депутатлик гуруҳимиз аъзолари томонидан туман ва шаҳарларда  оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар синчиклаб ўрганилгач, навбатдаги йиғилишимизда мазкур масала юзасидан вилоят ҳокимнинг биринчи ўринбосарининг ҳисоботи эшитилади. Шунингдек, депутатлар томонидан ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, оилавий тадбиркорларни  кичик бизнес субъектларидан йирик корхоналар даражасига кўтарилишини қўллаб-қувватлаш, бандлик ва фаровонликни ошириш мақсадида илғор хорижий тажрибалар асосида келгусида бу соҳани янада такомиллаштириш борасида  янги ва мукаммал таклифлар ишлаб чиқилиб, халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясига масала киритиш режалаштирилган. 

Арзиқул ШЕРОВ,

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят

 кенгаши раисининг биринчи

ўринбосари, аппарат раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    260
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+