Қашқадарёда оилавий тадбиркорлар фаолияти ўрганилмоқда

13.12.2023, 16:59

Қашқадарёда оилавий тадбиркорлар фаолияти ўрганилмоқда

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан Президентимизнинг жорий йил  31 январидаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори  ижросини таъминлаш мақсадида Косон туманида кичик бизнес ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, ёшлар ва хотин-қизлар даромадли иш билан банд қилиш борасида ишлар ўрганилмоқда. 

Ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги Янгиобод маҳалласида жойлашган “НЕW МЕГA ГОЛД БИЗНЕС” масъулияти чекланган жамияти аъзолари билан мулоқот қилишди. Мазкур жамиятда 15 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган бўлиб, ўттизга яқин турдаги мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Тадбиркор маҳалла аҳолисининг барча буюртмаларини бажариб, уларни туман марказига бориб, қимматли вақти ва маблағини йўқотишга чек қўйди.

Оилавий тадбиркорлар Одил Нарзуллаев ҳамда Салима Жуманазароваларнинг қандолатчилик  фаолияти ҳам ишчи гуруҳ аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда пазанда қизлар турли торт ва пишириқлар,  новвот, парварда  каби ўнлаб ширинликларни ишлаб чиқаришиб, туман бозорлари ва дўконларига жўнатишаяпти. Янгиободлик оилавий тадбиркорлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Жорий йилда маҳаллада 35 та кичик бизнес ва тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 345 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган. 8 та лойиҳа янгидан шакллантирилган, 292 нафар фуқаро ўзини-ўзи банд қилган. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури орқали 49 нафар фуқарога имтиёзли 1 млрд. 70 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилган. “20 мингта тадбиркор 500 минг малакали ишчи” дастури асосида 6 та тадбиркорлик субъектига сертификат шакллантирилган.

- Косонда азалдан тадбиркорлик билан шуғулланиб, яхшигина даромад топиб келаётган минглаб оилалар бор, - дейди  вилоят кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Иброҳим Халилов. – Кейинги йилларда уларнинг сони кескин ортганлиги гувоҳи бўлаяпмиз. Туман аҳолиси бандлиги ва фаровонлиги ошириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида ўтган 11 ой мобайнида 3862 нафар фуқарога 74,8 млрд сўм кредит маблағлари ажратилган.  Молиявий кўмак олган фуқаролар ўз оилаларида чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, иссиқхона хўжалиги, тикувчилик, ҳунармандчилик билан шуғулланиб, рўзғорларига барака киритишаяпти. 330 нафар хонадон эгалари 7.4 млн сўмлик кредит эвазига  артезиан қудуқлари қаздиришиб, томорқа хўжалигини йўлга қўйишиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришаяпти. 

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари Арзиқул Шеров, вилоят кенгаши депутатлари Иброҳим Халилов, Нилуфар Ўтагановалар тумандаги маҳаллаларда  бўлишиб, иссиқхонада цитрус мевалар, сабзавот маҳсулотлари етиштириш, паррандачилик, ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали маҳалладошлари бандлигини таъминлаб келаётган ишбилармонларнинг фаолияти билан танишдилар. Уларни қийнаётган муаммолар ўрганилиб, зудлик билан бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга сўровлар юбориладиган бўлди. Ишчи гуруҳи томонидан оилавий тадбиркорлик фаолиятини ўрганиш давом этмоқда.

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    248
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+