Давлат дастурининг 67-мақсади Ҳазораспда қандай бажариляпти?

23.11.2023, 18:03

Давлат дастурининг 67-мақсади Ҳазораспда қандай бажариляпти?

Юртдошларимиз турмуши янада яхшиланишига хизмат қилувчи устувор вазифалар бажарилиши бўйича доимий жамоатчилик ва депутатлик назорати олиб борилишига партиямиз вакиллари ғоят масъулият билан ёндашяпти.

 Хусусан, “Ўзбекистон-2030” стратегиясини 2023 йилда  амалга ошириш бўйича давлат дастурининг 67-мақсадидан (Экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини кенгайтириш) ўрин олган чора-тадбирлар  ижросини назорат қилиш, уларнинг бажарилишига кўмаклашиш бўйича ҳам ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитасида  ишчи гуруҳ тузилган.

Мазкур ишчи гуруҳ раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига партиямиздан сайланган депутат Ботир Тўразода  яқинда Ҳазорасп туманида бўлиб, шу йўналишда олиб борилаётган ишлар билан бевосита танишди,  масъул ташкилотлар вакилларининг ҳисоботини эшитди.

Тақсимотга мувофиқ  ушбу туманда шу йил куз мавсумида жами 615 минг 100 туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экилиши мўлжалланган. Шу кунгача 574 минг 600 туп кўчат ўтқазилди, бошқача айтганда, режа 93,4 фоизга бажарилди.

 Ток ва бошқа мевали дарахт кўчатлари асосан Фарғона ва Самарқанд вилоятларидан олиб келиняпти. Кўчатчилик билан шуғулланувчи маҳаллий тадбиркорлик субъектлари ҳам буюртмачиларга  турли ниҳоллар етказиб беряптилар.

Кўчатлар йўл ёқалари, турли ташкилотлар ҳудудлари, фермер хўжаликлари ерларига ўтқазиляпти.

Туман ҳокимлиги томонидан 49 та маҳаллага 9400 туп кўчат бепул тарқатилгани одамларни мамнун қилди. Шунингдек, Хоразм давлат ўрмон хўжалиги  тумандаги 20 та мактабгача таълим муассасасига 2 минг 210 туп, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги турли ташкилотларга 2 минг 400 туп кўчатни бепул топширди.

Атроф-муҳитга ўрта ва юқори даражада хавф туғдирувчи саноат корхоналари, хусусан, тумандаги “Иброҳим бобо” хусусий ишлаб чиқариш савдо фирмаси, “Тойиржон Амирхон” МЧЖ, “Ҳазорасп текстил” МЧЖ ҳамда “Ҳазорасп йўллардан фойдаланиш” корхоналари ўз ҳудудлари атрофида  “яшил белбоғ”лар барпо этдилар.

Албатта, кўчатларни тупроққа қадаш билангина иш битмайди. Биринчи навбатда уларни ўз вақтида суғориш керак.  Янги кўчатларга сув қўйиш  тизимлари барпо қилиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиляпти, уларга асосан керакли маблағ миқдори белгиланяпти.

Партия ишчи гуруҳи раҳбари “яшил” ҳудудларни кўпайтириш ғоясини тарғиб қилиш, кўчат экиш бобида ўрнак кўрсатиш мақсадида тумандаги 1- ва 4-сонли умумтаълим мактаблари, маданият ва истироҳат боғи, Овшар маҳалласи ва бошқа жойларда уюштирилган кўчат экиш тадбирларида бевосита иштирок этди.

Беҳзод Исроилов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходими,

ишчи гуруҳ аъзоси

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    303
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+