Қашқадарёда оилавий тадбиркорлик фаолияти депутатлар томонидан жамоатчилик назорати тартибида ўрганиляпти

15.12.2023, 10:52

Қашқадарёда оилавий тадбиркорлик фаолияти депутатлар томонидан жамоатчилик назорати тартибида ўрганиляпти

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредитлардан фойдаланиш ҳолатлари жамоатчилик эшитуви доирасида ўрганишлари давом этмоқда. Вилоят депутатларидан иборат ишчи гуруҳи оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратиш ҳолати, аҳолини тадбиркорликка йўналтириш асносида бандлигини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш, янги-янги лойиҳаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш мақсадида вилоят марказининг шундоққина биқинида жойлашган Қарши туманига ташриф буюрдилар.  

Эътироф этмоқ лозимки, туманда кейинги йилларда тадбиркорликни ривожлантиришга аҳамият қаратилаётганлиги боис бандлик ва фаровонлик ортмоқда. Янги-янги саноат объектлари ишга туширилаяпти. Айниқса, ёш тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга катта аҳамият қаратилаётир. Туманда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 427 та юридик, 742 та якка тартибдаги тадбиркорлар давлат рўйхатидан ўтказилган. Ташкил этилган 1169 та тадбиркорлик субъектларида 2 312 нафар аҳолининг бандлиги таъминланган. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида тижорат банклари томонидан  1 декабрга қадар жами 2473та фуқароларга 46.8 млрд сўм кредит маблағлари ажратилган.

Ёш тадбиркор Аббос Шириновга “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида таълим муассасасини жиҳозлаш ҳисобидан хизмат ташкил этиш учун 88 млн сўм имтиёзли кредит ажратилди. Натижада бўш турган бино таъмирланиб ёшлар учун 5 та фан тўгараги ташкил этилди ва 6 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Якка тартибдаги тадбиркор Маҳмуд Шодиевга ҳам мазкур дастур асосида 300 млн сўм мультимедиа, дизайн ва санъат материалларини яратиш ва ишлов бериш учун имтиёзли кредит ажратилгач, 8 нафар ёшлар ишли бўлди. 

Ертепаликлар Жўраевлар хонадонини ишбилармонлар оиласи дейишади. Мўъжазгина томорқада бир қарич ҳам бўш ер жой тополмайсиз. Лимоннинг бир нечта тури, апелсин, мандарин, ҳаттоки папайя етиштирилади. Хориждан келтирилгач хонаки товуқ боқишда ҳам бу оилага тенг келадигани топилмайди. Ўндан ортиқ турдаги гулларни етиштириб, воҳадаги барча гул бозорларига етказиб беришади.  Корхона, ташкилот ва муассасаларга ўттизга яқин турдаги анвойи гулларни гултувакларда ўстирган ҳолда  етказиб беришяпти. Хонадон соҳибаси Ўғилой опанинг таъкидлашича, оилавий тадбиркорликдан ҳар йили 30 миллион сўм соф даромад қилишади. Қишлоқда тўртта шогирди бўлиб, онахондан оилавий тадбиркорликни ўрганиб, ўз фаолиятини йўлга қўйган.  Депутатлар томонидан ушбу хонадон соҳибаси тажрибасини бутун воҳа аҳоли ўртасида кенг тарғибот қилиш юзасидан амалий таклифлар билдирилди.  

Ишчи гуруҳи аъзолари қатор тадбиркорлик субъектларида бўлишиб, тадбиркорларнинг маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасидаги амалий ишлари билан танишдилар. Айрим тадбиркорлар фаолият олиб бораётган майдоннинг торлиги, банклардан кредит ажратишда шаффофликни таъминлаш, ҳоким ёрдамчиси билан маҳалла раисининг яқин ҳамкорлигини эришиш, ёшларга касб-ҳунар ўргатишда замонавий оргтехникалардан самарали фойдаланиш, деҳқон хўжаликлари ва кичик бизнес субъектларига қишлоқ хўжалиги ер участкаларини узоқ муддатли ижарага бериш, хизмат кўрсатиш ва ҳунармандчиликни кенгайтиришга эътибор қаратиш, аҳоли ва уй хўжаликлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган тадбиркорларнинг лойиҳаларини молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратиш борасида амалий таклифлар ишлаб чиқилиб, жамоатчилик эшитуви жараёнида мутасаддиларга етказилиб, мақбул ечимларини топишга келишиб олинди. 

Феруза МУСТАЕВА,

OzLiDeP Қарши туман кенгаши раисининг

биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари.

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    261
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+