Рақамлаштириш ҳаёт-мамот масаласи бўлиши зарур

21.12.2023, 17:17

Рақамлаштириш ҳаёт-мамот масаласи бўлиши зарур

Мамлакатимизда «Рақамли Ўзбекистон—2030» стратегиясига мувофиқ иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни рақамлаштириш, ахборот тизимлари ва электрон хизматларни жорий этиш, шунингдек, рақамли технологиялардан кенг фойдаланишни таъминлаш бўйича барча соҳа ва тармоқларда комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. «Электрон ҳукумат» тизимининг янги босқичи — «Рақамли ҳукумат» тизимига ўтиш, дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологияларининг маҳаллий бозорини янада ривожлантириш, республиканинг барча ҳудудларида IT-паркларни ташкил этиш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлашни кўзда тутувчи устувор лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани шулар жумласидандир.

         Соҳада эришилган ютуқлар залворли. Уларни эътироф этамиз. Чунки ҳозирги ҳаётимиз бундан 6-7 йил аввалги ҳаётимиздан тубдан фарқ қилади. Бу бевосита ҳаётимизга рақамлаштиришнинг кириб келиши ва унинг жадал суръатларда ривожланиб бораётгани билан боғлиқ. Буни ҳар биримиз ўзимизнинг кундалик ҳаётимизда ҳам сезиб, кўриб турибмиз.

Бироқ, соҳада амалга оширилиши зарур бўлган ишлар ҳали талайгина. Жорий йилнинг 20 декабрь куни Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам айнан IT инфратузилмасини яхшилаш, соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш масалалари муҳокамалар марказига қўйилгани ҳам бежиз эмас. Энг муҳими, ушбу масала жорий йилнинг 22 февралида бўлиб ўтган йиғилиш кун тартибидан ҳам ўрин олган эди. Ушбу масаланинг яна кун тартибига чиқиши эса унинг ўта долзарблигидан далолат бериб турибди.

Йиғилишда Давлатимиз раҳбари томонидан рақамлаштиришдан бош тортаётган раҳбарларга коррупцияни йўқ қилишга интилмаётган раҳбарлар сифатида баҳо берилди ва вазирлик ҳамда тармоқларда рақамлаштиришнинг ҳозирги аҳволи, шунингдек келгусида амалга оширилиши зарур бўлган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, тармоқ раҳбарларига фақатгина рақамлаштириш орқали маҳсулот таннархини тушириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди ва келгуси йилда рақамлаштириш ҳисобига маҳсулот таннархини камида 10-15 фоизга камайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Айниқса, бюджетдан катта маблағ олувчи вазирликларда рақамлаштириш ҳаёт-мамот масаласи бўлиши зарурлиги таъкидланиб, бундай вазирликлар фаолиятининг ҳозирги ҳолатига баҳо берилар экан, Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ хўжалиги, Экология, Бандлик вазирликлари, карантин ва ветеринария идораларида рақамлаштириш ишлари суст кетаётгани, Геология, Ички ишлар вазирликлари, Божхона қўмитаси, Андижон, Наманган Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимликларида ягона электрон ҳужжат айланиш тизими ишга тушмагани кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, бир қатор вазирликларнинг 50дан ортиқ хизматлари Ягона давлат хизматлари порталига интеграция қилинмагани, хусусан солиқ декларациясини жўнатиш ва кэшбек олиш, қуёш панелини тизимга улаш ва унга субсидия олиш, транспорт тўлов картасини харид қилиш каби хизматлардан фақат идоравий сайтлар орқали фойдаланиш мумкинлиги, бундай ҳолатлар ўз навбатида ушбу хизматлардан кенг аҳоли қатламининг фойдаланишига, умуман олганда, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганига эътибор қаратилди.

Шу нуқтаи назардан барча вазирлик, қўмита ва ҳудуд раҳбарлари кўрсатиб ўтилган камчиликлардан жиддий хулоса чиқаришлари, ўз тизимларида рақамлаштириш бўйича оқсаётган лойиҳаларни якунлашлари шартлиги таъкидланди.

Умуман олганда, рақамлаштириш тўғрисида гап кетар экан, унинг кўплаб ижобий жиҳатларини келтириш мумкин. Хусусан, рақамлаштириш – нафақат вақтни, балки маблағни ҳам тежашга ёрдам беради, провардда одамларга кундалик ҳаётда ва давлат хизматларидан фойдаланишда қулайликлар яратади, маҳсулотлар таннархи пасаяди, энг муҳим жиҳатларидан яна бири – коррупцияни олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Буни барча даражадаги раҳбарларимиз англаб етсалар бўлгани!\

  Зафар ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    286
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+