O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” Давлат дастури ижросини таъминлашда фаоллик кўрсатади

24.02.2024, 12:11

O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” Давлат дастури ижросини таъминлашда фаоллик кўрсатади

Давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Айтиш керакки, мазкур фармонда халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратишдек муҳим мақсадлар илгари сурилган.

 Айниқса, ёшларнинг салоҳияти, истеъдоди ва ташаббусларини тўлақонли рўёбга чиқариш бўйича аниқ йўналишлар алоҳида қайд этилган. Ушбу фармонда ёшлар учун янги имкониятлар тилга олиндики, бу Янги Ўзбекитондаги ёшларимизнинг дунёқарашини тубдан ўзгартиришга асос бўлади, десак тўғри бўлади.

Хусусан, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 2024 йил 1 мартдан бошлаб маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тизимида мукофот жамғармаси 600 миллион сўм миқдорида хорижий тиллар (“Ибрат фарзандлари”) бўйича танловлар, киберспорт мусобақалари ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари юқори савияда ташкил этилади.

Яна бир қувонарли хабар шундаки, ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг оммалаштириш ва бизнес билан шуғулланишга қўшимча имкониятларни яратиш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилиши белгиланди. Шунингдек, 2024 йил 1 июндан бошлаб “Ёш тадбиркор” танловлари ўтказилиб, ҳар бир лойиҳа ғолибларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 000 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилади, хорижий давлатларга малака оширишга юборилади.

Фармонда барча ўзгаришларнинг негизи ҳисобланган таълим-тарбия тизимида ҳам янгича туб ислоҳотларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қанча маблағ талаб этилса, ажратилишига шубҳа йўқ. Ўрни келганда шуни айтиш керакки, бугунги кунга келиб мамлакатимизда таълим, шу жумладан, ижтимоий соҳа учун харажатлар миқдори давлат бюджети харажатлари умумий қийматининг ярмидан кўпроғини ташкил этмоқда. Табиийки, ҳар қандай давлат ҳам бундай катта харажатларни кўтара олмайди. Аммо қанчалик оғир бўлмасин, бунинг учун зарур маблағ ва ресурслар юртимизда излаб топилмоқда. Президентимиз мазкур харажатларни харажат эмас, балки келажак учун қўйилган энг самарали сармоя деб ҳисоблаб, таълим даражаси ва сифати ҳар қандай давлатнинг истиқболини белгилаб берадиган муҳим омил эканини таъкидламоқда.

Фармоннинг яна бир эътиборга молик жиҳати, 2024 йил 1 майга қадар адашган ёшларни жамиятга интеграция қилиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёшларни пробация ҳисобидан чиқариш амалиёти жорий этилади. Уларни профилактик ҳисобга олиш асослари кескин қисқартирилади.  

Партия “Ёшлар қаноти” Давлат дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни ижросини таъминлашда фаоллик кўрсатади. Бунда “Парламентда ёшларнинг ўрни”, Ёш олимлар лигаси”, “Тадбикорлар клуби”, “Интелект”, “Сиёсий мунозара” каби партиявий лойиҳалар орқали амалга ошириш мақсадлар кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳалар орқали ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёшлар ўртасида тадбиркорлик ва бизнесни янада ривожлантириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, интеллектуал салоҳиятини тўлиқ намоён этиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун шарт-шароитлар яратишга алоҳида эьтибор қаратилади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати аниқ мақсадларни кўзлаган ҳолда, босқичма босқич, комплекс чора-тадбирларга асосланган ҳолда изчил давом эттирилмоқда. Давлат дастурида кўзда тутилган мақсад ва вазифалар ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, интилувчан, серғайрат, ватанпарвар, садоқатли, комил шахслар сифатида тарбиялаш борасида бошланган ишларни янги босқичга олиб чиқишда дастуриламал бўлади. Бу эса Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олишининг кафолатидир.

Бобур ҲАЛИМОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

Ёшлар билан ишлаш бўлими бош консультанти

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    168
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+