Наманган мамлакатимизнинг энг баракали, серсув ва серҳосил ҳудудларидан бири

27.03.2024, 12:00

Наманган мамлакатимизнинг энг баракали, серсув ва серҳосил ҳудудларидан бири

     

Кейинги йилларда аҳоли даромадларини ошириш мақсадида фуқароларга фойдаланиш учун пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан бўшаган ер майдонлари ажратиб бериляпти. Ва бу имкониятдан фойдаланиб, ердан бир йилда икки-уч мартадан ҳосил олиб, даромад қилаётган, бозорларимизни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдираётган, шу орқали турмуш даражасини яхшилаётган хонадонлар жуда кўп. Лекин шу билан бирга ернинг умрини беҳуда ўтказаётган, уни исроф қилаётганлар ҳам афсуски йўқ эмас. Давлатимиз раҳбари раислигида Наманган вилоятининг имкониятларини ишга солиш масалаларига бағишланган йиғилишда жумаладан, ана шу муҳим масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. 

Президентимиз сўзининг аввалида Наманган мамлакатимизнинг энг баракали, серсув ва серҳосил ҳудудларидан бири, меҳнаткаш ва саховатпеша, ғурури баланд, тадбиркорликда энг илғор инсонлар юрти эканини таъкидлади. Дарҳақиқат, Наманган тадбиркорлар юрти. Партиямиз электорати вакиллари бўлгани учун улар билан жуда кўп учрашувлар, мулоқотлар, давра суҳбатлари ўтказамиз.

Таъкидлаганидек, кейинги етти йилда вилоят иқтисодиёти 2 баробар, экспорт 3 карра, аҳоли жон бошига даромад 15,5 миллион сўмга етган бўлса, бунда албатта, хусусий секторнинг, тадбиркорларнинг ҳиссалари салмоқлидир. Йиғилишда бу ютуқлар эътироф этилгани ҳолда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганига эътибор қаратилди. Жумладан, Мингбулоқ ва Косонсой туманларида бир гектардан олинадиган даромад вилоят кўрсаткичиидан икки баробар камлиги, аҳолига берилган 16 минг гектар ернинг 3,5 минг гектари бўш ётганлиги, Поп, Чортоқ, Норин ва Янгиқўрғон туманларида саноатлашиш даражаси пастлиги танқид остига олинди.

Юртбошимиз бу камчиликларни бартараф этиш, муаммоларнинг ечими ҳақида ҳам аниқ вазифаларни белгилаб бердилар. Жумладан, Сайхунобод тажрибаси асосида вилоятдаги 35 мингта хонадонга босқичма-босқич  гулчилик, иссиқхона, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, узумчилик, қулупнай, картошка етиштириш бўйича молиявий, техник, маслаҳат ва бошқа кўринишдаги амалий ёрдам берилишини таъкидлаб ўтилди.

Албатта, бу танқидий мулоҳазалардан биз, депутатлар ҳам ўзимизга тегишли хулосалар чиқариб олдик. Юқорида номлари санаб ўтилган туманларда фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа эгалари билан янада кўпроқ тарғибот ишларини олиб боришимиз зарурлигини англаб етдик.

Шу билан бирга ҳар бир туман кенгашларида депутатлик гуруҳларимиз бор, уларнинг йиғилишларида  ердан фойдаланиш, унинг ҳар гектаридан олинадиган даромадни ошириш омиллари, бунда фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарларининг амалга ошираётган ишлари ҳақидаги  ҳисоботларини эшитиб бориш, мавжуд муаммоларни ҳал этишда уларга амалий ёрдам бериш чораларини кўришимиз муҳим вазифалардан бири экан, деган хулосага келдик.

Бундан ташқари партиямизнинг вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари ҳузурида ишчи гуруҳлари тузилган. Ана шу гуруҳлар фаолиятини ушбу муаммоларни ўрганиш, уларнинг ечимлари бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишга қаратамиз. Партиямиз вакиллари, депутатлар, бошланғич ташкилотларимиз мазкур жараёнларда фаол иштирок этиб, вилоятда томорқа ва ердан фойдаланиш самарадорлигини, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга ўз ҳиссамизни қўшамиз.   

Сардор ҒИЯСОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O’zLiDeP фракцияси аъзоси 

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    195
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+