Самарқандлик тадбиркорларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилмоқда

28.03.2024, 16:54

Самарқандлик тадбиркорларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилмоқда

Аввал хабар берганимиздек, O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши вакиллари, депутатлардан таркиб топган ишчи гуруҳ томонидан тадбиркорлик субъектларига солиқ мажбуриятларини бажариш юзасидан янада қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар жамоатчилик назорати тартибида ўрганилмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари Самарқанд шаҳридаги тадбиркорлик субъектларида бўлиб, ўрганишлар олиб борди.

Дастлаб Самарқанд шаҳрида фаолиятини бошлаш арафасида турган Радиология марказида бўлишди. Марказнинг лойиҳа қиймати 300 миллиард сўм бўлиб, радиология ва онкология йўналишига ихтисослашган. Унинг ишга тушиши натижасида дастлабки босқичда 60 нафар, кейинчалик қарийб 500 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади. Германия, Австрия, Япония ва АҚШ каби ривожланган давлатларнинг энг сўнгги русумдаги замонавий технологиялари келтирилган ушбу тиббий марказ фаолият бошлаши учун қийинчиликларга дуч келмоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари ҳудудда беморлар учун яратилаётган шароитлар ва келтирилган ускуналар билан яқиндан танишдилар. Тадбиркорнинг таклиф ва муаммоларини ўрганди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари “Шодиёна” савдо мажмуасида бўлишди ва тадбиркорлар фикрларини ҳам ўрганди. Тадбиркорлар ушбу мажмуада етарлича шароитлар борлиги, аммо, ер солиғи озроқ қиммат эканлиги, ҳудудга кириш қисмида дарвоза олдида светафор йўқлиги, машиналар нотўғри жойда тўхташи ва келаётган харидорлар учун ноқулайлик туғдираётганлиги ҳақида фикрларини билдирди. Ўрганишлар давомида солиқ тўловларини тўлаш бўйича тадбиркорларга тушунтиришлар ҳам берилди.

"SAMARQAND APPAREL" хорижий корхонасида ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида навбатдаги учрашув ўтказилди.

Тадбир давомида Ишчи гуруҳ аъзолари мазкур корхона фаолияти, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти билан яқиндан танишишди. Маълумот ўрнида айтиш лозимки, тайёр тикув ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ушбу корхонада ишлаб чиқарилаётган жаҳоннинг машҳур брендлари ҳисобланган маҳсулотлар Германияга ҳамда Жанубий Кореяга экспорт қилинмоқда. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган корхонада 400 нафардан ортиқ ходимлар фаолият юритаяпти.

Мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан ҳам қатор таклифлар, фикрлар билдирилди.

Ишчи гуруҳ ўрганишлари жойларда давом этмоқда.

Нодир Тўраев,

O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    182
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+