Яшил маконни бирга қурамиз!

05.04.2024, 12:38

Яшил маконни бирга қурамиз!

Мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “яшил майдонлар”ни кенгайтириш ишлари давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши юртимизда яшил ҳудудларни кўпайтириш ишида фуқаролар, айниқса, ёшлар, жамоат ташкилотларини бирлаштириш, уларни атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ўз ҳиссасини қўшишга кўмаклашиш, яшил ўрмонзорларни барпо этиш, мамлакатимиз ҳудудларини кўкаламзорлаштириш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келмоқда.

Хусусан, партиянинг ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари томонидан депутатлар, БПТ раис ва фаолларини жалб қилган ҳолда “Яшил макон” лойиҳасини нафақат, умуфойдаланишдаги йўл ёқалари, кўча ва маҳаллалар, балким, ҳар бир хонадонга кириб бориши юзасидан қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда. Бунда айниқса, жойлардаги партия мутасадди ва фаоллари ибрат намунасини кўрсатиб келишмоқда.

Партия вилоят Кенгашининг бу галги амалий тадбирида ҳам вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни самарали ташкиллаштириш, маиший чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоят ҳокими ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил келажак” лойиҳаси доирасида Нурафшон шаҳрида барпо этилаётган боғда тўпланган партия ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари раҳбар ва мутасаддилари, фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлари, “Яшил маконни бирга қурамиз!” шиори остида турли мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатларини ҳамжиҳатлик билан ўтқазишди.

- Сафдошларимиз билан “Яшил макон” лойиҳасида иштирок этиб, яна бир эзгу мақсад атрофида жипслашиб, Нурафшон шаҳрида барпо этилаётган боғда кўпйиллик мевали ҳамда манзарали дарахти кўчатларини яхши ниятлар билан ўтқазаётганимиздан мамнунмиз, - дейди партия вилоят кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев. Бугунги тадбиримиз бу борада олиб бораётган амалий ишларимизнинг бир намунаси, холос. Жойлардаги партиямиз депутатларимиз, фахрийларимиз ва фаолларимиз ҳам мазкур ғоят хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлашда, уни вилоятдаги ҳар бир маҳалла, кўча ва хонадонга кириб боришида ўзларининг муносиб хиссаларини қўшишмоқда. Дарахт экиш тажрибаси бўлган ҳар бир инсонни ва “сайёра экологияси”да иштирок этишни истаган фидойи ватанпарварларни бирлаштириш, имкони бўлмаганларга яқиндан кўмаклашиш ишида фаол бўлишмоқда. Тадбирни самарали ташкил этиш учун кўчат захирасини яратиш ва етказиб беришга энг асосий вазифа сифатида қараладиган бўлса, партиямиз фаоллари бўлган, соҳада фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларини ҳам бу ишга жалб этиш чораларини кўришмоқда. Иқлим шароитига мос кўчат танлаш ва харид қилиш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш, суғориш ва парваришлаш масалалари ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Шунингдек, ҳар бир хонадон олдидан ўтган ариқларни тозалаш, ҳовли саҳнида наинки дарахт кўчатларини ўтқазиш, парваришлаш, балким, турли райхон, ифорли гул ва бошқа манзарали экин турларини ҳам экиш тавсия қилиниб, бош-қош бўлинмоқда.

Умид қиламизки, бугун эзгу ниятлар билан қадаган ниҳолларимиз келажакда жонажон юртимиздаги яшил маконларда бўй чўзади. Мамлакатимиз яшиллиги ва кўкаламзорлигига муносиб бир хисса бўлади. Биз ўрнатган ниҳоллар адл қад ростлаб, келажак авлодга ҳам табиатни асрашда яшил майдонларни кўпайтириш, атрофни кўкаламзорлаштириш орқали табиатни соф ҳолда асраш ишида ибрат рамзи бўлиб қолади. Зотан, табиат, атроф-муҳитни асрашда ҳар биримиз аввало, ўзимиз, қолаверса, яқинларимиз, келажак авлод олдидаги масъулиятни ҳис этишимиз лозим”.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    126
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+