Хусусий тиббиёт соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди

06.04.2024, 10:47

Хусусий тиббиёт соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди

Сўнгги йилларда юртимизда кучли ва самарали тиббиёт тизимини шакллантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буни соҳада хусусий секторнинг улушини ошириш орқали аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада юксалтириш борасида 20 дан ортиқ Қарор ва Фармонлар қабул қилинганида ҳам кўришимиз мумкин.

Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолига юқори сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, хусусий тиббиёт соҳасига хориждан инвестициялар ва юқори малакали мутахассислар жалб этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Мамлакатда хусусий тиббиётни ривожлантириш орқали малакали тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда тиббиёт туризмининг юксак халқаро мезон ва стандартларга мослигини таъминлашни ўз олдидаги устувор мақсад сифатида кўрувчи O’zLiDeP ҳам бу борадаги ислоҳотларни амалга оширишда камарбасталик қилиб келмоқда.

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида “Хусусий тиббиёт соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусидаги давра суҳбатида соҳада хусусий сектор улушини ошириш, хусусий тиббиёт муассасаларини қўллаб-қувватлашда юзага келаётган муаммолар ва уларни тизимли бартараф этиш масалалари борасида фикр алмашилди.

Тиббиёт тизимидаги хусусий сектор вакилларининг муаммоларини аниқлаш ва уларга амалий кўмак бериш мақсадида ташкил этилган давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, мутасадди вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, хусусий тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тиббиёт олдинга силжиши учун асосий вазифа хусусий секторни оёққа турғазиш экани таъкидланган тадбирда юртимизда хусусий тиббиётни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича олиб борилаётган сиёсат ва қабул қилинаётган Қарор ва Фармонлар ўзининг самарали натижаларини бера бошлагани алоҳида эътироф этилди.

Хусусан, соҳани қўллаб-қувватланиши натижаси ўлароқ, хусусий тиббиёт ташкилотлари 2023 йилда 2017 йилга нисбатан 2,7 баробарга кўпайиб, уларнинг сони 3 200 тадан 8 560 тага етди.

Хусусий тиббиёт муассасаларининг лицензия олиш тартиби соддалаштирилиб, бунда улар 2017 йилда 50 турдаги ихтисослик бўйича хизмат кўрсатишган бўлса, 2022 йилга келиб, 126 турдаги ихтисослик бўйича тиббий хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлишди.

Шунингдек, хусусий тиббиёт ташкилотлари 2016 йилда 726 турдаги тиббий хизматларни кўрсатган бўлса, 2023 йилга келиб 2 251 турдаги тиббий хизматлар йўлга қўйилди.

Хусусий клиникаларда 2016 йилда шифо ўринлари сони 16 032 тани ташкил этган бўлса, улар сони 2,8 баробарга кўпайиб 2023 йилда 44 109 тага етган.

Тадбирда эришилган ютуқлар қаторида ўз ечимни кутиб турган муаммолар ҳам йўқ эмаслигига эътибор қаратилди.

Жумладан, хусусий тиббиёт муассасаларида малакали мутахассисларга бўлган талаб ва эҳтиёжнинг юқори даражада экани қатор муаммоларни келтириб чиқараётгани, бинолардан фойдаланишдаги ижара нархларининг қимматлиги, муассасаларнинг ўз эҳтиёжлари учун республика ҳудудига олиб кириладиган янги тиббий асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари учун кўрсатилаётган божхона хизматлари, ходимларни хорижга малака оширишга юбориш тартиблари борасидаги муаммолар ўртага ташланди.

Бугун хусусий тиббиёт кундалик ҳаётнинг муҳим элементига айланган бир шароитда унинг қўллаб-қувватланиши аҳолига тиббий хизматларнинг деярли барча турларини олиш имконини бериши қайд этилди.

Шунингдек, хусусий тиббиёт соҳасининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши нафақат аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, балки минглаб иш ўринлари яратилиши, тажрибали шифокорларнинг чет мамлакатларга кетишини олдини олишга хизмат қилиши ҳақида фикр юритилди.

Давра суҳбати давомида билдирилган фикрлар, ташаббуслар, муаммолар таҳлил қилиниб, партиянинг фракцияси ва тегишли вазирлик орқали ижобий ҳал қилиниши бўйича вазифалар белгилаб олинди.

  • Кўрилди
    144
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+