МУАММОГА КИМ АЙБДОР?

30.01.2019, 19:09

МУАММОГА КИМ АЙБДОР?

ёхуд соҳилободликларни ичимлик суви билан таъминлаш бўйича белгиланган лойиҳа нега ўз вақтида бажарилмаган?

Бундан 5-6 ой аввал одамлар билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳ иш бошлаган эди.

Ўтган давр мобайнида партия фаоллари жойларга тушиб, уйма-уй юрди, халқ билан манзилли мулоқот юритиб, аҳоли муаммоларини ҳал этишга кўмаклашди, ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш борасида изчил ишларни амалга оширди.

Мана кўп ўтмай, партия фаоллари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ жойларга чиқиб, асл ҳолатни ўрганмоқда, оддий одамларнинг турмуш шароити билан танишиб, мавжуд хато ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Хусусан, Гулистон туманидаги “Соҳилобод”  маҳалласида бўлиб ўтган мулоқот ҳам  ҳар доимгидан-да кўтаринки рухда ўтди.

Гап шундаки, мазкур учрашув аввалгидек мажлислар залида эмас, балки очиқ майдонда ўтказилди. Бу эса кўп йиллардан буён фуқароларни қийнаётган масалаларни ўз вақтида, жойида ҳал этиш имконини берди.

Суҳбат ва мулоқотлар чоғида соҳилободликлар аввало ичимлик суви билан боғлиқ муаммони кўтарди. Маҳалла аҳлининг айтишича, ҳудудни ичимлик суви билан таъминлаш бўйича белгиланган лойиҳа ўз вақтида амалга оширилмаган. Устига-устак бажарилган ишлар ҳам мутлақо талабга жавоб бермайди. Тортилган қувурлардан сув сизиб чиқмоқда. Мутасадди ташкилотлар билан масалани чуқур ўрганган ишчи гуруҳ унинг ечими бўйича зарур чоралар кўрилишини маълум қилди.

“Соҳилобод”  маҳалласида яшовчи Юсуф Қўшиевнинг таъкидлашича, қишлоқда пиёдалар йўлакчалари йўқлиги боис, мактаб ўқувчилари автойўл бўйлаб юришга мажбур бўлмоқда. Амирқул Бегматовнинг айтишича  хонадонларни иситиш учун ўтиндан фойдаланиш оқибатида қишлоқда дарахтлар кескин камайиб кетмоқда.

“Маҳалламизга газ келмаган. Қиш кунларида электр энергияси ҳам тез-тез узилишлар бўлиб туради. Маҳалламиздаги одамларга ва ёш болали оилаларга жуда ҳам қийин. Шу боис, кимдир кўмирнинг кукунидан фойдаланса, яна кимдир пропан газидан иситиш тизимини ясаб олган”, – дейди А.Бегматов. 

Яна бир гап. Бугун ҳудудда 640 ўринга мўлжалланган мактаб фаолият кўрсатмоқда. Аммо ҳозирда мазкур таълим даргоҳида 840 нафар ўқувчи таҳсил оляпти. Агар ўқувчилар сони йилига 50-60 нафарга ортишини ҳисобга олсак, маҳаллада яна қўшимча мактаб биноси қуриш керак.

–Ўрганишлар давомида томорқадан самарали фойдаланиш бўйича аҳоли билан бевосита суҳбатлар ўтказдик, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Беҳзод Артиков. –Хонадонларда парранда боқиш, чорвачиликни йўлга қўйиш, иссиқхоналарда лимон кўчатларини етиштириш бўйича аҳолига зарур кўрсатмалар, тавсиялар бердик. Энг муҳими, аҳолини мамлакатда янги қабул қилинаётган қонунлардан хабардор қилдик.

Ушбу кўтарилган муаммоларни ўз вақтида ечимини топишда партия депутатлик гуруҳи вакиллари ва фракция аъзолари тегишли мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови жўнатишди ва қатъий назоратга олинди.

Эслатиб ўтамиз, жойларда ишчи гуруҳ аъзоларининг ўрганишлари давом этмоқда.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1599
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+