O‘zLiDePнинг пойтахтимизни социал-гуманитар соҳада ва интеллектуал ривожлантириш борасидаги устувор вазифалари

13.12.2017, 11:30

O‘zLiDePнинг пойтахтимизни социал-гуманитар соҳада ва интеллектуал ривожлантириш борасидаги устувор вазифалари

ЖОНАЖОН ПОЙТАХТИМИЗНИ БИРГАЛИКДА ЭНГ ОБОД ШАҲАРГА АЙЛАНТИРАМИЗ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Тошкент шаҳрида давлат ҳокимияти вакиллик органларига 2017 йил бўлиб ўтадиган сайловлардаги иштирокига оид мақсад ва вазифалари

(давоми)

O‘zLiDePНИНГ ПОЙТАХТИМИЗНИ СОЦИАЛ-ГУМАНИТАР СОҲАДА ВА ИНТЕЛЛЕКТУАЛ РИВОЖЛАНТИРИШ БОРАСИДАГИ УСТУВОР ВАЗИФАЛАРИ

“Тошкент – интеллектуал шаҳар”

Биз жамиятимиз интеллектуал салоҳиятининг изчил ва барқарор ўсиши, ҳар бир фуқаронинг ўз имкониятлари ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун янада кенг шароит ва имкониятлар яратилиши тарафдоримиз.

Биз учун устувор масала – яқин истиқболда Тошкентнинг жаҳондаги инсон ривожланишининг (умр кўриш давомийлиги ва турмуш даражаси, саводхонлик, таълим ва бошқаларнинг) энг юқори индексига эга шаҳарлар сафидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш.

Биз  аҳолини олий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичини сезиларли даражада ошириш, хусусий сектор ресурсларини шу мақсадларга кенг жалб этиш ва рақобат муҳитини рағбатлантириш, бутун таълим соҳасида давлат-хусусий шериклиги тамойилларини қўллаб-қувватлаш вазифасини қўямиз. Айни пайтда таълим ва маърифатни — эркинлик ва ўз фикрига эга бўлиш йўли, жаҳолат ва зўравонликка қарши ишончли қалқон, деб биламиз. Таълим тинчликни сақлаш ва мустаҳкамлашда либерал сиёсатнинг энг муҳим воситаси бўлиб қолмоқда. Биз “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашайлик” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш тарафдоримиз.

O‘zLiDeP хусусий мактабгача таълим муассасалари ва ўрта таълим мактаблари тармоғини ривожлантириш борасидаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди. Зеро, бу юксак илмли ва ҳар томонлама ривожланган авлодни тарбиялаш, интеллектуал, эстетик ва жисмоний жиҳатдан баркамол фарзандларни вояга етказиш учун шароитни тубдан яхшилашда муҳим омил бўлади. Биз хусусий секторнинг умумий ўрта таълим сифатини тубдан яхшилаш, хорижий тилларни, информатика, талаб катта бўлган бошқа фанлар, жумладан, математика, физика, кимё, биологияни чуқур ўргатиш борасидаги имкониятларига ишонамиз. Биз болаларни спорт билан мунтазам шуғулланишга ялпи жалб қилиш, мусиқа ва санъатга ошна этиш мақсадида болалар спорти, мусиқа ва санъат мактабларини қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш соҳасида давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш тарафдоримиз.

Биз хусусий касб-ҳунар таълимини янада ривожлантириш тарафдоримиз, бу меҳнат ресурсларининг мобиллигини оширишга хизмат қилади. Шу мақсадда хусусий сектор, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва давлат ўртасидаги шерикликни кенгайтириш, қўшимча касб-ҳунар таълими, кадрларни қайта тайёрлаш ва барча ёшдаги одамларнинг (“таълим катталар учун”) малакасини ошириш соҳасида давлат-хусусий шериклигини қўллаб-қувватлаш зарур.

Партия иқтидорли талабаларни рағбатлантириб бориш, олий таълим муассасаларининг институционал ва молиявий мустақиллигини сезиларли даражада кенгайтириш, таълим ва фан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш орқали ўқитиш сифатини яхшилаш, халқаро алоқаларни ривожлантириш, моддий ва маънавий рағбатлантириш, ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, салоҳияти ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун шароит яратиш барқарор ривожланишнинг муҳим омилидир деб ҳисоблайди. Биз ўқитишнинг халқаро андозалари ва дарс ўтишни баҳолаш тизимини жорий этиш, олий таълим муассасаларига қабул квоталарини босқичма-босқич кўпайтириб бориш асосида олий таълим муассасалари фаолиятининг сифат ва самарадорлигини юксалтириш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз.

Биз давлат-хусусий шериклиги, мамлакатимиздаги бизнес ҳамжамияти ва илмий тадқиқот, академик марказлар ва муассасаларнинг илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновацион ютуқларни амалиётга жорий этиш, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технологиялар марказлари, технопарклар ташкил этиш борасида улкан салоҳиятга эга эканини кўриб турибмиз.

Бу борада қуйидаги масалаларга устувор аҳамият берамиз:

илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш, академик илм ва таълим жараёнининг олий ўқув юртларидаги ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш;

ёш олимларни илмий-тадқиқот фаолиятига жалб этиш учун кенг шароит яратиш;

фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш;

технологиялар трансфери, тижорийлаштириш, маркетинг ва бошқалар.

“Тошкент — саломатлик жамиятнинг муҳим бойлиги ва аҳолининг турмуш тарзи сифатида қадрланадиган шаҳар”

Аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг саломатлиги бебаҳо бойлигимиз эканига ишонамиз. Биз учун устувор масала – соғлиқни сақлаш тизимини, энг аввало, унинг бошланғич бўғини, тез ва шошилинч тиббий ёрдамни янада ривожлантириш, замонавий тиббиёт ютуқларини жорий этиш, оилалар соғлиғини мустаҳкамлаш. Биз оналар ва болаларнинг сифатли тиббий хизматлардан баҳраманд бўлишини янада кенгайтириш, гўдаклар ва болалар ўлимини камайтириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, юқори технологияли ва самарали, замонавий жиҳозлар ва юксак малакали кадрлар билан таъминланган тиббий ёрдамни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз.

Биз арзон, сифатли ва малакали тиббий ёрдам соҳасига хусусий капитални жалб этиш орқали соғлом рақобат муҳитини яратиш, давлат-хусусий шериклиги тамойиллари асосида тиббиёт сифатини тубдан яхшилаш тарафдоримиз. Партия хусусий тиббиётни аҳолининг сифатли тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш гарови, соғлиқни сақлаш соҳасига янада самарали, замонавий технология ва инновацияларни жорий этишнинг муҳим шарти деб ҳисоблайди. Биз соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини барқарор ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва юксак малакали чет эллик мутахассисларни жалб этиш, хусусий тиббиёт соҳасидаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни кенгайтириш, тиббий туризмни ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантиришга доир чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз,

Биз тиббий профилактикани, айниқса, поликлинкалар даражасидаги профилактикани ривожлантириш тарафдоримиз. Хасталикнинг олдини олиш уни даволашдан кўра осонроқ, касаллик қанча эрта аниқланса, уни даволаш ёки газак олишини тўхтатиш имкониятлари шунчалик катта бўлади, деб ишонамиз. Биз “огоҳлантириш, тушунтириш ва олдини олиш” моделини амалга ошириш тарафдоримиз.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, болаларда, айниқса, қизларда жисмоний тарбия ва спортга меҳр уйғотиш партиянинг устувор вазифалари бўлиб қолаверади. Биз оилаларнинг, энг аввало, қизларнинг тиббий маданиятини ошириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини ва соғлом овқатланишни тарғиб қилиш, соҳада ижтимоий рекламалар улушини кўпайтириш, аҳоли барча қатламларининг соғломлаштириш, даволаш ва реабилитация тиббиётидан баҳраманд бўлишини янада кенгайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар қабул қилиниши тарафдоримиз. Юқумсиз касалликлар профилактикаси ва назорати, аҳолида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, хавфли хатти-ҳаракат ва зарарли одатлар моделидан воз кечишнинг узоқ муддатга мўлжалланган дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таклиф қиламиз.

Биз учун устувор вазифа – аҳолини сифатли ва арзон дори-дармонлар билан таъминлаш. Ҳаёт учун ўта зарур ва аҳамиятли дори-дармонлар, социал аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт амалиётида нисбатан кенг қўлланиладиган тиббиётга оид маҳсулотлар соҳанинг етук мутахассислари иштирокида очиқчасига шакллантирилмоғи, янгиланмоғи ва кенгайтирилмоғи лозим деб ҳисоблаймиз. Социал дорихоналар тармоғини ривожлантириш, жумладан, давлат-хусусий шериклиги асосида ривожлантириш борасидаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз.

“Тошкент – бандлик тўла таъминланадиган ва барча ўзига муносиб иш топадиган шаҳар”

Биз фуқароларни тенг меҳнат ва тенг иш ҳақи эвазига муносиб иш, тўла ва унумдор, мақбул бандлик билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, меҳнат бозорининг мутаносиблигини кафолатлаш ва инфратузилмасини ривожлантириш, ишсизлик даражасини камайтиришни шаҳримизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришдаги устувор вазифалардан деб ҳисоблаймиз. Ишсизлик, айниқса, ёшлар ўртасидаги ишсизлик асло йўл қўйиб бўлмайдиган муаммолардандир. Биз айни пайтда ишга жойлашиш борасида кенг имкониятлар яратиш, бу масалада давлат органлари билан бир қаторда фуқароларнинг ҳам масъулиятини ошириш, ўз ҳолича ўзига ёрдам бера олмайдиган ҳар бир одамнинг шахсий шароитини ҳисобга олиш, мазкур мақсадларга жамият ва хусусий секторнинг ресурсларини ҳам жалб этишга йўналтирилган сиёсат тарафдоримиз.

O‘zLiDeP аҳолини иш билан таъминлаш ва янги иш ўринлари очишнинг йиллик дастурларини амалга ошириш тажрибасини қўллаб-қувватлайди. Ишонамизки, тадбиркорлик – аҳолини иш билан таъминлаш кафолатидир. Биз мазкур масалаларнинг ечими иш ўринлари очишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иштирокини янада кенгайтириш, оилавий бизнесни ривожлантириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаган кичик корхоналарга кенг имтиёзлар беришда деб биламиз.

“Тошкент – ёшлар шаҳри”

Ишонамизки, ҳар томонлама ривожланган, соғлом, эркин ва ўзига ишонган ёшлар – келажак бунёдкорларидир. Партия “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва, албатта, бахтли бўлишлари шарт!” деган оқилона тамойилга содиқ қолади. Ёшларимиз юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиши, ҳеч бир соҳада ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, бахтли ва келажакка катта ишонч билан яшашини таъминлаш учун бор куч ва имкониятларимизни ишга соламиз.

Ҳаётда кўтаринки муҳит яратиш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий истиқболи, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини иш билан таъминлаш учун изчиллик билан ҳаракат қилаверамиз. Биз ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришини қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш борасидаги тизимли ишлар давом эттирилиши тарафдоримиз. Шунингдек, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ёш оилалар учун муносиб уй-жой ва социал-маиший шароит яратиш, ёшлар уйларини барпо этиш борасидаги чора-тадбирларнинг янада самарали ва ўз вақтида бажарилиши тарафдоримиз.

Ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, “Бир болага етти маҳалла – ота-она” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш учун бор куч ва имкониятларимизни ишга соламиз. Ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлашда, аввало, маҳаллалар фаоллари, бой ҳаётий тажриба, билим ва маънавий салоҳиятга эга нуроний отахон ва онахонларимиз кўмагига таянамиз.

Партия ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, ёш авлоднинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, ҳар бир туманнинг ўзига хос имкониятларидан келиб чиқиб, касбга йўналтириш борасидаги масалаларни самарали ҳал қилиш тарафдори. Биз ёшлар ўз бизнесини ташкил қилиши учун янада қулайроқ шароит ва ёшлар тадбиркорлиги кластерини яратишга йўналтирилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз.

Биз қуйидаги масалаларга устувор аҳамият берамиз:

ёш олимлар ва талабаларнинг замонавий, илғор услублар ва технологияларни эгаллаши;

ёшларнинг инновацион фаолиятини ривожлантириш, илмий ва техник ғояларининг саноат нусхаларини рўёбга чиқариш;

ёшларни юқори технологияли замонавий ишлаб чиқаришларга жалб қилиш.

Шу мақсадда мамлакатимиз олий таълим муассасалари ҳузурида ёшлар инновация марказларини ташкил этишга доир чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз.

Биз ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, улар орасида ҳақиқий лидерларни кашф этиш ва тарбиялаш, китоб ўқиш маданиятини ошириш, Ватанга муҳаббат, эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тарафдоримиз.

Ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, фаол фуқаролик позициясиини шакллантириш, юз бераётган сиёсий жараёнларга онгли муносабатда бўлиш, маънавий-ахлоқий соҳада турли ташқи ва ички таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, болаларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш партиянинг энг муҳим вазифалари бўлиб қолаверади. Биз ёшлар шаҳарчаси, ёшлар ҳукумати ва ёшлар парламентини ривожлантириш тарафдоримиз.

Биз ёшлар онгига либерал-демократияга оид қадриятларни сингдирадиган инсоний тарбия тизимини яратиш тарафдоримиз. Ишонамизки, келажак айнан ана шундай ёшлар қўлида бўлади. Биз ёшларга ва пойтахтимизнинг порлоқ исиқболига, давлатимизнинг буюк келажагига ишонамиз.

Тошкент – «хавфсиз шаҳар»

Партия жамиятда тинчлик ва осойишталик, барқарорлик, диний бағрикенглик, миллатлар ва фуқаролараро тотувлик ҳукм суриши, хавфсизликка қарши барча таҳдид ва хатарларнинг олдини олишни пойтахтимиз ва мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан барқарор ривожланишининг энг муҳим омиллари деб билади.

Биз учун устувор масала – эркин жамиятда яшовчи эркин фуқаронинг маънавий жиҳатдан муттасил юксалиши, ўз ҳақ-ҳуқуқларини таниган, боқимандаликнинг ҳар қандай кўринишидан йироқ, ўз кучи ва салоҳиятига ишонадиган, айни пайтда жамоа билан тил топиша оладиган, юз бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан ўз фикри ва нуқтаи назарига эга ҳар томонлама ривожланган шахсни шакллантириш.

 Биз жамиятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолияти бўйича жамоатчилик назорати механизмларини мустаҳкамлашни жамиятда қонунчиликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан деб ҳисоблаймиз.

Партия ички ишлар органлари тизимидаги туб ислоҳотларни, фаолияти, энг аввало, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган мазкур органни малакали хизматга айлантириш борасидаги тизимли чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди. Биз учун устувор вазифа – мазкур тизимнинг моддий-техник базасини яхшилаш ва фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, аҳоли билан тизимли ва манзилли мулоқотни йўлга қўйиш.

Биз Тошкентни “хавфсиз шаҳар” сифатида ривожлантириш концепциясини қўллаб-қувватлаймиз ва бу борада узоқ муддатли дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ташаббуси билан чиқамиз.

***

Партия баён этилган Дастурни илгари сурар экан, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги барча соҳаларни эркинлаштиришда ўзининг кенг миқёсли сиёсий ва фуқаролик ҳаракати сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлашни истайди.

O‘zLiDeP – ислоҳотларнинг тақдири, Ҳаракатлар стратегияси қоидаларининг ҳаётга татбиқ этилиши ва электоратининг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш учун масъулиятни ўз зиммасига олган сиёсий кучдир.

Партия жамоатчилик диққат марказида турган муаммоларнинг ҳал этилиши йўлидаги ечимларни топишга фаол ҳаракат қилар экан, бунда аҳолининг кенг қатламлари, аввало, тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатларидан, пойтахтимизда истиқомат қилувчи ҳар бир инсон фаровонлигини муттасил ошиб бориш мақсадларидан келиб чиқади. Ўз мақсадларимизга эришишнинг энг самарали йўлларини топиш ва амалга оширишда биз ғоя ва дастурларнинг конструктив, рақобатли курашига тайёрмиз.

Айни пайтда мулкдорларнинг ўрта синфи, O‘zLiDeP аъзолари ва тарафдорларининг кучи ва билими, ирода ва тажрибаси, интилиши ва салоҳиятини ушбу эзгу мақсадларга эришишимизнинг асосий кафолати деб биламиз, энг муҳими – шаҳримиз аҳолисининг мардлиги ва ғайрати, букилмас иродаси ва дадиллигига таянамиз.

O‘zLiDeP ўз кучига ишонади ва у бунёдкорлар партияси эканини амалий ишлари билан исботлашга қодир!

Биз ислоҳотлар йўлидаги барча тўсиқларни оғишмасдан бартараф этиб, бугунги давр олдимизга қўяётган вазифаларни виждонан ва масъулият билан ҳал қилиб бораверамиз.

Кўпмиллатли меҳнаткаш халқимиз билан бирга қайд этилган вазифаларни албатта амалга оширамиз ва ўз олдимизга қўйган юксак мақсадларга эришамиз.

Халқимизга садоқат билан хизмат қилиш – муқаддас бурчимиз!

 Фуқароларимиз манфаатлари йўлида ҳаракат қилиш – вазифамиз!

Тошкентнинг дунёдаги энг жадал ривожланаётган мегаполислар сафидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш – мақсадимиз!

Ҳурматли сайловчилар – азиз ҳамшаҳарлар!

Сайловда ана шундай аниқ вазифаларни олдига қўйиб, Тошкент шаҳрини гўзал ва бетакрор марказга айлантиришни мақсад қилган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси номзодларига овоз беринг!

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

Теглар
Сайлов 2017
  • Кўрилди
    1678
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+