O‘zLiDeP фракцияси 2018 йилги Давлат бюджети лойиҳасини муҳокама қилди

13.12.2017, 16:07

O‘zLiDeP фракцияси 2018 йилги Давлат бюджети лойиҳасини муҳокама қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси муҳокамасига киритилиши режалаштирилган 2018 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

Депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этган йиғилишда фракциянинг O‘zLiDeP Сайловолди дастурида қайд этилган устувор йўналишларни амалга ошириш билан боғлиқ позицияси белгилаб олинди. Бинобарин, партия Сайловолди платформасида макроиқтисодий сиёсатни давом эттириш мақсадида Давлат бюджети мутаносиблигини таъминлаш, иқтисодиёт ва хўжалик субъектлари учун солиқ юкини янада камайтириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш, солиқ маъмурий бошқарувини яхшилаш, молия бозори барқарорлигини таъминлашга қаратилган мўътадил қатъий пул-кредит сиёсатини амалга ошириш, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмини мустаҳкамлаш, бутун солиқ тизимини соддалаштириш ва унинг аниқ-равшан, тушунарли бўлишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Йиғилишда 2018 йилги бюджет ва солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилганлиги таъкидланди.

Асосий молиявий ҳужжатда 2018 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишларида хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли даромадларига солиқ юкини янада камайтириш мақсадида фойда солиғи ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига ажратмаларнинг умумий ставкасини пасайтириш, кўчар мулкни юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан, солиқ ставкасини 5 фоиз миқдорида сақлаган ҳолда, озод қилиш, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини пасайтириш, ўсимлик ёғи бўйича акциз солиғи ставкасини 50 фоизга қисқартириш, жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ юки даражасини фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган ҳисоб рақамларига ажратма миқдорини 1 фоиздан 2 фоизгача ошириш ҳисобига камайтириш кўзда тутилмоқда.

Фракция аъзолари 2018 йилда бюджет маблағларини режалаштиришнинг самарадорлигини ошириш, улардан фойдаланишда юқори натижаларга эришиш ҳамда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган чораларни амалга оширишни давом эттириш кўзда тутилаётганига алоҳида эътибор қаратишди.

Таъкидландики, 2018 йилда Давлат бюджети даромадлари 62,2 трлн. сўмни ёки ЯИМга нисбатан 21,4 фоизни ташкил этади. Давлат бюджетига тушумлар ЯИМ номинал ўсишига мос равишда 25,9 фоизга ортади. Бевосита, солиқлар бўйича тушумларни прогноз қилишда фойда солиғи билан ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқларининг бирлашиши ҳисобга олинди.

Иқтисодиёт харажатларининг асосий қисмини ташкил этаётган 2 741,8 млрд. сўм ҳажмдаги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг сув хўжалиги объектларини сақлаш харажатлари билан боғлиқ масалага фракция аъзолари алоҳида эътибор қаратишди. Бунда жорий йилга нисбатан 9,4 фоизга ўсиш билан ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,9 фоиз миқдорида белгилаш назарда тутилмоқда.

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг 2018 йилги прогноз кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2008-2022 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорида белгиланган мақсадли параметрлар асосида прогноз қилинган. Дастур доирасида Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасидан ерларнинг мелиоратив ҳолатни яхшилаш тадбирлари учун 2018 йилда 553,4 млрд. сўм маблағ ажратиш режалаштирилмоқда.

Эътиборга молик жиҳати, ушбу тадбирларни амалга ошириш натижасида 276,0 минг гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳосилдорлиги ҳамда фермер хўжаликларининг даромадлари ошишига эришилади.

Йиғилиш сўнггида кун тартибидаги асосий масала ва қизғин кечган муҳокамалар юзасидан O‘zLiDeP фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1847
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+