Мақсадимиз эзгулик, ниятимиз улуғ, тилагимиз фаровон ҳаёт (+видео, фото)

17.10.2019, 15:19

Мақсадимиз эзгулик, ниятимиз улуғ, тилагимиз фаровон ҳаёт (+видео, фото)

Чирчиқ шаҳри деганда кўз олдимизга хилма-хил маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи, довруғи бутун республикамизга ёйилган турли саноат корхоналари, меҳрибон, олижаноб, соҳиби тадбир одамлар, бунёдкорона меҳнат билан банд кўп миллатли аҳоли жонланади. Кейинги йилларда шаҳар янада шиддат билан ривожланди. Бири-биридан кўркам янги бинолар, заводлар, маданий иншоотлар қад ростлади. Энг муҳими, янгича фикрлайдиган, юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол қатнашиб, эл тақдирини ўз тақдири деб билган инсонлар янада кўпайди бу ерда.  Шу ўринда шаҳарда икки ярим мингга яқин партиядошимиз борлигини, ҳар йили ўртача 500-600 киши фаолиятини O‘zLiDeP билан боғлаётганини қайд этиш жоиз.

Видео:

O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши навбатдаги тарғибот тадбирини ҳар жиҳатдан обод ана шу масканда ташкил қилгани таҳсинга лойиқ.

Куннинг биринчи ярмида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида “O‘zLiDeP ёшлар кубоги” мусобақалари бўлиб ўтди. Мазкур таълим муассасаси талабалари волейбол, баскетбол, стол тенниси, мини футбол ва бошқа спорт турлари бўйича баҳслашдилар.

Кечга яқин “Кимёгарлар” маданият саройида тадбирнинг асосий қисми бошланди. Майдонга нафақат тарафдорларимиз ва маслакдошларимиз, балки  турли соҳа вакиллари, нуронийлар, ўсмирлар жам бўлганини, ота-оналар фарзандлари билан, ёшлар дўсту ҳамроҳлари билан келганини пайқаш қийин эмасди. Ҳамма ёқда сайловга доир чақириқлар, партиямиз шиорлари ёзилган транспарантлар, O‘zLiDeP рамзи туширилган байроқлар, либослар кўзга ташланади. Одамларнинг чеҳраларида байрамона кайфият, кўтаринкилик, мамнуният балқиб туради.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов тадбирни очиқ деб эълон қилди ва сайлов кампанияси партия учун энг масъулиятли жараён экани, бу сиёсий куч, биринчи навбатда,  тадбиркорлар, фермерлар манфаатини ифода этиши, иқтисодиётни янада либераллаштириш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, инсон эркинлигига эришиш сингари устувор ғоялар рўёби учун курашиши ҳақида сўз юритди.

– Партиямиз ўз тарихида уч марта парламент сайловларини, шунингдек, Президент сайловларида ҳам муваффақият қозонган сиёсий кучдир, – деди партия раҳбари. – O‘zLiDeP ўтган даврда икки марта бош вазир номзодини кўрсатиш хуқуқига эга бўлган ягона партия. Келгусида ҳам мавқеимизга муносиб иш юритиб, зиммамизга олган барча вазифаларни амалга оширамиз. Хайрихоҳларимиз, сафдошларимиз билан биргаликда тадбиркорлик, фермерлик янада кенг қулоч ёзиши учун, ишбилармонлик муҳити яхшиланиши учун янада қулай шарт-шароит яратамиз. Шу орқали фуқароларнинг даромадини ошириш, бой-бадавлат қилиш, ҳаётдан рози қилиш учун бор кучимизни йўналтирамиз.

Дарҳақиқат, дунёнинг юксак ривожланган мамлакатлари, биринчи навбатда, хусусий бизнесга кенг имконият яратиш орқали улкан салоҳиятга эга бўлган. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Юртимизда Президентимиз бошчилигида айнан шу соҳага жуда катта эътибор қаратилаяпти. Тадбиркорларга, инвесторларга қулай шароит яратиш бўйича улкан вазифалар белгиланган ва улар изчиллик билан амалга оширилаяпти. Чунки тадбиркорлик фаровонлик калитидир. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ана шу вазифалар ижроси учун масъул. Бугун ҳар бир юртдошимизда тадбиркор бўлиш учун имконият бор. Уларнинг ташаббус ва ғоялари рўёбга чиқишида  партиямиз доимо мададкордир. Парламентдаги фракциямиз вакили Расул Кушербаев ўз сўзида ана шулар ҳақида тўлқинланиб гапирди.

Ўзбек, тожик, қозоқ, корейс, рус миллий маданий марказлари билан ҳамкорликда тайёрланган бадиий дастурдан ўрин олган куй-қўшиқлар, рақслар, ўйинлар тўпланганларни хушнуд этди.

Биз билан мулоқотда бўлганларнинг айримлари илгари партиямиз ҳақида тўла тасаввурга эга эмасликларини айтди.

–  Бугунги тадбир жуда қизиқарли ва мазмунли бўлди, – дейди Бўстонлиқ туманидаги 32-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Тожибой Шонигметов. – Шу каби тадбирлар эзгуликка хизмат қилади. Тўғриси, O‘zLiDeP ҳақида кам маълумотга эга эдим. Сўзга чиққанларни эшитиб, фаоллар билан суҳбатлашиб, партия тўғрисида муайян тушунча ҳосил қилдим. Чиндан ҳам, фақат тадбиркорликни ривожлантирибгина ҳар соҳада муваффақиятга эришиш мумкин. Ишбилармонлик, хусусий мулкка йўл бермаган, бу борадаги ташаббусларни бўғган давлатлар қандай аҳволда эканлиги барчага маълум. Шу боис сайловда ушбу партиядан кўрсатилган номзодларни қўллаб-қувватлашга аҳд қилдим.

Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосарлари Дилшод Шоумаров ва Элбек Шукуров “O‘zLiDeP ёшлар кубоги” мусобақаси ғолибларини  табриклаб, уларга қимматбаҳо совғалар топширишди.

– O‘zLiDeP  кучлилар, чемпионлар партияси. Бу сиёсий куч кўзлаган барча марраларини албатта забт этади, – деди мини футбол бўйича турнир ғолиби Худоёр Зикрияев. – Чирчиқликлар, O‘zLiDeP  билан олға!

Тадбир давомида жуда кўп ёшлар партия сафига қўшилиш истагини билдиргани эътиборга молик.

Хонандалар Тоҳир Содиқов, Анвар Ғаниев, Наргиза Азимова, Афрўза томонидан ижро этилган қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.

Беҳзод ИСРОИЛОВ,

“XXI asr” мухбири

Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    2203
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+