O‘zLiDeP: Янги Ўзбекистон – янгича бошқарув

13.12.2019, 14:53

O‘zLiDeP: Янги Ўзбекистон – янгича бошқарув

Партия учун янги Ўзбекистон – шахс, бизнес ва хусусий секторнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган профессионал парламент фаолият кўрсатаётган ва “Инсон давлат учун эмас, давлат инсон учун” тамойили амал қилаётган мамлакатдир.

Парламентаризмни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, сиёсий партияларнинг ролини ошириш, халқ ҳокимиятини янада кучайтириш бу борадаги партиянинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. O‘zLiDeP парламент сайловларида ғалаба қозонган партия нафақат Бош вазир номзодини, балки парламент қуйи палатаси Спикери номзоди, Ҳукумат таркибини таклиф этиши, сайловларнинг пропорционал тизимига ўтиш, ҳокимият органларининг ҳисобдорлигини ва очиқлигини таъминлаш мақсадида жамоат ва парламент назорати тўғрисидаги қонунларни замон талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги борасидаги фаолият сифатини тубдан ошириш, қонунчилик базасини тизимлаштириш ва қонуности ҳужжатлари сонини кескин қисқартириш, қонун ижодкорлигида “ақлли тартибга солиш” модели элементларини қўллаш, “қонуннинг ягона манбаи ва муаллифи халқ экан, қонунлар инсон ва жамият ҳаётини яхшилаш, эркинлаштириш учун қабул қилинади”, деган олижаноб ғояни ҳаётга жорий этиш каби ғояларни илгари сурмоқда.

Партия бу борада бизга тўғридан-тўғри, бевосита ишлайдиган қонунлар керак ва қонуности ҳужжатлари билан умуммажбурий нормалар белгилашни тўхтатиш зарур, деган қатъий позицияни ёқлайди.  Шунинг учун партия норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш ҳамда жамоат ташкилотларининг бу борадаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаб қўйиш мақсадида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоат муҳокамасини ташкиллаштириш тўғрисида”ги қонунни қабул қилишни таклиф этмоқда.

Бундан ташқари партия халқ депутатлари кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг ваколатларини кенгайтириш, энг муҳими, мазкур тузилмаларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, реал даромадларнинг барқарор ўсиши, турмуш даражаси ва сифатини ошириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ҳамда назорат қилиш бўйича масъулиятини кучайтириш. Биз халқ вакиллик органларининг фуқаролар учун очиқлигини таъминлаш, “Электрон парламент” ва “Электрон халқ депутатлари кенгаши” каби концепцияларни ҳаётга изчил татбиқ этиш тарафдоридир.

Партия дунёнинг давлат бошқаруви сифати юқори даражага эга, ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилган 30 та давлати қаторига Ўзбекистоннинг киришига эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Давлат хизмати  бу – фуқароларнинг профессионал хизмат фаолияти, унда ўз касбининг усталари ишлаши шарт, деган позициямизда қаттиқ турамиз.  Бу – давлат бошқаруви тизимининг самарали ва сифатли фаолият юритиши, жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш гаровидир!

Айни пайтда бу борада анчагина камчилик ва нуқсонларимиз мавжудлиги ҳаммага аён, айрим давлат ҳокимияти вакилларининг у ёки бу масаладаги “қовун тушириш” ҳолатлари ҳақида кўп ва хўп гапирилди, бу вазият ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Шунинг учун партиямиз менежментнинг замонавий усулларини ва корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этиш, аутсорсинг дастурларини амалга ошириш, давлат хизматига замонавий фикрлайдиган, янгича тафаккурга эга, бошқарувнинг инновацион, янада мослашувчан моделларини, жумладан, лойиҳа моделини (Agile, Scrum, Kanban, PRINCE2 ва бошқалар) ишлаб чиқиш ва жорий этишга лаёқатли етук мутахассислар, сиёсий партиялар, хусусий сектор вакилларини, кучли хорижий экспертларни жалб қилишни кўзда тутувчи янги кадрлар сиёсатини амалга ошириш,  маъмурий ислоҳотлар концепцияси қоидаларининг тўлиқ ва самарали амалга оширилиши, ҳукумат, давлат институтлари ҳамда жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг барқарорлиги ва самарадорлиги, давлат хизматларининг сифати ва тезкорлигини таъминлаш, барча давлат хизматларини BPR (Business process reengineering – бизнес жараёнини қайта ташкил этиш) тизими асосида соддалаштириш, давлат хизматларини кўрсатишга замонавий ахборот тизимларини кенг жорий этиш, “бир ойна” тамойили асосида кўрсатиладиган давлат хизматларини кенгайтириш, Ўзбекистоннинг изчил инновацион ва технологик ривожланишини таъминлаш мақсадида ушбу соҳанинг бошқарув тизимини такомиллаштириш ғояларини илгари суради.  Партия давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб этиш, бюджет маблағлари тасарруф қилинишининг шаффофлиги, давлат мулкидан фойдаланишнинг самарадорлиги ва мақсадлилиги каби муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолайди.

Партия ҳозирги ахборот жамияти шаклланиши шароитида, ахборот ва билимлар тараққиётнинг стратегик омилига айланган бир даврда мамлакат ривожланиши ва унинг рақобатбардошлигини таъминлаш замонавий ахборот-коммуникация ва “рақамли” технологиялар жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларига қанчалик жорий этилгани билан боғлиқ деб билади.

Хабарингиз бор, айни пайтда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида  ахборот технологиялари, молия технологиялари, логистика, электрон тижорат, электрон таълим, биотехнология ва бошқа йўналишлардаги илк лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Масалан, АҚШдаги транспорт корхоналарига логистика ҳамда кафе ва пиццерияларга аутсорсинг бўйича технологик хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Технопаркнинг бу каби хизматлари арзонлиги, сифати қолишмаслиги билан хорижликларга маъқул бўлмоқда. Соҳа ривожига янада кенг шароит яратиш мақсадида бу ерда яна еттита лотда қурилиш қилиниб, IT-офислар, бизнес маркази, меҳмонхона ва бошқа бинолар барпо этиш режалаштирилган. Технопаркда йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2020 йилда 10 миллион доллардан ортиши, 2025 йилда эса 100 миллион долларга етиши кўзда тутилган. Умуман олганда юртимизда келгуси 5 йил ичида дастурий маҳсулотлар экспортини 10 баробарга ошириш, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги ахборот технологиялари секторининг улушини камида 4 фоизга кўтариш режалаштирилган. Бундан ташқари, «Big data», яъни катта ҳажмли маълумотларга ишлов бериш ва «нарсалар интернети», ақлли видеокузатувлар ва жамоат жойларида мониторинг тизимини жорий этишни ўз ичига олган «ақлли» ва «хавфсиз» шаҳарлар технологияларини жорий этиш бўйича бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш давом эттирилмоқда.  Хусусан шу йилнинг октябрь ойида Ўзбекистондаги илк ақлли меҳмонхоналар Tashkent Cityда жойлашган янги Конгресс-холл ва Hilton меҳмонхонаси иш бошлади. Ушбу замонавий биноларда бошқаришнинг турли воситаларини – кириш/чиқиш, иситиш ва вентиляция тизимларини бирлаштирувчи тўлиқ интеграциялашган, киберхавфсиз, булутли бошқариш тизими (BMS) ўрнатилган. «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси доирасида бутун республика бўйлаб йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ҳолатларини видеоқайд этиш, турар-жой бинолари ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларнинг хавфсизлигини мониторинг қилиш, автотураргоҳлар ва тўхташ жойларини тартибга солиш каби ишлар олиб борилмоқда. Яқинда эса Ўзбекистон ва БАА ихтисослаштирилган онлайн портал орқали аҳолига бепул масофавий таълим олиш имкониятини берувчи «Бир миллион ўзбек дастурчиси» (One Million Uzbek Coders) лойиҳасини ишга тушириб юборишди. Дастурнинг асосий мақсади – рақамли технологиялар бўйича мутахассислар авлодини тайёрлаш ва дастурлаш бўйича уларга керакли билим ва кўникмаларни беришдир.

Шунинг учун партия ушбу йўналишда “Рақамли Ўзбекистон 2030” дастурини жорий этиш, “катта маълумотлар” (“Big data”), “блокчейн”, “ақлли”, “хавфсиз” шаҳар, “интернет буюмлар” технологияларини кенг жорий қилиш, телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, ушбу асосда мамлакат ЯИМнинг 30 фоизга ўсиши ҳамда юртимизнинг “рақамли иқтисодиётга тайёрлик” ва “АКТ ривожланиши” халқаро индекслари бўйича илғор давлатлар қаторига киришини таъминлаш, мамлакатдаги барча аҳоли пунктлари ва таълим муассасаларига замонавий оптик толали интернет алоқа тизимини олиб кириш ва интернет хизматлари нархини пасайтириш, ташқи интернет каналлари орқали интернет трафиклари сотиб олиш ва мамлакатга тарқатиш бўйича монополлашувга йўл қўймаслик, аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасида ўзаро самарали мулоқотни шакллантириш, ортиқча сансалорлик ва бюрократизмнинг олдини олишга қаратилган “Электрон ҳукумат” концепциясини изчил амалга ошириш,  давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг ахборот ресурслари ва технологияларини янада тараққий эттириш, соҳада давлат-хусусий шерикчилик механизмини ривожлантириш, хусусан, давлат кадастри ишларини юритишнинг тўлиқ рақамлаштирилишини таъминлаш ва мулкни рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилини соддалаштириш каби бир қатор комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни  таклиф этмоқда. 

  • Кўрилди
    1057
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+