Наманганда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришга бағишланган Республика илмий-амалий конференция ўтказилди

10.02.2021, 10:24

Наманганда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришга бағишланган Республика илмий-амалий конференция ўтказилди

Наманганда “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини ривожлантиришнинг долзарб вазифалари ва истиқболлари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.      

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, Бизнес-Омбудсман, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкилланган ушбу конференцияда вазирлик ва идоралар, ҳокимликнинг масъул ходимлари, давлат ва хўжалик бошқарув органлари, олимлар, тадқиқотчи-изланувчилар, фермерлар, агрокластерлар, тадбиркорлар ва соҳага алоқадор бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ва мамлакат раҳбарининг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида аграр соҳадаги ислоҳатларни ривожлантиришга оид белгилаб берган устувор вазифаларини ҳаётга татбиқ этишга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш иқтисодиётимиз ривожланиши ва аҳоли фаровонлигини ошириш учун улкан аҳамият касб этади. Мамлакат ялпи ички даромадининг учдан бир қисмидан ортиқроғи аграр соҳа ҳиссасига тўғри келади. Соҳада 3,5 миллиондан ортиқ аҳоли иш билан банд ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чет элга сотишдан тушган тушумлар Ўзбекистоннинг умумий экспорт даромадларининг 25 фоизигача миқдорини ташкил қилади.

Кейинги тўрт йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан соҳада давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш борасида салмоқли ютуқларга эришилди. Бу эса иқтисодиётимизнинг юксалишига, аҳолимизнинг даромадлари ошишига, қишлоқларда фуқароларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Анжуман доирасида шу каби масалалар муҳокама қилиниб, соҳа мутахассислари иштирокида аграр соҳада ислоҳотларни жадаллаштириш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, чуқур қайта ишлаш ва экспортини ривожлантириш борасида амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир доирасида мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган агрокластерлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

  • Кўрилди
    1047
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+