Кластер ва фермерлар муносабатида шаффофлик зарур

30.03.2021, 17:29

Кластер ва фермерлар муносабатида шаффофлик зарур

O'zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Б.Мардаев ҳамда Ф.Саматовлар Термиз туманидаги фермер хўжаликлари раислари ҳамда “Инденим кластер” МЧЖ вакили билан учрашди. Тумандаги “Сардор Озод Сурхон” фермер хўжалиги очиқ дала шийпонида ўтган амалий учрашувда ҳозирда кластер тизими бўйича янги қонун ҳужжати устида ишланаётгани, мазкур қонун лойиҳасида фермерларнинг ҳам, тадбиркорнинг ҳам фикри, таклифлари инобатга олиниши муҳимлиги борасида сўз борди.

- Айни пайтда воҳада 32 та кластер фаолияти йўлга қўйилган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O'zLiDeP фракцияси аъзоси Ботир Мардаев. — Улар асосан, ғаллачилик, пахтачилик, мева-сабзавот ҳамда шоличилик каби йўналишларда фаолият юритмоқда. Бироқ, ҳали фермер ва кластер вакили ўртасидаги муносабатларда айрим тушунмовчиликлар мавжуд. Уларни бартараф этиш, иккала томон билан муносабатларда шаффофликка эришиш, ҳам давлатнинг, ҳам тадбиркор ва фермернинг манфаатини ўзаро уйғун ҳолатда бўлишини таъминлаш учун ҳам кластерлар тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишига эҳтиёж бор. Бугунги учрашувда иккала томоннинг ҳам ўринли мулоҳазалари, таклифларини тингладик. Билдирилган таклифлар қонун лойиҳасида акс тади, албатта.

- Кластер билан фермер хўжалиги ўртасида тузиладиган шартномада ҳар иккала томоннинг ҳам вазифалари, мажбурияти, ҳуқуқлари аниқ ва рўй-равшан белгилаб қўйилса, турли келишмовчиликка ҳожат қолмайди, — дейди Термиз туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Қаҳрамон Тўранов. — Кейин ҳар иккала томон ҳам бир-бирини қўллаб-қувватласагина ҳосилдорлик ҳам юқори бўлади, ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳам сифатли бўлади. Ишнинг унуми кўринади. Акси бўлса, муаммоларга ўралашиб қолиш ҳеч гап эмас.

Учрашувдан сўнг, депутатлар “Инденим кластер” МЧЖдаги янги қишлоқ хўжалиги техникаларини бориб кўришди. Кластер директори Олим Алимардонов бу техникаларнинг афзаллик жиҳатлари ҳақида, яна кластер корхонаси 5 миллион АҚШ доллари миқдорига тенг бўлган қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олиши режалаштирилаётганини айтиб ўтди.

Дарвоқе, айни пайтда 16,30 га ер майдони бириктирилган кластер корхонаси 10 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ипни, матони бўяш цехини ҳам ишга туширишни режа қилган.

O'zLiDeP Сурхондарё вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    531
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+