Таажжуб! Мутлақ монопол компания ҳам зарар кўрадими?

07.05.2021, 16:38

Таажжуб!  Мутлақ монопол компания ҳам зарар кўрадими?

Кўпчилик яхши хабардор, Давлат активларини бошқариш агентлиги ўз расмий сайтида 2020 йил якуни бўйича молиявий ҳисоботлар таҳлили натижасига кўра, ҳисобот топширган 1903 та давлат корхонасининг энг юқори соф фойда олган 20 та ва энг кўп зарар кўрган 10 та корхона рўйхатини шакллантирди.

Ҳақли савол туғилади? Зарар кўрган 10 та корхоналарнинг аксарияти ички бозорда монопол деган мавқега эга бўлса, қандай қилиб зиён кўриши мумкин? Ахир ҳеч қандай рақобатчиси бўлмаган компания ҳам зарар кўрадими!?

Мисол учун Ўзбекистон ҳаво йўлларини олайлик. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан токи шу кунгача бу соҳада якка ҳукмрон. Самолёт чипта нархларига ҳам хоҳлаган нархни белгилайди. Узоққа бормайлик. Шу кеча кундуздаги нарх-наво ҳақида гапирайлик. Одатда 2-3 миллион сўм турадиган чипталар бугунги кунда 10-11 миллион атрофида. Бундан аҳоли компания кўрилган зарарни шу йўсинда қоплаётган эканда деган хулосага келиши табиий ҳол. Халқни бу зайлда чалғитиш адолатдан эмас.

Шу маънода O'zLiDeP монополиянинг ҳеч қандай кўринишига йўл қўймаслик ва рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш деган ғояни илгари суриб келмоқда.  Зеро, бозор иқтисодиётига ўтган ҳар қандай давлатда, соғлом рақобат ва адолатли савдо қоидалари ҳукмрон бўлиши керак. Чунки, соғлом рақобат меҳнат унумдорлигини оширади, янги иш жойларини яратиш, инновациялар ривожи, энг муҳими, истеъмолчилар фаровонлигини таъминлайди. Соғлом рақобат нархлар пасайиши, товар-хизматлар сифати яхшиланишига олиб келади.

Умуман олганда, табиий монопол ҳолатдаги корхоналарнинг ўз мавқеларини суистеъмол қилиш ҳолатлари, уларнинг рақобатни ривожлантиришдан манфаатдор эмаслиги мамлакат иқтисодиётининг глобаллашув шароитидаги рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шундан экан, монопол корхоналарга берилаётган имтиёзларни камайтириш ва мувофиқлаштириш орқали мамлакатда қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболли кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш ва ушбу йўлда қатъий давом этиш долзарб масалаларидан ҳисобланади.

Мазкур ишларни иқтисодиётнинг ҳар бир тармоғида тизимли равишда таҳлил қилиб бориш, рақобат муҳитига ижобий ёки салбий таъсир этувчи омилларни аниқлаш ҳамда хорижий мамлакатларнинг бу борадаги илғор тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштиришга оид таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 6 июль куни имзолаган “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз иқтисодиётида эркин рақобат муҳитини ижобий томонга кескин ўзгартиришга қаратилган хужжат десак хато бўлмайди.

Биз фармонда белгиланган вазифалар ижросини тизимли давом эттириш тарафдоримиз. Шу маънода фармонда кўзда тутилган тизимли чоралар давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг бозорлардаги монопол мавқейини қисқартириш, имтиёз ва преференциялар бериш тизими самарадорлигини ошириш, нархларнинг бозордаги талаб ва таклифнинг ўзгаришига қараб шаклланиши каби омиллар эвазига миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

O'zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    362
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+