O‘zLiDeP партиялараро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

25.06.2021, 19:00

O‘zLiDeP партиялараро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Кейинги йилларда ўзбек-хитой алоқалари сезиларли даражада кенгайиб, стратегик шерикликнинг янада юқори поғонасига кўтарилди.  Таъкидлаш керакки, мамлакатларимиз раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган муносабатлар давлатлараро қизғин ҳамкорликнинг асоси, ўзаги бўлиб хизмат қилмоқда.  

Ўзбек-хитой муносабатларини янада ривожлантириш доирасида жорий йилнинг 25 июнь куни  “Хитой ва Ўзбекистон тараққиётининг янги старти” мавзуида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги ва Хитой коммунистик партиясининг (ХКП) 100 йиллигига бағишланган видеоанжуман шаклидаги симпозиум бўлиб ўтди. 

Мазкур тадбирда Ўзбекистон томонидан сиёсий партиялар, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари  қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти,  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва бошқа ташкилотлар вакиллари  қатнашди. Хитой томонидан эса ХХР нинг Ўзбекистондаги элчихонаси, ХКП МҚ халқаро алоқалар бўлими, Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти ва бошқа муассасалар, тузилмалар вакиллари иштирок этди.   

Симпозиум давомида бир қанча масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистон ва Хитойнинг давлат бошқарувига оид масалалар бўйича тажриба алмашилди, икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги истиқболлари хусусида атрофлича сўз юритилди. Иштирокчилар Ўзбекистон ҳамда ХХР тарихидаги муҳим саналар муносабати билан табриклар, қутловларни баён этдилар.    

Шу ўринда минтақавий ва халқаро сиёсат асосий йўналишлари бўйича Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсат ва халқаро ташаббусларни янги мазмун билан бойитиш мақсадида партиялараро ҳамкорлик механизмларини фаоллаштириш O‘zLiDeP дастуридан ўрин олган муҳим вазифалардан бири эканини қайд этиш жоиз.

Симпозиумда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Дилшод Шоумаров ҳам сўзга чиқди. У модернизация жараёнларида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, мамлакат сиёсий ҳаётида O‘zLiDeP мавқеи ва таъсирини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон билан ХХР ўртасидаги ҳар томонлама шерикчиликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда партия салоҳиятини юксалтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирди.

Пировардида Ўзбекистон Тадбиркорлар ва ишбилармонлар харакати –Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номидан ХКП аъзолари – ҳамкасбларимизни партияга асос солинган куннинг юз йиллиги билан қутлаймиз. Ишонамизки, ХКП бундан кейин ҳам Хитой халқи манфаатлари йўлида сидқидилдан хизмат қилади ва ХХР нинг Си Цзиньпин томонидан қўйилган мақсадлар сари дадил одимлашида етакчи куч бўлиб хизмат қилади.  

 O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    554
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара Арзеновна 2021-06-26 08:27:57

Маколадан куриниб турганидек O‘zLiDeP партиялараро ҳамкорликни кенгайтириши, яъни биргаликда харакат килиши давлатлараро ҳамкорликнинг яна бир куриниши ва давоми, ва албатта келгусида самарали ишлар асоси булиб хизмат килади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+