Оддий косибчиликдан корхона раҳбарлигигача

08.07.2021, 16:39

Оддий косибчиликдан корхона раҳбарлигигача

O`zLiDeP Сирдарё вилоят ва Оқолтин туман Кенгаши ходимлари, ёшлар, ОАВ вакиллари “Ёшлар ҳафталиги” доирасида Оқолтин туманидаги “NEW LEVEL SHOES” оилавий корхонаси фаолияти билан танишиш мақсадида корхонага ташриф буюришди. Ташриф давомида иштирокчилар бугунги кунда оилавий корхона томонидан амалга оширилаётган ишлар ва корхона раҳбари Ёрбек Мавлоновнинг келгусидаги режалари билан танишдилар.

Бугунги кунда 300 хил турдан зиёд харидоргир пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётган “NEW LEVEL SHOES” корхонасига айнан меҳнат фаолиятини туманда оддий косибчиликдан бошлаган Ёрбек Мавлонов раҳбарлик қилмоқда. Корхонани ташкил қилиб, фаолиятини бор йўғи 3-5 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришдан бошлаган мазкур корхонада бугунги кунда 300 хил турдаги харидоргир, кун талабидаги эркаклар пойабзаллари ишлаб чиқарилмоқда. Айни чоғда корхонада 60 нафарга яқин қишлоқ ёшларининг иш билан бандлиги таъминланган.

-  Уч ака-ука ўз меҳнат фаолиятимизни туманимиздаги турли жойларда косибчилик фаолиятини юргизишдан бошлаганмиз, - дейди Ёрбек Мавлонов. - Ҳар бир пойабзални таъмирлаб эгасига топшириш жараёнида қўлимдаги пойабзалнинг тикилиши, дизайни, тагчарми, қандай тайёрланганлигига алоҳида эътибор берардим. Кейин билсам, фақат мен эмас акаларим ҳам шундай қилишар экан. Бир суҳбат жараёнида ўзимиз пойабзал тикиш устахонасини ташкил этиш ҳақида фикрлашиб қолдик. Буни қарангки, ҳаммамизнинг хаёлимизда ана шу ўй, мақсад бор  экан. Яхши ният билан иш бошладик. Бугунги кунда фаолиятимизни олиб бораётган икки қаватли ташландиқ бинони ижарага олдик, таъмирладик. Тошкентдан диллерлар орқали чарм ва тагчарм маҳсулотларини олиб келяпмиз. Оддий кундалик ҳаётда кийиладиган оёқ кийимлар, тўй ва маросимларга ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб борувчи ишчи-хизматчилар учун кийиладиган пойабзалларни ҳам ишлаб чиқариб ички бозорга тақдим қилаяпмиз. Маҳсулотларимиз “White Gold”  савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаяпти.

Ёш тадбиркор ишни бошлаш жараёнида ишлаб чиқаришга банкнинг
90 миллион сўмлик сармоясини киритиб Хитойда ишлаб чиқарилган ускуналарни харид қилди. Албатта, ишни бошлаш, харидорлар эътиборини қозониш осон бўлмади. Бунинг учун биринчи навбатда уч ака-ука косиблар Ёрбек, Азизбек, Санжарлар пойабзал ишлаб чиқарувчи корхона, кичик корхона ва тадбиркорлар фаолиятини ўрганишди, улардан маслаҳат олишди. Кимдир чин кўнгилдан соҳа ҳақида маълумот берса, кимдир бу борадаги тажрибаси, соҳанинг сир-асрорини ошкор қилгиси келмади. Ёш тадбиркорларга соҳага қадам бақадам кириб бориш жараёнида тажриба орттириш, ўрганишларига, ўзларининг малакаларини маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида ошириб боришга тўғри келди. Тадбиркорларнинг ўзлари таъриф беришганидек, янги босқичга қадам қўйишди. Оилавий корхонага ака-ука, қариндош уруғлардан иборат 20 нафар ишчи-хизматчи  жалб қилинди. Дизайнер ҳам, қолипга тортувчи ҳам, янги маҳсулот турини ишлаб чиқаришга киритувчи ҳам ўзлари, уч ака-ука.

Айни дамда корхонада ишчи-хизматчилар сони 60 нафарга яқинлашиб қолди. Боз устига айни пайтда корхонанинг Гулистон, Қашқадарё, Навоий вилоятларида 3 тадан, Гулистон шаҳрида 1 та савдо дўконлари фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, улар ижарада фаолият олиб бораётган икки қаватли бинонинг биринчи қаватида ҳам мўъжазгина пойабзал дўконида пойабзал савдоси ташкил қилинган. Корхонада пойабзаллар аҳоли талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб Туркия, Хитой ҳамда маҳаллий чарм ва тагчарм маҳсулотларидан фойдаланиб тайёрланаяпти. Шу боис пойабзалларнинг ҳам нархи шунга яраша - 150 минг сўмдан бошланади. Тадбиркорларнинг нияти келгусида аёллар оёқ кийимлари ҳамда спорт анжомлари ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиш, 1000 нафар қишлоқ аҳолисининг бандлигини таъминлашдир.

Бугунги кунда яна шу яхши ниятни амалга ошириш мақсадида ака-укалар томонидан қизғин иш жараёнлари кетаяпти.

Яқинда ёш тадбиркорнинг саъйи ҳаракатлари, интилишлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланди. Ёрбек Мавлонов давлатимизнинг “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.

O`zLiDeP Сирдарё вилоят ва Оқолтин туман Кенгаши ходимлари томонидан “NEW LEVEL SHOES” оилавий корхонаси раҳбари, партия “Ёшлар қаноти” фаоли, 30 июнь – “Ёшлар куни”да давлатимиз раҳбари томонидан “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган Ёрбек Мавлоновга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

Ғофарали Умаров,

O'zLiDeP Оқолтин туман Кенгаши

Аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    403
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+