Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг очиқ рўйхати юритилади

14.07.2021, 10:25

Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг очиқ рўйхати юритилади

Коррупция — ҳар қандай давлатнинг, жамиятнинг тараққиётига тўғаноқ бўлувчи, ижтимоий ҳаёт барқарорлигига таҳдид солувчи хавфли иллат саналади. Агар бу ёвуз балонинг олди олинмаса, мамлакатда ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди. Бу исбот талаб қилмас ҳақиқатдир.

Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда коррупцияга қарши кескин кураш бошланди. Унинг олдини олиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга катта эътибор қаратилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз вазифасига киришган илк кунларданоқ бу долзарб масалани алоҳида эътиборга олиб, дастлабки имзолаган ҳужжати ҳам Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни бўлди.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда мазкур қонун ижросини таъминлаш мақсадида коррупцияга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилиб, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик, шаффофликни таъминлаш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди.

Аммо кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат харидлари, капитал қурилиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш, банк кредитларини ажратиш, ишга қабул қилиш каби қатор йўналишларда коррупция ҳолатлари сақланиб қолмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Фармонда мамлакат ривожланишининг бугунги босқичида коррупция Ўзбекистон давлати ва жамияти тараққиёти учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири экани назарда тутилиб, коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш барча даражадаги давлат органлари раҳбарларининг энг устувор вазифаси этиб белгиланди.

Эндиликда давлат бошқарувини коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш мақсадида Агентлик томонидан “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” юритилади. Бу рўйхатга тушган шахсларнинг давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиши таъқиқланади.

2022 йил 1 январдан бошлаб эса давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари, муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи, вояга етмаган фарзандларининг даромадлари, мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади.

Фармонда белгилаб қўйилганидек, бундан буён давлат хизматчиси томонидан декларацияни тақдим этишдан бош тортиш, қасддан нотўғри маълумотларни киритиш уни давлат хизматидан четлаштиришга, қонунда белгиланган жавобгарликка тортишга асос бўлади. Қолаверса, кейинги йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларига республика ҳудудидан ташқарида ҳисобрақамлар очиш ва эгалик қилиш, нақд пул маблағларини сақлаш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Агентликка манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда, шартнома, буйруқ ва бошқа ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида тақдимнома ёки уни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга даъво киритиш ваколати берилган бўлса, халқ депутатлари ҳудудий Кенгашларига маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбаларидан ажратилган маблағлардан фойдаланилиши устидан мунтазам равишда назорат ўрнатиши бўйича вазифалар белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг фармонида ўз ифодасини топган янгиликлардан яна бири, коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланганидир. Унга кўра, Агентлик давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан мунтазам равишда назорат олиб борган ҳолда, ҳар чорак якунлари бўйича Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига ахборот киритиб боради. Кенгаш эса дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини муҳокама қилади.

O'zLiDeP ва унинг парламентдаги фракцияси фармонда назарда тутилган вазифаларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, дастурий мақсадларига эришиш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича устувор ҳужжат сифатида ёндашади. Биз коррупция устидан ғалаба қозониш, мамлакатимизнинг коррупцияни рад этадиган ва бу борада “ноль тоқатлилик”ка эришган давлатлар қаторига киришига эришиш тарафдоримиз.

Фармонда белгиланган устувор вазифалар эса партия дастурий мақсадлари билан узвий ва ҳамоҳангдир. Биз давлат хизматчиларининг маблағлари ва молк-мулклари ҳақидаги маълумотларни очиқлаштириш, декларация қилишнинг янги тизимини жорий қилиш, парламент палаталаридаги коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталарининг ваколат ва функцияларини кучайтиришни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Бу борада фақат коррупциянинг оқибатлари билан эмас, балки унга сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиш чораларини кўрамиз.

Хулоса ўрнида айтганда, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади. У давлатнинг конституциявий асосларини, қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Мазкур фармоннинг ижроси шубҳасиз, коррупциянинг туб илдизини қирқиш билан бирга, Ўзбекистоннинг нуфузли халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашига хизмат қилиши муқаррар.

 

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    668
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+