Ишбилармон аёллар сафи кенгаймоқда

23.08.2021, 17:05

Ишбилармон аёллар сафи кенгаймоқда

Тадбиркорлик қилиш осон эмас. Бунда ҳисоб-китоб илмидан ташқари яхшигина журъат, меҳнат ва билим керак бўлади. Бугун ана шундай салоҳиятга эга опа-сингилларни кўрсам, бошқача қувонаман. Уларнинг ғайратидан, шижоати, янги-янги ғояларидан завқланаман.

O'zLiDeP яхши бир ташаббусни бошлаган - “Ишбилармон аёл” кўрик-танловини. Бир неча йилдан бери ўтказиб келинаётган мазкур танловда ташаббускорлиги, тадбиркорлиги билан жамиятга нафи тегаётган, кўплаб ютуқларга эришаётган, ўзи каби хотин-қизларни ишли, даромадли қилаётган аёлларимизни кашф этмоқда.

Танловнинг 2021 йилги туман босқичлари якунланиб, бугун партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгашида вилоят босқичи ўтказилди. Унда албатта, ҳудудларда ғолибликни қўлга киритган ишбилармон аёллар ўзларини ишлаб чиқараётган маҳсулотлари кўргазмаси билан иштирок этишди.

—  Гилам тўқиш бўйича бешинчи авлод вакилиман, бу ҳунарни онамдан ўрганганман, — дейди кўргазмада бежирим гиламларини ёйиб қўйган иштирокчи, “Остона гиламчи” оилавий корхонаси раҳбари Дилафруз Валлаева. — Ипак, пахта ва қўй жунидан гилам тўқиймиз. 150 нафар хотин-қиз меҳнат қилади бунинг учун. Биз тўқиган гиламларни Эрон, Саудия Арабистони, Туркия каби давлатларга экспорт қиламиз. Мазкур давлатлар билан 4 йиллик шартнома ҳам имзолаганмиз. Бир ойда 3-4 минг квадрат метр маҳсулотни етказиб бериш зиммамизда. Бу 30-32 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ дегани. Айни пайтда бу йўналишда кластер ташкил қилмоқчиман. Бунинг учун давлат томонидан 1,5 миллиард сўм миқдорда субсидия ажратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, корхонамизнинг ҳам шунча миқдордаги маблағини бу ишга тикиб, фаолиятимизни кенгайтириш ҳаракатидаман.

Тадбирда ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг фаолиятига, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг сифатига баҳо берилди. Ва танловнинг республика босқичида иштирок этадиган номзод саралаб олинди.

Ғолиблик “Меҳригиё даво” МЧЖ ҳамда “Кидерденс кидс” хусусий МТТ раҳбари Ойсанам Бойматовага насиб қилди. О.Бойматова айни дамда “Меҳригиё даво” хусусий клиникасига раҳбарлик қилибгина қолмай, 150 ўринли хусусий боғчани ҳам юритади. Бундан ташқари, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган цех, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирадиган иссиқхонаси ҳам бор. Яна тадбиркорнинг “Аёллар соғломлаштириш маркази”ни очиш режаси ҳам борки, унда тумандаги аёллар учун сузишдан тортиб, фитнес клубгача, соғломлаштирувчи салонлар, саунагача бўлишини режалаштирмоқда.

Тадбир ниҳоясида ғолиблар O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан қимматбаҳо совғалар ҳамда диплом билан тақдирланди.

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    972
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+