Ахборот технологиялари ва коммуникациялари – бугунимиз ва келажагимиз

14.09.2021, 09:22

Ахборот технологиялари ва коммуникациялари – бугунимиз ва келажагимиз

Юртимизнинг барча тармоқ ва соҳаларида рақамлаштириш жадал кечяпти ва бу жараён тобора кенгайиб ва чуқурлашиб боряпти. Лекин мазкур ўзгаришлар ўз-ўзидан юз бермаётганини таъкидлаш лозим.  Давлатимиз раҳбари АКТни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратаётгани туфайли биз бу борада бутун жаҳон билан уйғун  тараққий этяпмиз. Айниқса, кейинги беш йил мобайнида бу йўналиш доимо давлатимиз диққат марказида тургани, бугунги кунда эса эътибор, ғамхўрлик аввалгидан-да кучайганини қайд этиш зарур.

Президентимиз раислигида шу йил 10 сентябрь куни ахборот технологиялари соҳасида салоҳиятли кадрлар тайёрлаш ва иқтидорли ёшлар билан тизимли ишлаш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда ахборот технологиялари бўйича таълим шароитларини яхшилаш ва қамровини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Йил бошидан буён  IT Park резидентлари сони 35 фоизга кўпайиб, уларда 6 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган. Жорий йилнинг 8 ойида ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотлар 26 миллион долларга экспорт қилинган.  Ушбу лойиҳалар, умуман, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ҳозиргача бу лойиҳа доирасида 567 минг ўғил-қиз бепул сабоқ олди. Эътиборлиси, уларнинг 79 фоизи мактаб ўқувчиларидир.

Бугунги кунда юртимизда ахборот технологияларига ихтисослашган 100 та мактаб фаолият юритмоқда. Келгуси икки йилда бундай муассасаларни 205 тага етказиб, 30 мингдан зиёд ўқувчиларни ўқитиш режалаштирилган.

Шу боис мутасаддиларга ушбу мактаблар учун педагоглар, техника ва ўқув дастурларини ҳозирдан пухта тайёрлаш бўйича кўрсатма берилди.

Яна бир янгилик – жорий йил 1 октябрдан бошлаб барча ҳудудларда 14 та IT-техникум фаолияти йўлга қўйилади. Уларда дастурий инжиниринг, ахборот хавфсизлиги телекоммуникация каби йўналишлар бўйича 8 мингга яқин ўқувчи таҳсил олади.

Йиғилишда Президент ва ижод мактаблари ҳамда ихтисослашган мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Бугунги кунда 4 та Президент мактабида 576 нафар, 3 та ихтисослашган ва 9 та ижод мактабида 1 минг 500 нафар ўқувчи таълим олмоқда.

Давлатимиз раҳбари тарбия жараёнида миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳи асосий аҳамият касб этиши зарурлигини таъкидлади.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, дунёнинг илғор  давлатлари IТ технологиялар, стартап ғоялар, компьютер саводхонлигига жуда катта эътибор қаратяпти. Улар билан самарали, тенгма-тенг ҳамкорлик қилиш, иқтисодиётимизнинг  жадал  ўсишига эришиш учун рақамлаштириш ва янги технологияларни ҳаётимизга теран жорий этишимиз лозим.

Шараф Азбергенов,

O'zLIDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси сектор мудири

  • Кўрилди
    98
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+