Ўзбекистонда туризм хизматлари кўлами янада кенгаяди

27.04.2022, 16:41

Ўзбекистонда туризм хизматлари кўлами янада кенгаяди

Президент раислигида туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида вилоятимизда ушбу соҳани янада тараққий эттириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилаётганлиги, бироқ галдаги вазифалар ижросида ҳам масъулият билан ёндашиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Видеоселектор йиғилишида дунёда пандемия чекловлари юмшаётгани натижасида туризм индустрияси тикланишни бошлаётгани қайд этилганлиги бежиз эмас. Бу борадиги ижобий ўзгаришларни вилоятимизда ҳам кузатса бўлади. Соҳадаги ислоҳотлар замирида 2017 йилда Бухоро шаҳрида ташкил этилган “Бухоро инновациялар маркази” унитар корхонамизнинг ҳам ўз ўрни борлиги эътиборга молик. Асосий фаолиятимиз ички ва ташқи туризмни ривожлантириш билан боғлиқ бўлганлиги боис мазкур йўналишда бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқдамиз. Жумладан, зиёрат туризми доирасида мусулмон давлатларидан келадиган туристлар ҳамда маҳаллий саёҳатчиларни вилоятдаги 7 пир қадамжолари билан таништириш, шунингдек улар иштирокида мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари Самарқанд, Андижон, Наманган ва пойтахтимиз Тошкентнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этишга алоҳида эътибор бериляпти. “Бухоро бўйлаб саёҳат” лойиҳасининг ҳам ўз мухлислари бор.

Видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, эндиликда Бухоро-Самарқанд, Бухоро-Хива, Бухоро-Термиз йўналишлари бўйича замонавий автобус ва микроавтобуслар қатновини йўлга қўйилади. Бу эса ўз навбатида бизнинг фаолиятимизда ҳам янги босқичга кўтаришда, кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухорога хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимининг кўпайишида муҳим аҳамиятга эга. 

Корхонамизда  бугунги кунда 5 нафар олий маълумотли мутахассиснинг бандлиги таъминланган. Уларнинг барчаси Бухоро давлат университетининг туризм факультети битирувчиларидир.

Туристик йўналишдаги корхонамиз ходимлари билан бирга жорий 2022 йилнинг охиригача бундан бир мунча вақт илгари ишлаб чиқилган “Орзуим” истиқболли лойиҳасини тўлиқ амалга оширишдан иборатдир. Ушбу лойиҳа доирасида шу кунгача минтақамизда сайёҳликни ривожлантиришга бағишланган видео-ролик тайёрлаб, вилоят телевидениеси орқали намойиш этишга эришдик. Туризм салоҳиятини оширишга шу тариқа беминнат ҳисса қўшиб келмоқдамиз. Ёшларни туризм соҳасидаги касб-ҳунарга йўналтириш фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан биридир. Шунингдек, миллий санъатимиз, боқий қадрият ва анъаналаримизни юртимизга келадиган маҳаллий ва хорижий туристларга намойиш этиш уларни вилоят ва шаҳар миқёсида ўтказиладиган турли тадбирларга жалб этиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш соҳанинг барча ходимлари қатори бизнинг ҳам асосий вазифаларимиздан биридир.

Йиғилишда Туризм ва унга турдош соҳаларда мамлакатимиз бўйича камида 200 мингта янги иш ўринлари яратиш вазифаси белгилаб берилганлиги, бунинг учун эса етарли шароитлар яратиб берилиши бухоролик соҳа ходимлари ғайратига ҳам ғайрат қўшиб юборгани ўз-ўзидан аён. Ўзбекона меҳмоннавозликни бутун бўй-басти билан намоён этиб сайёҳларга бундан кейин ҳам давр талабларига мос сифатли хизмат кўрсатаверамиз.

Видеоселектор йиғилишидан ўзимиз учун бир қатор долзарб вазифаларни белгилаб олдик. Уларнинг ўз вақтидаги ва талаб даражасидаги ижроси эса соҳамизга кўрсатилаётган доимий эътиборга берган амалий жавобимиз бўлади.

Нигора Атакулова, Бухоро шаҳридаги

“Бухоро инновациялар маркази” 

унитар корхонаси ижрочи

директори, O‘zLiDeP фаоли

  • Кўрилди
    228
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+