ЎЗБЕКИСТОН–ОЗАРБАЙЖОН: АБАДИЯТГА ДАХЛДОР МУСТАҲКАМ КЎПРИК

23.06.2022, 09:50

ЎЗБЕКИСТОН–ОЗАРБАЙЖОН: АБАДИЯТГА ДАХЛДОР МУСТАҲКАМ КЎПРИК

Яқиндагина Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги парламент делегацияси Озарбайжон Республикасида бўлиб қайтган эди.

Ташриф доирасида расмий учрашувлар билан бирга Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти парламент Ассамблеясининг учинчи бош конференциясида иштирок этдик. Мазкур анжуман “Пандемиядан кейинги даврдаги ҳамкорлик: муаммолар ва қайта тикланиш имкониятлари” мавзусига бағишланди.

Делегация аъзоси сифатида учрашувларда бевосита қатнашар эканман, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар чуқурлашиб бораётганининг гувоҳи бўлдим. Буни мезбонлар ҳам қайта-қайта қайд этиб, тарихи ва тили бир бўлган, маданий илдизлари муштарак Ўзбекистон билан ҳамкорликдан мамнун эканига урғу беришди.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қардоши, биродари сифатида ҳурмат қилишини, икки давлат раҳбарлари ҳам вақтида парламент депутати бўлиб фаолият кўрсатганини чуқур самимият билан маълум қилди.

Сафар давомида икки мамлакат ҳам мустақил сиёсат олиб бораётгани, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалардаги ўз қатъий нуқтаи назари билан юксак ҳурматга сазовор экани алоҳида эътироф этилди. Бундан ташқари, Озарбайжон раҳбари пандемиядан кейинги илк расмий ташрифини Ўзбекистонга амалга ошириши ҳам бежиз эмаслиги маълум қилинди.

Президент Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси, ўзбек халқининг яқин дўсти Ҳайдар Алиев шарафига номланган кўчанинг ва унинг ёдгорлиги очилишидан бошлангани катта рамзий маънога эга. Ҳайдар Алиев номидаги обод кўча ва хиёбон қардош халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстликнинг ёрқин ифодасидир.

Ташриф давомида Озарбайжон Ўзбекистоннинг яқин дўсти ва вақт билан синалган, ишончли стратегик шериги экани таъкидланди. Бугунги кунда ўзаро манфаатли ҳамкорлик, дўстлик ришталари ва ўзаро англашув мустаҳкамланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Умуман олганда, Озарбайжон Президентининг тарихий аҳамиятга эга давлат ташрифи олдинга ташланган улкан қадамдир. Бунга ушбу тарихий сафарни ёритаётган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам жиддий эътибор қаратишди. Музокаралар очиқлик, ўзаро ишонч руҳда ўтгани, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари манфаатларига хизмат қилиши алоҳида аҳамиятга моликдир. Ишончимиз комилки, қардош давлатларимиз, биродар халқларимизнинг кўп асрлик дўстона муносабати бундан буён ҳам ривожланиб, икки юрт фаровонлиги юксалиб бораверади.

Нигора ҚУТЛИМУРОТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

 O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    310
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+