Депутат оилавий тадбиркорга жой ажратиб беришда кўмаклашади

28.03.2022, 16:46

Депутат оилавий тадбиркорга жой ажратиб беришда кўмаклашади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Жавлонбек Эргашев халқ қалбига қулоқ солиш, одамларнинг дарду ташвишини тинглаш, муаммоларини ҳал этиш мақсадида Пахтаобод туманида бўлиб, бир қатор тадбиркорлик субъектлари муаммосини ўрганди.

— Тумандаги "Райёнахон-Шукронахон" МЧЖ фаолияти билан танишар эканман, бу ерда 5 нафар ёшлар меҳнат қилаётгани мени қувонтирди, – дейди Ж.Эргашев. – Корхонада асосан гипсдан гулли нақшлар ишлаб чиқарилмоқда. Келгусида тадбиркор ўз фаолиятини кенгайтириб, яна 20 та иш ўрни яратиш ниятида.

Халқ вакили "Миллий тикланиш равнақи" МЧЖда ҳам бўлиб, тадбиркорлик субъекти фаолияти билан яқиндан танишди.

Айни дамда 30 нафар ёшлар меҳнат қилаётган корхонада қурилиш материаллари  ишлаб чиқарилади. Суҳбат жараёнида тадбиркор корхонани кенгайтириш ҳаракатида юрганини айтиб, бино ва ер майдонига эҳтиёжи борлигини билдирди. Агар бу масалалар ижобий ҳал этилса, яна бир нечта иш ўрни яратилиши мумкин.

Халқ вакили тумандаги "Қашқар" маҳалласида яшовчи Аҳмаджон Аҳмедов хонадонида бўлиб, мазкур оилавий корхона фаолияти билан танишди. Корхонада асосан уй жиҳозлар, эшик-ром ва мебеллар ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда ҳам жой масаласи муаммо. Мазкур оилавий корхонада 10 нафар ёшларни бандлиги таъминланган.

Кўриниб турибдики, туманда тадбиркор ва ҳунармандлар сафи кенгайиб боряпти. Бу қувонарли албатта. Зотан, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, аҳоли реал даромадларини ошириш ва ҳудуд инфратузилмасини ривожлантиришда бу саъй-ҳаракатларнинг аҳамияти жуда катта.

  • Кўрилди
    573
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+