“Мен ҳам тадбиркор бўламан” кўрик-танловининг Жиззах вилоят босқичи ғолиби аниқланди

26.07.2022, 17:00

“Мен ҳам тадбиркор бўламан” кўрик-танловининг Жиззах вилоят босқичи ғолиби аниқланди

Айни пайтда Жиззах вилоятида истиқомат қилаётган 1 миллион 443 мингдан ошиқ аҳолининг 845 мингдан ортиғини ёшлар ташкил қилади. Аҳолини, жумладан ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаларини шакллантириш бугунги кунда энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Бекорчидан худо безор, деган гап бежизга айтилмаган. Айнан  бандликни таъминлаш, доимий даромад манбаларини шакллантириш, янги иш ўринлари яратиш ёшлар орасида қонунбузарлик ва бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Шу сабаб, жойларда масъул ташкилотлар, жумладан, O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши Ёшлар ва бизнес тузилмалари билан ишлаш бўлими томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг ҳам ўзига хос муносиб ўрни бор. Яқинда, бўлим томонидан O’zLiDePнинг истиқболли  лойиҳаларидан бири - “Мен ҳам тадбиркор бўламан”  кўрик-танловининг вилоят босқичи ташкил этилди.

Ушбу лойиҳадан мақсад, йигит-қизларни янада кенгроқ тадбиркорликка жалб қилиш, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Жиззах шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида бўлиб ўтган кўрик-танловнинг вилоят босқичида 13 нафар ёшлар ўзларининг турли хил соҳалардаги бизнес режалари билан иштирок этишди.  

Шу ўринда таъкидлаш керакки, кўрик танловга ёшлар томонидан тақдим қилинган лойиҳаларнинг барчаси ҳайъат аъзолари ва иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.

Бевосита танловга келсак, унда Самбҳрам университетининг талабаси Равшан Камоловнинг, инновацион усулдаги нон тайёрлаш цехини ишга тушириш тўғрисидаги лойиҳаси ғолиб деб топилди. Энди Равшан ушбу лойиҳаси билан кўрик-танловнинг республика босқичида вилоят ёш тадбиркорлари шаънини ҳимоя қиладиган бўлди.

Холбек Асатов,

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Ёшлар ва бизнес тузилмалари

билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    423
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+