Мустақиллик шукронаси

26.08.2022, 16:42

Мустақиллик шукронаси

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллик байрами арафасида O'zLiDeP Самарқанд вилоят Фахрийлар Кенгаши ташаббуси билан вилоятнинг барча ташкилотларида қутлуғ айёмга бағишланган учрашув ва мулоқотлар ўтказилмоқда. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги Боғибаланд маҳалласининг Анжирзор боғида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз”! ғояси асосида “Мустақиллик шукронаси” мавзусида партия вилоят, туман ва шаҳар Фахрийлар Кенгашлари ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди.

Партиянинг Самарқанд вилоят Кенгаши аппарати ходимлари, депутатлик гуруҳи аъзолари, партия фахрийлари ва ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллигини муносиб кутиб олиш, истиқлол даврида эришаётган ютуқларимизни яна бир бор сарҳисоб қилиб, эл-юртимизни янги марралар сари руҳлантириш, мамлакатимизни тараққий топган давлатлар қаторига кўтариш йўлида амалга оширилган улкан ислоҳотлар хусусида сўз борди.

Тадбирда сўз олган O'zLiDeP Самарқанд вилоят Фахрийлар Кенгаши раиси Хайдар Ураков мустақиллик туҳфа этган буюк имкониятлар самараси, истиқлол туфайли мулкдорлар синфи, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар, яратилган имкониятлар хусусида фикр юритди. Айни пайтда тадбир иштирокчиларини партия сафида туриб, истиқлол берган имкониятлардан самарали фойдаланиш, ўз куч-ғайратлари, билим ва истеъдодлари билан юртимиз равнақига, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишларига чорлади.

Шунингдек, давра суҳбатида сўз олган вилоят Фахрийлар Кенгаши аъзолари Рустам Саттаров, Тухтамурод Худойназаров, Қамариддин Ахмедов, Саидахмад Усмонов, Фахриддин Фазлиевлар эркин фуқаролик жамиятининг асосий шарти бўлган аҳолининг сиёсий маданияти, ҳуқуқий онгини ошириш, оммавий маданиятнинг таъсири остига тушиб қолаётган ёшлар онгида мафкуравий иммунитет шакллантириш, уларнинг бўш вақтларини тадбиркорлик, ишбилармонликка йўналтириш юзасидан фикр билдириб, мустақилликнинг одамлар онги ва тафаккури, сиёсий ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Дастурхон атрофида йиғилган фахрийлар партия Дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш, давлат сиёсатининг устувор йуналишлари, кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти, аҳамияти ҳамда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталикни қадрига етиш, буни аҳоли, айниқса, ёшлар қалбига чуқур сингдириш бўйича ўз таклифларини айтиб, юртимиз тинчлиги, дастурхонимиз тўкинлиги учун дуолар қилишди.

Жаҳонгир Хўжамқулов,

O'zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    481
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+