Орден муборак, маҳалланинг онаси!

05.09.2022, 12:32

Орден муборак, маҳалланинг онаси!

Бибисора Бегнаевани “Ертепа маҳалласининг онаси” деб аташади. Бу бежизга эмас. Қирқ йилдан ортиқ мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган ташаббускор аёлни маҳаллага раис этиб сайлашганидан сўнг, ташаббускор аёл қисқа фурсатда ҳудудни ободонлаштириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш борасида қатор ибратли ишларни амалга ошириб, элнинг ҳурматига сазовор бўлди. Маҳалла қошида тикувчилик цехи ташкил этилиб, 12 нафар “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ишга олинди. 2019-2021 йилларда туманда “Энг намунали маҳалла” деб топилган масканда 617 та оила, 505 та хонадонлар бўлиб, 2817 нафар турли миллат вакиллари фуқаро истиқомат қилади. Маҳалла ҳудудида 28 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

 17 та савдо дўкони, сартарошхона, дорихона, тикувчилик цехи, автосервис ҳамда 3 та (50 тоннагача) ҳўл меваларни сақлаш учун музлаткич омборхоналари бунёд этилди. 20 та замонавий чиқинди қутилари, 3 та чиқиндихоналар ҳамда 1 та аҳолига суюлтирилган газ баллонлари сақлаш маркази ташкил этилган. “Ертепа” қабристонига кирадиган 1,6 км автомобиль йўлини мукаммал таъмирланди. 

Оилаларнинг тинч-тотувлигини мустаҳкамлаш, ёшларни юксак маънавий-аҳлоқий руҳда тарбиялаш, “Мактаб-оила-маҳалла” ҳамкорлигини йўлга қўйиш борасида ҳам қатор ибратли ишларни амалга оширилмоқда.  Хонадонлардаги томорқа хўжаликларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилгач, аҳолининг бандлиги ва турмуш фаровонлиги кескин ортди.  35 та иссиқхона ташкил этилиб, помидор, бодринг, цитрус мевалар етиштириш йўлга қўйилди. 505 та хонадондаги 303 гектар майдонда беш минг тоннадан ортиқ мева-савзавот етиштирилиб, бозорга чиқарилган.

 Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда. Ҳомийлар ҳисобидан 12 та оилага 600 та парранда олиб берилди. Натижада, кам таъминланган оилалар сони камайган. Маҳаллада моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг учрамаслиги ҳам буни исботлаб турибди.   Маҳаллада яшовчи 3 нафар ногиронларга ҳомийлар ёрдамида ногиронлар эшитиш мосламалари ва ҳассалар олиб берилди.

- Маҳалламизда таниқли зиёлилар, маънавият ва маърифат тарғиботчилари, депутатлар ва олимларни жалб этган ҳолда ёшларни   ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш,   мустақил ҳаётга тайёрлашга қаратилган “Ватан остонадан бошланади”, “Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир”, “Мустақиллик-буюк неъмат”, “Ўз уйингни ўзинг асра”, “Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтишининг аҳамияти” каби 50 дан ортиқ маънавий тарғибот тадбирларини ўтказдик, -дейди Бибисора опа. - “Мактаб-оила-маҳалла” ҳамкорлиги намунали йўлга қўйилганлиги боис ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва эрта никоҳланишларнинг олди олиниб, ҳуқуқбузарликлар ва ажримлар қайд этилмаяпти. Диний экстремизм ва ақидапарастликка қарши курашиш бўйича сўнгги уч йил мобайнида 100 дан ортиқ учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этдик. Тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида ўнта оила яраштирилди. Ўтган даврда бирорта ҳам оилавий ажримлар,  хотин-қизларнинг ҳамда вояга етмаганларнинг ўз жонига қасд қилиши ҳолатлари содир бўлмади. 

-Партиядошларимиз ўртасида Бибисора опанинг раислик тажрибасини оммалаштириш мақсадида тарғибот тадбирлари ташкил этаяпмиз, - дейди O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши раиси Шуҳрат Асланов. – Онахон маҳалласидаги ҳар бир оиланинг яшаш шароити, имкониятларини жуда яхши билади. Одамларни қалбига  йўл топиб, уларни тадбиркорликка йўналтира олаяпти. Уларни қийнаб келаётган муаммоларнинг мақбул ечимларини топиб, оилаларнинг мустаҳкамлиги ва тумуш фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

 Дарҳақиқат, фуқаролар йиғинида намунали оилаларни кўпайтириш ва кўчаларни ободонлаштириш, томорқалардан мақсадли фойдаланиш ишларини янада жонлантириш мақсадида ҳар йили “Энг обод кўча” ва “Энг намунали хонадон” кўрик-танловларини ўтказилиб, ғолиблар рағбатлантириб борилади.  Онахоннинг ташаббуси билан 1 нодавлат мактабгача таълим муассассаси, 1 та нодавлат таълим муассасаси, 1 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, оталар чойхонаси қуриб битказилди. 3,3 км ичимлик сув сув қувурлари тортилди. 7,7 км йўл тўлик таъмирдан чиқарилди. 160 кВА кувватли сўнги русумдаги трансформатор пункти қурилиб 2,3 км узунликдаги  янги тармоқ тортилиб мавжуд яроқсиз ҳолга келиб қолган устунлар ўрнига жами 104 дона темир бетон устунлар ўрнатилди.

Бибисора Бегнаева Президент Фармонига кўра “Дўстлик” ордени билан тақдирлангани ҳақидаги хабар барча ертепаликларнинг байрам қувончига қувонч қўшди. Онахонни юксак мукофот билан табриклаш учун келаётганларнинг кети узилмайди. Бу мукофот эл ташвишида елиб-югуриб, одамларга фаровонлик келтираётган заҳматкаш ўзбек аёлининг жасоратига берилган юксак баҳо десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Орден муборак, маҳалланинг онаси!  

Сайфулла ИКРОМОВ, 

“ХХI asr” мухбири

  • Кўрилди
    396
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+