Глобал хавф-хатарни енгиш, минтақавий хавфсизликни таъминлашда халқаро ҳамкорлик зарур

12.09.2022, 16:19

Глобал хавф-хатарни енгиш, минтақавий хавфсизликни таъминлашда халқаро ҳамкорлик зарур

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик" мақоласи дунё тамаддунининг бугунги воқелигига берилган ҳақиқий баҳодир. Юртбошимиз инсониятни таҳликага солиб турган энг долзарб муаммолар ҳақида фикр юритар экан, қуролли можаролар оқибатида издан чиқаётган савдо ва инвестиция оқимлари давлатлар иқтисодиётига жиддий таъсир этганлигини алоҳида таъкидлаганлар.  Бунинг оқибатида озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш қийинлашмоқда. Шундоғам глобал иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма-хилликка путур етаётганлиги, юқумли касалликларнинг кўпайганлиги одамларни қийин аҳволга солиб қўйган бир пайтда халқаро ҳамкорликкина дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётни таъминлай олиши эътироф этилган.

Улкан географий маконни қамраб олган, сайёрамиз аҳолисининг ярмини ўзида мужассам этган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот ҳисобланган ШҲТнинг бош ғояси – тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишдир. Минтақавий хавфсизликни таъминлашда бу жуда ҳам муҳим.  

Ташкил этилганлигига бу йил 20 йил тўлган мазкур минтақавий ташкилотнинг муҳим йўналишлари - транспорт ва ўзаро боғлиқлик, энергетика, озиқ-овқат ва экология хавфсизлиги, инновациялар, рақамли трансформация ҳамда “яшил” иқтисодиёт  ҳисобланади. Булар Ўзбекистоннинг раислиги даврида тайёрланган ўттиздан ортиқ концептуал дастур, келишув ва қарорларда ўз аксини топмоқда. “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади!”  шиори остида фаолият олиб бораётган ташкилотнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш бугуннинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади. Яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ШҲТ маконининг ажралмас қисми деб қараётган Афғонистонни ривожлантириш, уни Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажарадиган тинчлик миссиясида ўзини намоён этишида яқиндан ёрдам бериш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш барқарорликнинг муҳим асосидир.

Президентимиз ўз мақоласида ШҲТнинг Самарқанд саммити умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив ҳамкорлик принципларига асосланган янги, инклюзив мулоқотни йўлга қўйиш борасида ўзига хос намуна бўлишига ишонч билдирганлар. Дарҳақиқат, “Шанхай руҳини”ни уйғун равишда тўлдириб турган “Самарқанд руҳи” ШҲТ фаолиятининг янгиланган босқичи бошланишида муҳим аҳамият касб этади. Унда қабул қилинадиган қарорлар минтақавий ҳамкорликни янада яхшилаш, аъзо давлатлар халқларининг бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашга дастуриламал вазифасини ўтайди.

Шуҳрат АСЛАНОВ,

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    518
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+