Депутат кўмагида маҳалла тобора ободлик касб этмоқда

10.10.2022, 14:50

Депутат кўмагида маҳалла тобора ободлик касб этмоқда

Бекобод шаҳридаги “Бирдамлик” МФЙ кўчаси йўллари носоз бўлиб, таъмирталаб ҳолатга келиб қолганидан бу ерда яшовчилар бир неча йиллардан бери азият чекишарди. Йўл юзида кўчани ёритувчи тунги чироқлар йўқ эди. Маҳалла аҳли ёғингарчилик мавсумида лой, ёзда эса тупроққа ботиб ишга, мактабга қатнашга мажбур эди.

Халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгашига 2-“Бирдамлик” сайлов округидан сайланган депутат Давлатбек Холмуродовнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ҳудуд қиёфаси тобора ободлик касб эта бошлади.

Эрта тонгдан бўш вақт топди, дегунча ўз сайлов участкаси ҳудудида хонадонма-хонадон кезиб, аҳолини қийнаб турган масалаларга ижобий ечим излаётган ва чин маънодаги халқ вакилига айланган депутатни бугун Бирдамликда танимайдиган одамнинг ўзи йўқ.

Депутат саъй-ҳаракати билан маҳалла кўчасига шағал тўкилиб, текисланди. Сим ёғочлар алмаштирилди. Маҳалланинг қаровсиз кўчаларига тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Ватанпарвар ҳамда Меъмор кўчаларига янги йўл очилди. Аҳолининг узоғи яқин бўлди, юки енгиллади. Маҳаллий аҳолининг носоз йўл ва тунда қўрқинчли йўл борасидаги ташвиши ариди.

Бугун маҳалла аҳли эл-юрт тақдирига бефарқ бўлмаган депутатдан миннатдор. Жонкуяр депутатнинг бу каби хайрли ишлари кўплигини алоҳида алқайди. Бир сўз билан айтганда, депутатнинг аҳолининг саломатлигини тиклаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш сингари мурожаатларига ҳам бефарқ бўлмасдан, халқ дарди билан яшаб келаётган фидойи депутатнинг хайрли ишлари биргина бу билан чекланмаслигини эътироф этади. Давлатбек Холмуродов сингари жонкуяр депутатлар кўпайишини исташади.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    512
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+