Самарқанд халқаро ҳамжамиятнинг муҳим логистик марказларидан бирига айланмоқда

23.12.2022, 16:36

Самарқанд халқаро ҳамжамиятнинг муҳим логистик марказларидан бирига айланмоқда

Президентимизнинг куни кеча Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида мамлакатимизни 2023 йилда ҳар томонлама ривожлантириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш ва, энг муҳими, халқимиз фаровонлигини ошириш бўйича устувор вазифалар аниқ-тиниқ кўрсатиб ўтилди.

Мурожаатномада Самарқанд шаҳрига алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик мақоми берилиши, яъни уни республика бошқаруви даражасига ўтказиш масаласи ҳам келтирилдики, бу, айниқса, самарқандликларга ўзгача ҳаяжон бахш этди, десак муболаға бўлмайди. Ахир бу жуда катта эътибор ва имконият демакдир. Шу билан бирга улкан масъулият ҳам.

Самарқандни бир миллионли шаҳарга айлантириш ва бу ерда бешта туман ташкил этиш бўйича ҳаракатлар аллақачон бошланган. Шаҳар ҳудуди атрофдаги туманлар ҳисобига кенгайиб, аҳоли сони ҳам бир миллионга яқинлашмоқда.                                                     

Бугун Ўзбекистон аҳолиси 36 миллион кишига етди. Аммо ҳалигача одамлар иш, ўқиш, даволаниш, дам олиш ва бизнес қилиш учун интиладиган шаҳар, “тортувчи марказ” — Тошкент шаҳри бўлиб қолмоқда.

Бу орада минтақамизда “миллионлик шаҳар”лар сони еттитага етди. Оддий мисол, қўшни Қозоғистонда аҳоли сони 19 миллион нафар бўлса-да, мамлакатда “миллионлик шаҳар”лар сони учта. Уларнинг барчаси республика бўйсинувидаги шаҳар мақомига эга.

Шунингдек, 2022-йилги Давлат дастурига диққат билан разм солсак, у ерда айнан Самарқанд ва Наманган шаҳарларини “миллионлик шаҳар”ларга ва “тортувчи марказлар”га айлантириш бўйича алоҳида банд бор.

Чиндан ҳам охирги йилларда бу икки шаҳарда президент ташаббуси билан йирик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Янги олий ўқув юртлари, туризм ва ишбилармонлик марказлари, саноат корхоналари, янги турар жой массивлари ташкил этилди.

2022-йилда биз биринчи марта пойтахтимиздан ташқарида, яъни Самарқанд шаҳрида халқаро даражадаги энг нуфузли тадбирлар — Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти саммитларини ўтказдик.

Самарқандни биз кўп йиллар давомида тарихий кент нуқтаи назаридан кўриб келганимиз рост. Бугун эса унинг замонавийлик билан уйғунлашган қиёфасидан мамнуният туймоқдамиз.

Самарқанд йирик халқаро форумларга, йиғинларга мезбонлик қиляпти. У бугун ўзининг туристик потенциалидан тўлақонли фойдаланишга интиляпти. Биргина якунига етаётган йилда мазкур шаҳарда давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирокидаги ўнга яқин халқаро форум ўтказилди. Келгуси йилда йигирмадан ортиқ шу каби нуфузли тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Хуллас, Самарқанд бугун нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиё, балки халқаро ҳамжамиятнинг ҳам муҳим логистик марказларидан бирига айланмоқда.

Шаҳарда туманларнинг ташкил этилиши эса йил сайин кенгайиб бораётган ҳудудни самарали бошқариш, сони ортаётган шаҳар аҳолиси ва сайёҳларга муносиб шароит яратишда муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, ҳозир шаҳарни бошқариш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш ва яна бошқа кўп масалаларда вилоят ҳокимлиги зиммасида катта масъулият турибди. Шаҳар алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик бўлса, вилоятнинг бу имконият ва салоҳияти бошқа туман ва шаҳарларни ривожлантиришга йўналтирилади. Пировардида бу вилоят аҳолисининг турмуш даражасини янада оширишга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, Самарқанд шаҳрининг шундай янги даражага кўтарилиши унинг деярли уч минг йиллик тарихида янги саҳифа очади.

Шоҳруҳ Жўрақулов,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати,

Самарқанд давлат университетининг

Инсон ресурсларини бошқариш факультети декани.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    361
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+