Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли эканликлари кафолатланмоқда

27.03.2023, 12:03

Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли эканликлари кафолатланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Хўжаеванинг Ўзбекистон туманидаги сайловчилар билан учрашувлари қизғин ўтмоқда. Депутат мулоқотлар чоғида Янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишга алоҳида эътибор беряпти. Хусусан, М. Хўжаева туман халқ таълими бўлими ходимлари, шифокорлар, туман ташкилотлари вакиллари иштирок этган учрашувда Конституцияга киритилаётган бир қатор янги нормаларга тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, Конституцияда ҳар кимнинг меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқи кафолатланмоқда.

Бу ўз навбатида, фуқароларнинг иш ҳақлари миқдори шунчаки эмас, айнан уларнинг муносиб турмуш кечиришини таъминлаш, пировард натижада аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва мамлакатимизда ижтимоий адолатни устувор қадриятга айлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли эканликлари кафолатланмоқда. Конституциямизга мазкур қоиданинг киритилиши эркин бозор иқтисодиётининг энг муҳим талабини ўзида ифода этиб, “қонунда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятга рухсат берилади” деган тамойилга асосланади.

Бундан ташқари, монопол фаолият қонун билан тартибга солиниши ва чекланиши мустаҳкамланмоқда. Конституцияга ушбу норманинг киритилиши товар ва хизматлар бозорининг барча иштирокчилари учун тенг иқтисодий-ҳуқуқий имкониятлар яратиш орқали тадбиркорлар ўртасида ҳалол рақобатни ривожлантиришга хизмат қилади.

М. Хўжаева таъкидлаганидек, Янгиланаётган Конституцияга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш амалиёти тугатилиб, кенгашларга ҳокимдан мустақил бўлган алоҳида Кенгаш раиси раҳбарлик қилиши белгиланмоқда. Содда қилиб айтганда, эндиликда вилоят ва туман (шаҳар)да халқ сайлаган депутатлар ҳоким фаолиятини бевосита ва холисона назорат қилиш имкониятига эга бўлади.

Савол-жавобларга бой бўлган учрашувда иштирокчилар Янгиланаётган Конституция бўйича берган барча саволларига атрофлича жавоблар олишди.

  • Кўрилди
    367
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+