Шавкат Мирзиёев фарғоналик сайловчилар билан учрашди

15.06.2023, 19:28

Шавкат Мирзиёев фарғоналик сайловчилар билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 15 июнь куни Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказди.

Тадбирни номзоднинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Мавлудахон Ходжаева олиб борди. У ўзининг кириш сўзида
Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келаётгани, ижобий ўзгаришларни оилалар ўз ҳаётида ҳис қилаётгани ҳақида фикр юритди.

Вилоят иқтисодиёти 2016 йилга нисбатан 1,3 марта ўсиб, 56 триллион сўмни ташкил этгани бу фикрни тасдиқлайди. Қисқа муддатда корхоналар сони 2 баробар ошиб, 50 мингтага етган. 3 миллиард 600 миллион долларлик инвестиция эвазига 4 минг 200 та янги лойиҳа ишга туширилган. Тадбиркорларнинг саъй-ҳаракати билан вилоятда 735 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланган.

Ижтимоий соҳа ҳам изчил ривожланиб, 131 та янги мактаб қурилган, 35 та хусусий мактаб очилган. 18 минг оилага мўлжалланган 611 та кўп қаватли уй барпо этилган. Йўллар, муҳандислик тармоқлари янгиланган.

Учрашувда номзод партия вакиллари ва фаолларни “Янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда қурамиз!” деган ғояни мужассам этган сайловолди дастури доирасида, Фарғона вилоятини келгуси етти йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари билан таништирди.

Аввало, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини ҳал қилиш режалари баён этилди. Унга кўра, 2 мингта давлат ва хусусий боғчалар ташкил этилади. Янги мактаблар қуриш ва мавжудларининг қувватини ошириш, хусусий секторни қўллаб-қуватлаш ҳисобига қўшимча 125 минг ўқувчи ўрни яратилади.

Хусусий сектор иштирокида 300 дан зиёд клиника, Фарғона шаҳрида 1 минг ўринга мўлжалланган кўп тармоқли тиббиёт кластери фаолияти йўлга қўйилади.

Келгуси етти йилда вилоятда 2,5 мингта кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисобига, 100 минг оила шинам уй-жойга эга бўлади. 5 минг километр сув тармоқлари барпо этилиб, вилоятда тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 96 фоизга етказилади.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш изчил давом эттирилади. Вилоятга келгуси етти йилда 18 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, 10 мингта лойиҳа ишга тушади. Шунингдек, вилоятда 30 та саноат зонаси ташкил этилиб, уларда 50 минг юқори даромадли иш ўринлари яратилади.

 Учрашувда одамлар турмушини яхшилашда маҳаллаларни марказий бўғинга айлантириш, аҳолининг даромадларини ошириш орқали эҳтиёжманд оилалар сонини кескин камайтиришга қаратилган мақсадлар ҳам айтиб ўтилди.

Умуман, Фарғонани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун етти йиллик дастур қабул қилиб, унга жами 28 миллиард доллардан зиёд маблағ йўналтириш режалаштирилгани таъкидланди.

Номзоднинг нутқида қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида урғу берилди. Қайд этилганидек, 2030 йилгача бир гектардан олинадиган ўртача даромадни 2,5 баравар ошириб, 7 минг долларга етказиш, экспортни эса 10 миллиард долларга чиқариш, соҳага 15 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш мўлжалланган.

Бунинг учун, аввало, қишлоқ хўжалиги иқлим ўзгаришларига мослаштирилади. Илғор хорижий тажриба асосида алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, ерларнинг унумдорлигини ошириш, эррозиядан ҳимоялаш, деградацияга учраган яйловларни қайта тиклаш каби масалалар ҳал қилинади. Барча экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар жорий этилади. Сув етказишдаги йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида ёпиқ қувурлар тизими қўлланилади.

Келгуси етти йилда 100 та замонавий агрологистика маркази барпо этилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш даражаси ҳозирги 8 фоиздан 25 фоизга оширилади.

Деҳқон-фермер ва кластерларни молиялаштириш тизими такомиллаштирилади. Улар фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари кучайтирилади. Аввало, кластерлар ва фермерлар ўртасидаги шартнома муносабатлари тўлиқ қайта кўриб чиқилади.

Номзоднинг Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муродова хотирасини абадийлаштириш мақсадида унинг номидаги фермерлар мактабини ташкил этиш таклифи фарғоналик сайловчиларнинг дилидан жой олди.

Шу билан бирга, учрашувда саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, ёшларнинг интеллектуал-маънавий салоҳиятини юксалтириш бўйича аниқ режа ва мақсадлар билдирилди.

Учрашув сўнгида партия фаоллари сўзга чиқиб, фарғоналиклар ислоҳотлар бардавом бўлишини исташётганини билдиришди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида барчани Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    1425
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+