Ҳар бир кун бу – имконият, ҳар бир кун бу – келажакка пойдевор!

14.07.2023, 19:20

Ҳар бир кун бу – имконият, ҳар бир кун бу – келажакка пойдевор!

Жорий йилнинг 9 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муддатидан илгари бўлиб ўтган сайловда халқимиз яна бир бор ўзининг сиёсий иродасини кўрсатди. Халқимиз томонидан амалдаги Президентимизнинг олти ярим йилдан буён олиб бораётган сиёсати қўллаб-қувватланди ва унга яна бир бор юксак ишонч билдирилди.

Бугун бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Президентликка сайланган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 108-моддаси ва Сайлов кодексининг 65-моддасига асосан қасамёд қабул қилди ва ўз лавозимига киришди.

Агар қасамёд матнига эътибор қаратсак, унда шундай дейилади: “Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан”. Бу сўзлар оддийгина сўзлар эмас, улар ўта масъулият талаб этадиган сўзлар. Улар замирида яқиндагина Референдум орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда давлатнинг уч маротабага оширилган мажбуриятларини ўз зиммасига олиш ва фуқароларимизнинг уч ярим мартага оширилган ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашдек улкан залворли вазифалар ётибди.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, тантанали маросимда Президентимиз парламент олдида турган вазифалар ва мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган нутқ сўзлади.

Унда янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизга мос қонунлар қабул қилишни, амалдагиларига эса ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тезлаштириш, инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат қуриш йўлида халқимиз кутаётган ва давр талаб қилаётган янги ғоя ва ташаббусларни илгари суриш, ҳар бир имкониятдан самарали фойдаланиш, тезкор бўлиш ва вақтдан ўзиб ишлашга ҳаракат қилиш, пировардда “Ҳар бир кун бу – имконият, ҳар бир кун бу – келажакка пойдевор!” шиори мазмунини теран англаган ҳолда ишлаш устуворлик касб этиши зарурлиги таъкидланди.

Донишмандлар айтганидек, “олға юришни истаган инсоннинг энг катта душмани – қўрқув, иккиланиш, шубҳа ва гумондир”, деди Президент. Ҳақиқатан ҳам, олдимизга улкан вазифалар қўяр эканмиз, уларни адо этишда ҳеч биримизда қўрқув, иккиланиш, шубҳа ва гумонлар бўлмаслиги керак.

Президентимизнинг ушбу таъбирлари менинг келажакка янада ишончимни ошириши баробарида парламентда зиммамга юкланган вазифаларни бажаришдаги масъулиятимни яна юз чандон орттирди.

Ишончим комилки, барчамиз халқимиз ишонган Президентимизга елкадош бўлиб, Ватан ва эл-юрт манфаати йўлида янада жипслашамиз ва инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлатни биргаликда албатта қурамиз!

Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    940
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+