Ижара муносабатлари янада кенгаяди

28.07.2023, 17:35

Ижара муносабатлари янада кенгаяди

Ҳар бир инсон яшаши, ризқ топиши, фаровон турмуш кечириши учун ердан унумли фойдаланмоғи лозим. Бунинг натижаси эса инсон учун ҳам, халқ ва давлат учун ҳам катта манфаат келтиради.

Зеро, ердан самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, бунда барчага тенг имкониятлар яратиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш энг устувор  вазифалардан биридир. Боиси тириклик манбаи бўлиб келган ернинг ҳар қаричидан оқилона фойдаланиш иқтисодий барқарорлик кафолати, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Кейинги йилларда юртимизда ерга бўлган муносабат тубдан ўзгариб, соҳада  сезиларли ўзгаришлар бўлди. Хусусан, 2019 йилдан ерга (қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган) хусусий мулкчилик жорий этилди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ерга бўлган муносабатларга тааллуқли бир қатор ваколатлари бекор қилинди.

Ердан фойдаланиш соҳасини рақамлаштириш борасида катта ишлар амалга оширилгани туфайли соҳада ошкоралик таъминланди. Энг муҳими, ерларни иқтисодий оборотга киритиш, уларни олди-сотди ва гаров объектига айлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилди.

Шу билан бирга, мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш ҳамда мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий қилиш бўйича ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида ҳам бевосита мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш масаласи ўз ифодасини топган.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 68 моддасида эса ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин, деб белгилаб қўйилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида кўриб чиқилган “Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасидан ҳам бу борада муҳим янгиликлар ўрин олгани эътиборга моликдир.

Хусусан, ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси сервитут шартномаси, сервитут иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сервитутни ўзгартириш, бекор қилиш, сервитут учун ҳақ тўлаш, оммавий сервитутни белгилашга оид қоидалар билан тўлдирилмоқда.

Айтиш жоизки, мазкур қонун лойиҳасини  биринчи ўқишда муҳокама қилиш чоғида депутатлар томонидан бир қатор таклифлар, фикр-мулоҳазалар берилган эди.

Ҳужжат лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида депутатларнинг таклиф ва тавсиялари асосида ер участкалари ижара муносабатларининг ўзига хос хусусиятлари аниқ белгиланиб, ўзганинг кўчмас мулкидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) тартиби янада такомиллаштирилди.

Шу нуқтаи назардан айтганда, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ижара муносабатлари янада кенгайишига, сервитут белгилаш билан боғлиқ муносабатлар ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишига хизмат қилади.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    635
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+