Давлат дастурининг олти ойлик ижроси кўриб чиқилди

03.08.2023, 18:08

Давлат дастурининг олти ойлик ижроси кўриб чиқилди

2023 йил 3 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2023 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси юзасидан юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.

Йиғилишда фракциялар аъзолари Давлат дастури ижросини ҳар иккала партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда муҳокама қилиб, асосан миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича амалга оширилган ишларга эътибор қаратди.

Қайд этилганидек, 2023 йилнинг I ярим йиллигида 7,4 млрд. долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, прогноз 179 фоизга бажарилган. Инвестиция дастури доирасида 1,2 млрд долларлик 32 та йирик ва аҳамиятли лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 5,5 мингта янги иш ўринлари яратилган. Шунингдек, кўрилган қўшимча чоралар натижасида 341,8 млн. долларлик 8 та лойиҳа муддатидан олдин ишга туширилиб, 1,2 мингта янги иш ўринлари яратилишига эришилган.

O'zLiDeP фракцияси аъзолари иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда “Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини қисқартириш бўйича амалга оширилган ишларни эътироф этдилар.

Давлат дастурида қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Унга кўра, 750 мингта янги деҳқон хўжаликларини тадбиркорга, ер эгасига айлантириш, бунинг ҳисобига қишлоқларда ижтимоий муаммолар, аввало, ишсизлик ва камбағаллик масаласини ҳал этиш ишларини давом эттириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ кенг қамровли ишлар олиб борилган.

Фракция аъзолари Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни ижобий баҳолади. Юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида Давлат дастурида белгиланган масалалар ижроси тўлиқ таъминлангани, мамлакатда бўлаётган ўзгаришлар сабабли тадбиркорлар сафи кенгайиб, аҳолининг аксарият қисми шу соҳада меҳнат қилаётгани таъкидланди.

Депутатлар белгиланган вазифа ва топшириқлар ижросини ўз вақтида бажариш бўйича масъулиятни янада ошириш лозимлигини таъкидлаб, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2023 йил I ярим йилдаги ижросини маъқулладилар.

  • Кўрилди
    511
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+