Мустақиллик — эркин ва фаровон ҳаётимиз асоси

11.08.2023, 16:19

Мустақиллик — эркин ва фаровон ҳаётимиз асоси

Шу кунларда халқимиз Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик санасини баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан нишонлаш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Зеро, бу қутлуғ айём - янги  тарихимиздаги энг улуғ санадир.

Бундан 32 йил муқаддам — 1991 йил 31 август куни халқимиз ўз Ватани, тақдири ва келажагига ўзи эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Дунё харитасида Ўзбекистон Республикаси – янги суверен ва мустақил давлат пайдо бўлди.

Ўтган тарихан қисқа вақт давомида элимизнинг фидокорона меҳнати ва қатъияти билан миллий ўзлигимиз, қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, эзгу қадрият ва анъаналаримиз қайта тикланди. Давлат ва жамият ҳаётининг туб асослари ўзгариб, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди.

Мустақилликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти йилдан-йилга ортиб бормоқда. Мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳа ва тармоқларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда, демократик янгиланиш жараёнлари кечмоқда. Ўтган давр эркин ва фаровон ҳаётни, буюк келажакни фақат ва фақат мустақиллик асосидагина қуриш мумкинлигини кўрсатди.

Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалар, хусусан, янгиланган Конституциямизнинг қабул қилиниши эл-юртимиз Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётганини яққол ифодасидир.

Айниқса, иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш ва тадбиркорликка кенг йўл очиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, юртимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш йўлида эришаётган натижаларимиз тобора яққол намоён бўлмоқда.

Энг муҳими, кейинги йилларда юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишларни ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида сезяпти, ҳис этяпти. Нега десангиз, истиқлол давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин олишига катта замин яратди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар рўй берди, халқимиз турмуш даражаси юксалди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган ислоҳотлар ҳаётимизнинг барча жабҳаларида янгиланиш ва туб ўзгаришларга замин ҳозирлади.

Олти-етти йил аввал бошланган янгиланишлар, халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўтказилаётган ислоҳотлар, янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дадил қадамлар нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам кўтаринки кайфият билан кутиб олинмоқда.

Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллигини Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт даражаси, шону шуҳратига мос ҳолда муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш мақсадида Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Бугун янги Ўзбекистон миллий иқтисодиётининг энг муҳим йўналиши бўлган саноат соҳасини ривожлантириш асосий вазифага айланди. Мамлакатимиз аграр-индустриал давлатдан индустриал-аграр давлатга айланди. Саноат соҳасидаги сиёсатни самарали юритиш, уни инновацион асосда ташкил этиш, ривожлантиришда драйвер ва ўсиш нуқталарини белгилаб олиш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жалб этиш орқали саноат тармоқлари рақобатбардошлиги ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор бериляпти.

Кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди. Бундай муваффақиятга эришишда ялпи ички маҳсулотнинг чорак қисмини ташкил этувчи саноат соҳаси улуши сезиларли бўлди.

Ҳозир жаҳондаги мураккаб геосиёсий вазиятга қарамай, Ўзбекистон саноати жадал ўсмоқда. Хусусан, 2022 йилда саноат ишлаб чиқариши ҳажми 551,1 триллион сўмга етди. Ваҳоланки, бу кўрсаткич 1991 йилда 63 миллиард сўм эди, холос. Ялпи ички маҳсулот таркибида саноат ишлаб чиқариши соҳасининг улуши 2022 йилда 26,7 фоизни ташкил қилди, соҳага жалб этилган инвестициялар ҳажми жорий йилда 124,6 триллион сўмга етди.

Пул-кредит сиёсати соҳасида кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, тўлов тизимлари ривожлантирилди, чет эл валютасини сотиб олиш имкони яратилган ҳолда, нақд пул муаммоси ҳал этилди. Бу эса одамларнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсонга бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва бахт-саодати давлат сиёсати, барча давлат органлари фаолиятининг энг устувор ва муқаддас мақсадига айланди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, уларнинг ҳар бир қатламини манзилли қўллабқувватлаш бўйича янги тизим механизми жорий қилинди

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир юртдошимизнинг бугунги яшаётган ҳаётидан рози бўлишига эришиш олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг янги ғоялар билан йўғрилган инсонпарварлик сиёсати асосини халқимизнинг туб манфаатлари ташкил этади ҳамда бу сиёсат бевосита шу манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган.

Ҳаётга татбиқ этилаётган изчил ислоҳотлар қуруқ рақамларда эмас, балки аҳолининг кундалик ҳаёти, рўзғорида, дастурхонида ўз аксини топмоқда. Агар юртимизда яшаётган оилалар ҳаётини шу нуқтаи назардан таҳлил қиладиган бўлсак, ўтган даврда қандай салмоқли натижаларга эришганимиз аён бўлади.

Умуман олганда, истиқлол шарофати билан миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик қарор топди, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик кафолатланди.

Бугун юртимизнинг қайси бир ҳудудига борманг, ватандошларимизнинг кўнглида, кўзида мустақилликнинг ёрқин шукуҳини, бугунги дориломон кунларнинг шукронасини кўрасиз. Бу эса қалбимизга ҳузур, кўнглимизга ғурур, кўзларимизга қувонч бахш этади. Буларнинг барчаси албатта мустақиллик туфайли, десак айни ҳақиқат.

Фахриддин САМАДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    637
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+