Молиявий очиқлик хизмат кўрсатиш маданияти ва банк тизимига бўлган ишончни оширади

05.04.2018, 14:46

Молиявий очиқлик хизмат кўрсатиш маданияти ва банк тизимига бўлган ишончни оширади

Хорижий мамлакатларда хизмат сафарида бўлган чоғимизда у ерлардаги сармоядорларнинг: “Биз банкларимизга ишонамиз, исталган пайтимизда банкдан хоҳ нақдсиз, хоҳ нақд пулни исталган миқдорда олиб ишлатишимиз мумкин”, деган кинояли қочиримларини ҳам эшитганмиз. Ярим ишониб, ярим ишонмасдан Ўзбекистонда ҳам шундай банк тизими ишлаб кетиши учун яна нималар қилишимиз, қандай таклифлар илгари суришимиз керак, деган ўйлар ичида қолганимиз ҳам рост.

Гарчи банк соҳасига оид миллий қонунчилик базаси тўлиқ шаклланган бўлса-да, айрим масалаларда, хусусан, банкларга иши тушадиган мижозларнинг мурожаатларини чуқур ўрганар эканмиз, юридик шахслар ва фуқароларимиз томонидан кўтарилаётган кўплаб муаммолар илдизи банкларга бориб тақалаётганини, тизим фаолиятини янада такомиллаштириш учун ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга муҳтож бўлган ва ҳали амалга ошириш лозим бўлган муаммолар батамом бартараф этилмаганлигини англаймиз.

Шу йил 23 март куни Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ана шу мақсадларга хизмат қилади. Ҳужжат банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига, айниқса, ҳудудларда риоя этиш ҳамда янада оширишдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Ҳеч ҳам яширадиган жойи йўқ, ҳар гал ул-бул эҳтиёж билан банкка борарканмиз, қачон банкда тўлиқ маданий ва ишончли хизмат кўрсатилишига эришамиз, бизнинг ҳуқуқларимиз, истеъмолчиларнинг, айниқса банкларнинг асосий мижози – O‘zLiDeP электорати – тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини тўла-тўкис банкка ишониб топшириш мумкин бўларкан, деган фикр ва умид билан яшаймиз. Яхшики, умидлар рўёбга чиқаяпти. Яқиндагина Марказий банк тизимида Банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати ташкил этилди, эндиликда эса юртбошимиз қарори билан банкдан рози бўлиш учун аксарият муаммолар ҳал этилганини кўриб турибмиз.

Қарор билан дастлабки рухсатлар олишнинг саноқсиз тартиб-таомиллари бартараф этилиши, “банк”дек муассасага мижознинг ҳужжатсиз кириши, ундан ташқари маслаҳатлар хизматлари очиқлигининг таъминланаётганлини эътиборга оладиган бўлсак, биз том маънода “янги банк маданияти” шаклланишига тамал тоши қўйилганининг гувоҳи бўлаяпмиз.

Иккинчи масала, банкка мурожаат қилган тадбиркор, бирон бир ҳужжатга имзо қўйишидан олдин “чумоли” ҳарфларда ёзилган шартномада “қарзнинг ҳақиқий тўқмоғи” бўлган бирорта банд ўтиб кетиб қолмаслиги учун фоиз ва “неустойка”лардан ўзини ҳимоя қилишнинг мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган йўлларини қидириб юрарди. Президент қарори бундай иллатга ҳам чек қўяётганини – банк-мижоз муносабатларининг янги миллий босқичига чиққанидан далолат беради.

Биз банк соҳасидаги инқилобий ислоҳотларнинг иккинчи ва муҳим босқичига чиқдик. Зеро, 2017 йилда хорижий сармоядорлар, халқаро молия институтлари ва жаҳон банкининг нуфузли мутасаддилари Ўзбекистонда банк тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни “валюта бозорини либераллаштиришнинг сентябрь ислоҳоти – Марказий Осиёдаги мисли кўрилмаган жасоратли қадам” деб баҳолаган эди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда банк тизимида юртбошимиз ташаббуси билан халқ розилигини таъминлаш, унинг нафақат эртанги кунини, балки бугунини ҳам ёруғ ва бахтли қилиш йўлида кескин чоралар кўрилди ва бу хайрли қадамларнинг меваларини халқимиз ўз кўзи билан кўрмоқда.

Чунончи, “2017 йил сентябрь ислоҳоти” туфайли мамлакатда тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишига қулай шароитлар яратилди, чет эл валютасида ажратилган кредитларни банкларнинг кредит сиёсати ва ўзаро келишув асосида исталган валютада қайтариш имконияти очилди, валюта бозорини либераллаштириш бўйича давлат иқтисодий сиёсатининг энг муҳим йўналишларининг тўлиқ ижроси таъминланди, ташқи савдонинг барча қатнашчилари ҳам ҳуқуқий, ҳам иқтисодий жиҳатдан тенглаштирилди, ўз-ўзидан бу – мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштиришга, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда “замон зайли” деб аталадиган яна бир йирик лойиҳага асос солинди – маҳаллий ва халқаро банк карталари бўйича ҳисоб-китоблар иштирокчилари ўртасида ахборот ва технологик ўзаро муносабатларни боғлайдиган Миллий банк процессинг марказини яратиш концепцияси ишлаб чиқиладиган бўлди,  Ўзбекистоннинг сўнгги икки йиллик одимлари юртимизни 2030-2040 йиллар марраларига янада яқинлаштирмоқда.

Тасаввур қилинг, қарорнинг еттинчи бандида келтирилган янги механизмлар асосида айнан шундай амалиётнинг минтақада биринчи бўлиб қўлланилиши, давлатимизни яқин 5 йил ичида Марказий Осиёдаги минтақалараро хавфсиз транзакцияларни таъминловчи “банк хаб”ига айлантириши мумкин. Ўйлаймизки, бундай муҳим ҳужжатнинг тезкорлик билан ҳаётга татбиқ этилиши яқин истиқболда юртимизни минтақада етакчи банк-молия тузилмасига айлантирибгина қолмасдан, балки ўрта синф вакиллари, электоратимиз – тадбиркорларнинг, қолаверса, бутун халқимизнинг турмушини фаровон қилишда муҳим ўрин тутади.

Адҳам ШОДМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси,

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар

қўмитаси раиси

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1641
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Хислат Зайниддинов2018-04-20 16:49:23

Банклардаги ижобий ўзгаришларни ҳар биримиз ҳис қилиб турибмиз. Ўтган йиллардаги каби нақд пул муаммоси, кредит ажратилишдаги муаммолар йўқ бўлмаган бўлсада анча камайган. Президентимизнинг сайи ҳаракатлари ва бизнинг қуллаб-қувватлашимиз билан бизнинг банкларимиздаги ҳолат ҳам чэт эл банкларидан қолишмаётган кунлар келади алббатда.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+