Бизнес омбудсман — тадбиркорларнинг ишончли ҳимоячиси

30.08.2023, 11:12

Бизнес омбудсман — тадбиркорларнинг ишончли ҳимоячиси

Бугун тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиш ҳолатлари кескин камайганлигини нафақат статистик рақамларда, балки тадбиркорларнинг бу борадаги муносабатларида ҳам кўриш мумкин.

Кейинги йилларда қонунчиликка тадбиркорлар ва хусусий мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани, G2B муносабатларда инсон омилини камайтириш бўйича эришилган натижалар ҳамда тадбиркорлик фаолияти субъектлари ҳуқуқининг устуворлиги тамойили муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаш жоиз.

Шунингдек, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга қатор муҳим ваколатлар берилганлиги, ушбу йўналишда янги институтлар ташкил топганлиги туфайли тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилувчи органларда илгаргидек истаган пайтда ўз хоҳишича тадбиркор эшигини тақиллатмасдан кириб бориш имкони йўқ, бунинг учун уларда илгаригидек журъат ҳам йўқ.

Боиси, 2017 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (Бизнес-омбудсман) томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш ва тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашиш ҳолатларига қатъий чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, тадбиркорлар манфаатида судларга жами 24 млрд. сўмлик 74 та даъво аризаси киритилган, бунинг натижасида улар фойдасига 12,9 млрд. сўм ундирилиши белгиланган. Мурожаатларни кўриб чиқишда қонун бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан 1 минг 675 та таъсир чоралари қўлланилиб, тегишли идораларга 81 та тақдимнома киритилди.

Шу билан бирга, ўтган давр мобайнида Бизнес-омбудсман томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид 1,5 мингга яқин баённома тузилган, назорат қилувчи органлар томонидан текширувларни ўтказиш учун келиб тушган буюртмаларнинг 900 га яқини етарлича асослар мавжуд бўлмагани сабабли рад этилган.

Зиммасига тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг текширувларини мувофиқлаштиришни ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувлари ўтказилишининг қонунийлиги устидан назоратни амалга ошириш каби жуда муҳим ва мураккаб вазифалар юкланган Бизнес омбудсман бугунги кунда   тадбиркорларнинг чинакам дўстига айланган.

Тадбиркорлик субъектларининг Бизнес омбудсманга бўлган ишончини келиб тушган мурожаатлар сони ва таркибидан ҳам билиш мумкин. Хусусан, 2022 йил давомида тадбиркорларнинг 9 минг 850 та мурожаати кўриб чиқилиб, шундан 48 фоизи бўйича тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди, 4 минг 616 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Юқорида келтирилган рақамларда кўринадики, Бизнес омбудсман мамлакатда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга оширишда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Бизнес омбудсман тадбиркорларнинг ишонадиган ва суянадиган энг яқин ҳамкорига айланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда илғор ҳорижий тажрибалардан келиб чиқиб бизнес-омбудсман институти таъсис этилиши натижасида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувини олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлашга эришилди.

Ботир  МАРДАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    275
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+