Соғлом ва баркамол авлод — ёрқин келажак бунёдкори

31.08.2023, 10:54

Соғлом ва баркамол авлод — ёрқин келажак бунёдкори

Дунёда она учун боладан, бола учун онадан улуғ зот йўқ. Бу иккала тушунча бир-бири билан шунчалик чамбарчас боғлиқки, гўё эт билан тирноқдек. Уларни ҳеч қачон бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Зеро, бола она бағрида бахтли.

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ оналар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса, охирги етти йилда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларнинг саломатлик кўрсаткичларини яхшилашга қаратилган улкан ишлар қилинди.

Инсон манфаатлари йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижасида соғлиқни сақлаш тизими тубдан такомиллашиб бормоқда. Айни вақтда 17 млн. нафардан ортиқ аёлларга 22,3 минг ўринга эга 227 та туғруқ муассасалари, 18 ёшгача бўлган 11 млн. нафар болаларга 13,3 минг ўринга эга 245 та педиатрия муассасалари хизмат қилмоқда.

Тиббий-санитария муассасаларида “Аёллар маслаҳатхона”лари, туман ва шаҳарлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларда “Онко-назорат хона”си ҳамда “Қизлар саломатлик марказ”лари фаолият юритяпти.

Ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида аёлларни оммавий тарзда ультратовуш текшируви нафақат вилоят миқёсида, балки туман ва шаҳар миқёсида янги ташкил этилган пренатал скрининг хоналари орқали амалга ошириляпти. Юртимизнинг барча ҳудудларидаги кўп тармоқли марказий поликлиникалар, пренатал скрининг хоналари замонавий ультратовуш таҳлил аппарати билан жиҳозлангани ҳам бу борадаги микониятларни янада кенгайтирмоқда.

Ҳомиладорларни эрта даврда ҳисобга олиш 2023 йил 6 ойда 91,7 фоизни ташкил қилди. Шу даврда 1,9 млн. нафар хотин-қизлар онкоскрининг текширувидан ўтказилди. 5,9 млн нафар 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёлларнинг 662,3 минг темир ва 560,5 мингфолий препаратлари билан бепул таъминланди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида охирги беш йилда гўдаклар ўлими кўрсаткичи 2017 йилдаги 11,5 промилледан (1000 тирик туғилганларга нисбатан) 2022 йилда 8,7 промиллени (1,4 баробар), оналар ўлими кўрсаткичи 2017 йилдаги 21 промилледан (100 минг тирик туғилганларга нисбатан) 2022 йилда 13,9 промиллени ташкил этиб, 1,4 баробар камайди.

Шунингдек, эшитиши заиф ва туғма карликни даволаш мақсадида 2023 йил 6 ойда 5 ёшгача бўлган 164 нафар болаларда кохлеар имплантация амалиётлари ўтказилди. Президентимизнинг 2021 йил 28 июлдаги тегишли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда 46 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг туғуруқ бўлимлари негизида туманлараро перинатал марказлар амалдаги штатлар доирасида ташкил этилди.

2022 йил 1 июлдан эса оилавий шифокор пунктлари ва туман ҳамда шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари “тиббиёт бригадалари” таркибида 8 500 нафар патронаж ҳамшира-доя фаолияти йўлга қўйилди. Жорий йилнинг сўнггига қадар ҳомиладор аёллар ва болаларга ҳудудидан қатъи назар, кафолатланган бепул тиббий хизматдан фойдаланиш имкони яратилади.

Йил якунига қадар болалар, ўсмирлар ва ҳомиладор аёлларни 7 турдаги витамин ва минераллар билан бепул таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида такрорланувчи хизмат турларини оптималлаштириш ишлари олиб борилади. Бу ўз навбатида, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

Умуман олганда, кейинги етти йилда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат оналик ва болаликни тизимли равишда муҳофаза қилиш имконини яратди. Натижада оналар ва гўдаклар ўлимининг камайишига эришилди. Зотан, ҳомиладор аёллар ва ёш болаларга кўрсатилаётган ғамхўрликни янада кучайтириш миллат соғлигини таъминлашга катта ҳисса қўшади.

 Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари  қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    292
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+