Вақтни – имкониятга, имкониятни – ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантира олган халқ – буюк халқдир

04.09.2023, 11:32

Вақтни – имкониятга, имкониятни – ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантира олган халқ – буюк халқдир

Айни кунларда жонажон диёримизнинг барча гўшаларида Истиқлол байрами шукуҳига тўйинган кўтаринкилик кайфияти ҳукмрон. Бу ҳол айниқса, бугун расман бошланган янги ўқув йилида айниқса яққол кўзга ташланмоқда. Мустақиллик дарсларига ташриф буюрган  раҳбарлар, таниқли ижодкорлар билан бир қаторда, депутатларимиз ва партиямиз фаоллари ҳам моҳиятан – Озодлик ва Ҳурлик,  мазмунан – Тинчлик ва  Бунёдкорлик, Фаровонлик  ва Янгиланиш тушунчаларини қамраб олган айём ҳақида ўқувчиларга сўзлаб бермоқдалар.

Мустақиллик дарсларида айниқса, Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 32 йиллик тантаналарида сўзлаган нутқининг  мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтилмоқда.

Яқин-яқингача ўқув йилининг бошланиши мактаб педагогик  жамоатчи ва ўқувчиларнинг ота-оналари учун пахта йиғим теримига боғлиқ ташвишларни етаклаб келарди.

Президентимиз ўз нутқида таъкидлаганидек, “Ўтмишга назар ташлар эканмиз, аччиқ бир ҳақиқатни тан олишга мажбурмиз: “ўзбек” деганда, фақат эртаю кеч пахта даласида меҳнат қиладиган заҳматкаш инсонлар тасаввур қилинар эди. Афсуски, шу даражага тушиб қолган эдик.

Пахта ҳукмронлиги ўзбекнинг пешонасига ёзилган бало бўлди. Пахта сиёсати Оролни қуритди, экологиямизни инқирозга олиб келди, иқтисодиётимизни, таълим тизимини издан чиқарди. Оқибатда бир неча авлод чаласавод бўлиб вояга етди. Биз бунинг асоратлари билан ҳалигача курашяпмиз.

Бугун пахтачиликда бозор иқтисодиёти тамойиллари жорий этилиб, соҳа ўз эгасини топди. Натижада ўқитувчи мактабга, шифокор шифохонага қайтди, тадбиркорлар пахта “ўлпони”дан озод бўлди, мажбурий ва болалар меҳнатига чек қўйилди. Ўзбекистон халқаро “қора рўйхатлар”дан чиқарилди”.

Умуман истиқлол йилларида, айниқса, сўнгги етти йилда ҳаётимизга кириб келган, турмушимиз ва дунёқарашимизга таъсир қилган, воқеа ва ҳодисаларга ўзгача кўз билан қарашимизга сабаб бўлган ўзгариш ва янгиланишларнинг асл сабаби ҳам халқимизнинг энг катта бахти – ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқининг мавжудлигидир.

Мустақиллик – аждодларимиз  асрий курашларининг, орзу армонларининг ифодаси бўлдиши билан бирга, бугунги замондошларимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод учун жуда катта тарихий имконият ҳамдир.

Байрам тантаналаридаги сўзлаган нутқида Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Биз бугун билан кечаги кунни эмас, бугун билан эртанги кунни таққослашимиз, ишимизни шу асосда ташкил этишимиз керак. Чунки, келажак бугун биз ташлаётган қадамлардан бошланади”.

Янги Ўзбекистон остонаси эса – мактаблардан бошланиши сир эмас. Шу сабаб, бугун мустақиллик шодиёналарининг янги ўқув йили тантаналари билан уйғунлашиб кетганида ҳам ўзига хос маъно бордек.

Маълумки, Президентимиз раҳнамолигида халқимиз бир йил аввал мамлакатимиз тараққиётимизнинг 5 та асосий йўналишини белгилаб олди. Энг муҳими, унда таълим соҳасини ривожлантириш биринчи галдаги устувор вазифа сифатида қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари бежизга таълим, таълим, муаллим, муаллим, деб бот-бот такрорламайдилар. Чунки таълимни ривожлантирмасдан туриб юксак тараққиётга эриша олмаймиз. Ҳар қандай муаммонинг ечими ҳам, эртанги кунимизни ҳал қилувчи омили ҳам, шубҳасиз, таълимдир.

Бу борада амалга оширилаётган ишлар кўлами эса анчагина салмоқли. 2022 йили мамлакатимизда 72 та янги мактаб қурилди, 279 таси капитал таъмирдан чиқарилди, 514 та мактаб эса реконструкция қилинди. Бу рақамларни яна анчагина давом эттириш мумкин.

Жиззах вилоятида ҳам Инвестиция дастури доирасида 18 та мактаб, 17 та мактабгача таълим масканлари қурилиши молиялаштрилган.

Янги ўқув йилидан республикамиз мактабларида хориждан махсус таклиф этилган 500 нафар инглиз тили мутахассислари болаларимизга дарс беришишга киришиши эса, таълим сифатини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.  

“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” учун шиори остида кутиб олинган Мустақиллигимизнинг 32 йиллик санаси, барчани, айниқса, ёш авлодни белгилаб олинган  улкан марраларни эгаллашга, мамлакатимизни  энг ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишда камарбаста бўлишга ундамоқда.

Зеро, Президентимиз таъкидлаб ўтганларидек: Вақтни – имкониятга, имкониятни – ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантира олган халқ – буюк халқдир”.

Эркин Холматов,

O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги

O‘zLiDeP  депутатлик гуруҳи раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    311
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+