Мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати

08.09.2023, 10:57

Мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати

Қаерда қонунлар халқ манфаатларига хизмат қилса, адолат тамойиллари асосига қурилса, ўша юртда аҳоли фаровон яшайди, юрт тараққий этади. Конституция эса барча демократик давлатларда олий юридик кучга эга ҳужжат ҳисобланади.

Унда давлат тузилиши, шунингдек қонун чиқарувчи, ижро этувчи органлар ва суд ҳокимияти ваколати, сайлов тизими, фуқаронинг ҳуқуқи, бурчи ва мажбурияти, жамият ва шахс, давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатга доир энг муҳим жиҳатлар қатъий белгилаб қўйилади.

Бош қомусимиз биз учун нафақат назарий-ҳуқуқий ҳужжат – бурч ва мажбуриятларимиз мажмуаси, балки ҳаётимизни фаровон этиш, ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни таъминлаш, жамиятда қонун устуворлигини ўрнатишнинг энг ҳаётбахш манбасиҳамдир. У давлатнинг юзи, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг асосий кафолатидир.

Шу боис, ҳар қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат — қонун, фармон, қарор ёки бошқа бўладими авваламбор Конституцияга асосланади. Бу бежис эмас, албатта. Зеро, Конституция – давлатнинг асосий қонуни бўлиб, шахс, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатларини тартибга солади.

Лекин унинг нормаларини жамиятда тўғридан-тўғри амал қилинишига давлат бошқарувида қонуности ҳужжатларининг ҳаддан зиёд кўпайиб кетгани ва улардан айримларининг бир-бирига зид бўлиб қолиши ҳолатлари учрамоқда.

Шу билан бирга, Конституция нормаларига бевосита амал қилинмай, бунинг ортидан бюрократик тўсиқлар пайдо бўлаётгани кузатилиб туради. Бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида янги таҳрирдаги Конституциянинг 15-моддасида Конституция мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қиладиган ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши белгиланди.

Шу жиҳатдан, Олий судга бир қатор вазифалар юклатилган. Бунда, Олий суд одил судловни амалга оширишда судлар томонидан конституциявий нормалар тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида барча инстанция судлари томонидан ишларни кўриб чиқишнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида қўллаш юзасидан ягона суд амалиёти тўғрисидаги Олий суд Пленуми қарори қабул қилиниши назарда тутилган.

Айни чоғда Олий суд томонидан мазкур Пленум қарори устида ишланмоқда. Шунингдек, Бош қомусимизда белгиланган янги нормаларнинг амалиётга тўлиқ ва сифатли жорий қилинишини таъминлаш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, одил судловга эришишни кенгайтириш мақсадида шахсларга суд томонидан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш ҳақидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқи мустаҳкамланди. Бу ўз навбатида, янги Ўзбекистоннинг бугунги ҳаёти ва эртанги тақдири, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари изчил амалга оширилиши ва инсон ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланиши учун хизмат қилади.

Мазкур норма билан агарда бирор-бир фуқаро ёки юридик шахснинг фикрича, уларнинг иши маъмурий, жиноий, иқтисодий ёки фуқаролик судларда кўрилиб, ишни судда кўришда биринчидан, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилаётган бўлса, иккинчидан, Конституцияга мувофиқ келмаса, учинчидан, судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса, тўртинчидан, судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса қўлланилган амалдаги қонунни Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисида шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш имконияти яратилди.

Мухтасар айтганда, бугун янги таҳрирдаги Конституция фуқаролар ҳуқуқларини кафолатлайдиган асосий ҳуқуқий ҳужжатга айланди. Бу эса унинг бошқа қонунлар ва норматив ҳужжатлардан устунлигини белгилайди. Демак, барча қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция қоидаларига зид келмаслиги керак. Зотан, у ҳар бир инсоннинг яшаш, эркинлик, тенглик, адолат ва конституцияда белгиланган бошқа кўплаб асосий ҳуқуқларини кафолатлайди.

Сардор  ҒИЁСОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати 

  • Кўрилди
    223
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+